O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Демократик ислоҳотларнинг янги босқичи

Бугун йигирма йиллик мустақил тараққиёт йўлимизни холисона баҳолар эканмиз, иқтисодиётимиз изчил ривожланиб, унинг барқарор ўсиш суръатлари тобора юксалаётгани, аҳоли фаровонлиги йилдан-йилга ошиб бораётганининг гувоҳи бўламиз. Қувонарлиси, эришилган мазкур ютуқ ва марраларимиз дунё жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Чунончи, ўтган йиллар мобайнида ялпи ички маҳсулот 3,5, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,5 баравар ўсди, ўртача иш ҳақи 14 баравар ошди. Давлатнинг ижтимоий соҳа ва ижтимоий муҳофаза учун сарф-харажатлари 5 баравардан зиёдроқ кўпайди. Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, ўта оғир юқумли касалликларга барҳам бериш ҳамда уларни камайтириш борасида қатъий чоралар кўрилди. Оналар ўлими даражаси 2 баравардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баравар камайди. Ушбу даврда, яъни қарийб 20 йил мобайнида аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди. Буларнинг барчаси, табиийки, биз танлаган ва “ўзбек модели” деб ном олган мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи яққол тасдиқлаб турганидан далолатдир.

Энг муҳими, ҳаётимизни мафкурадан тўла холи қилиш, қонуннинг ҳамма учун устувор бўлиши тамойили турмушимиз асосига айланиб, одамларнинг онгу шуури, тафаккури, ҳуқуқий, сиёсий фаоллиги, маданияти юксалди. Бугунги кунда одамларимиз, уларнинг ижтимоий онги, ҳаётга муносабати тобора ўзгармоқда, ватандошларимизнинг сиёсий етуклиги, юртимизда ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти, дахлдорлик ҳисси ошиб бормоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу ўзгаришлар, эврилишлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, жамиятни модернизация қилиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар билан уйғун тарзда юз берди. Зеро, сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқариш бевосита фуқароларнинг онги, тафаккуридаги ўзгаришлар самараси ҳамдир.

Маълумки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонуни қабул қилиниб, бугунги кунда ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжат давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш ҳамда парламент ислоҳотларини чуқурлаштиришда янги босқични бошлаб берди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, бунда сиёсий партияларнинг қатнашиши ва парламент ролининг ошиши, Бош вазирнинг ҳисоботлари парламентда эшитилиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар тўлиқ асосда конституциявий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.

Чунончи, Конституциямизнинг янги таҳрирдаги 78-моддаси 15-бандига биноан, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатларига киритилди. Бу конституциявий қоида парламентнинг ижро ҳокимиятига таъсирини янада ошириб, ҳукумат фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг самарали бўлишини таъминлайди, албатта.

Концепцияда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, айниқса, ижро этувчи ҳокимият фаолиятлари устидан парламент назоратининг такомиллаштирилишига оид ғоя ва йўналишларнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, мамлакатимизда чинакам кўп партиявийлик шакллана боради ва сиёсий партиялар нафақат жамият, балки давлат ишларини бошқаришда ҳам ҳал қилувчи ўринга эга бўлади. Айни пайтда жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтларининг, хусусан, сиёсий партияларнинг ўрни ва роли мустаҳкамланиши ушбу тузилмаларнинг жамиятдаги янгиланиш жараёнлари, жумладан, ўз электоратлари ҳаётини янада яхшилаш бўйича масъулият ва жавобгарлик ҳиссини оширади. Қолаверса, ижро ҳокимияти тизимига кирувчи органлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг ўзларига топширилган соҳада қонунларнинг тўла ва оғишмай ижро этилиши учун масъулиятини кучайтиради.

Шу боисдан Олий Мажлис палаталари томонидан Бош вазир ҳисоботларининг объектив, холисона, конструктив муҳокама этилишини таъминлашнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бунда, айниқса, ҳукумат томонидан тақдим этилаётган ҳисоботларни тинглашда сиёсий партиялар ўз сайловолди платформаси ва партия дастурида белгиланган устувор вазифалар, шу жумладан, электоратнинг манфаатларини кўзда тутувчи омиллардан келиб чиққан ҳолда ёндашиши айни муддаодир. Зеро, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партияларнинг давлат аҳамиятига эга энг муҳим масалалар ечимини топишдаги роли ва таъсирини кучайтириб, ўз электорати манфаатларини янада фаолроқ ҳимоя қилишни кун тартибига қўймоқда. Негаки, бугун сиёсий партияларнинг жамиятда обрў-эътибори ошиб, мавқеи тобора мустаҳкамланаётир. Улар давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб борувчи муҳим бўғинга айланмоқда. Сиёсий партиялар томонидан жойларда ҳамда марказда давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг мақбул тизимини яратибгина қолмасдан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазасини кучайтиради.

Шу ўринда Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик органи эканлигини қайд этиш лозим. Сенаторлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари бўйича ҳукумат раҳбари ҳисоботини эшитаётганда, ўз ҳудудлари талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, муҳокамага киришиши мақсадга мувофиқдир. Бунда, айниқса, жойларда амалга оширилаётган ишлар, ечимини кутаётган масалалар юзасидан ахборот сўраши, зарур ҳолларда, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдириши зарур.

Хулоса ўрнида айтганда, Концепция асосида Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани парламентга, қўмиталарга, Олий Мажлис аъзоларига улкан масъулият юклайди. Зеро, ушбу тузатишлар парламент ваколатларини кенгайтириб, жамиятда қонун устуворлигини ҳамда қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳ. АЛИМОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 16.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati