O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот

2011 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев ҳисобот берди.

Мажлис иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланганидек, мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва 2010 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузада баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддалар)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалда рўёбга чиқариш доирасида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига киритилган ўзгартишларга биноан Олий Мажлиснинг палаталари бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир ҳисоботини эшитиш ҳуқуқига эгадир. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг бўлиб ўтган қўшма мажлиси марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назоратини такомиллаштиришнинг, давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмларини янада ривожлантириш, мамлакатимизда кенг миқёсидаги демократик ислоҳотларни ўтказишда Олий Мажлис ролини оширишнинг муҳим омили бўлган мазкур модда қоидаларини амалда рўёбга чиқаришда илк қадам бўлди.

Мажлисда Ҳукумат томонидан мунтазам равишда ва изчил иш олиб борилаётгани таъкидланди. Чунончи, 2011 йилнинг биринчи ярмида “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномалар бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги ва бошқа қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, парламентга киритилди.

Мажлис қатнашчилари жорий йилнинг биринчи ярмида 22,8 мингдан зиёд кичик бизнес корхоналари рўйхатга олинганлигини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 331,2 мингта иш ўрни ташкил этилганлигини таъкидладилар. Кичик бизнес корхоналарининг саноат ишлаб чиқариши ҳажми 20,4 фоизга кўпайди, маҳсулотни экспорт қилиш ва ўз маҳсулотини биржа савдолари орқали сотиш ҳажмлари – 1,5 бараварга ошди. Кўрсатиб ўтилган ва бошқа бир қатор мунтазам чора-тадбирлар натижасида 2011 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоизни ташкил этди, истеъмол товарлари ишлаб чиқариши 12,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 6,7 фоизга, чакана товар айланмаси – 14,6 фоизга ва хизматлар кўрсатиш – 14 фоизга кўпайди.

Шу билан бирга, ошкора мулоқот ва амалий фикр алмашинуви жараёнида сенаторлар ва депутатлар бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш вазифаларини бажаришга қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан бир қатор фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирдилар. Чунончи, қонунларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини мониторинг қилишга доир ишларни кучайтириш, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига ғайриқонуний аралашувларга йўл қўймаслик, шунингдек тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесни эркин ривожлантириш учун юқори даражада қулай ишчанлик муҳитини шакллантириш, бюрократик ғовлар ва тўсиқларни бартараф этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мажлис давомида таъкидландики, Ҳукумат ҳисоботини эшитишда тадбиркорлар, олимлар, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятида ошкоралик, очиқ-ойдинликни таъминлаш, қабул қилинадиган қарорлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Ҳукумат ҳисоботини эшитиш якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Қўшма қарори қабул қилинди, унда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, шунингдек «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурини амалда рўёбга чиқариш соҳасида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қоидаларини ижро этувчи ва вакиллик органлари томонидан сўзсиз бажаришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи белгилаб берилди.

ЎзА, 15.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati