O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

15.06.2011

Аҳоли саломатлиги — устувор вазифа

 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида таъкидлаганидек, парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа, бу — қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир.
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган қўшма мажлисида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, соғлиқни сақлаш, экология соҳасидаги давлат дастурларининг Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ижро этилишини ўрганиш натижалари Юртбошимизнинг мана шу талаблари асосида муҳокама қилинди.
Мажлисда таъкидланганидек, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида мазкур қонунлар ва давлат дастурларининг ижро этилишини таъминлаш мақсадида муайян ишлар олиб борилаётир.
Хусусан, Сурхондарё вилоятида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонун нормалари талабларини ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат дастурларида назарда тутилган чора-тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, 2 миллион 114 минг кишилик нуфусга эга вилоятда ҳозирги кунда қишлоқ врачлик пунктлари сони 243 тага етган. Бу 2000 йилдагига қараганда икки баравар кўпдир. Вилоятда 68 та шифохона, 67 та амбулатория-поликлиника, 16 та давлат санитария-эпидемиология назорат маркази аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келаётир. Ўтган йили вилоят амбулатория-поликлиника тармоғи муассасаларида 1,5 миллион кишидан ортиқ, жумладан, салкам бир миллион нафар қишлоқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилган.
Тошкент вилояти аҳолисига ҳам 394 та даволаш-профилактика муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилнинг январь — февраль ойлари давомида вилоятдаги 721 минг нафардан ортиқ фертил ёшидаги аёлларнинг 195 минг нафардан зиёди тиббий кўрикдан ўтказилиши натижасида 60 минг нафарга яқин аёл даволаш-соғломлаштириш тадбирларига жалб этилди.
Мазкур вилоятларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, экология соҳасидаги давлат дастурларининг Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ижро этилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳам бу йўналишда тизимли ҳамда аниқ мақсадга қаратилган ишлар амалга оширилаётганлигини кўрсатмоқда. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 19 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини ижро этиш мақсадида, Термиз шаҳридаги оқова сувларни тозалаш иншоотининг иккинчи навбати қурилиши тугатилди. Бунда 1 миллиард 200 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Термиз тумани Каттақум массивининг 732 гектар майдонида кўчма қумларни ушлаб қолиш мақсадида саксовул ва черкес кўчатлари экилди. Пскент тумани ва Олмалиқ шаҳри аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида, 21 километрлик сув тармоғи таъмирланди. Оққўрғон, Чиноз, Бекобод туманларидаги марказий шифохоналарда сув тозалаш иншоотларини қуриш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддаси талабларини ижро этиш мақсадида, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари табиатни муҳофаза қилиш вилоят қўмиталари томонидан тегишлича назорат ўрнатилган.  
Шу билан бирга, сенаторлар ушбу қонунлар ва тегишли давлат дастурлари ижро этилишини таъминлашда мавжуд бўлган камчиликларга ҳам эътиборни қаратдилар. Хусусан, иккала вилоятнинг айрим туман ва шаҳарларида, шу жумладан, Ангор, Бойсун, Сариосиё, Қумқўрғон, Бекобод туманлари ҳамда Ангрен шаҳрида фертил ёшидаги аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, болалар ўлимини камайтириш бўйича профилактика ишлари етарли даражада олиб борилмаётир. Айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари, хотин-қизлар қўмиталари ўз фаолиятларида аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларига доир қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга кам эътибор қаратмоқда, шифо масканлари эса фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириши айни заруратдир. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7-моддасида белгиланган ваколатларни оғишмай амалга ошириш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янада кучайтириш талаб қилинади. Шу билан бирга, қўшни давлатнинг “Тожикистон алюмин компанияси” давлат унитар корхонаси томонидан атмосферага фторид водородини чиқариши давом этаётганлиги туфайли Сурхондарё вилоятининг чегарадош Сариосиё тумани ҳудудида экологик вазият ёмонлигича қолмоқда.
Мажлисда сенаторлар юқорида айтиб ўтилган қонунлар ва соғлиқни сақлаш, экология соҳасидаги давлат дастурларининг ижро этилишини таъминлаш ишларини янада кучайтириш, аҳоли соғлиғини сақлаш сифатини яхшилаш, фертил ёшидаги аёллар орасида касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини, аҳолининг тиббий ва экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари ишини фаоллаштириш, соғлиқни сақлаш органлари, табиатни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар қўмиталари ва фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидладилар.        
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.
Қўшма мажлис ишида сенаторлар, халқ депутатлари Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари Кенгашлари депутатлари ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ходимлари, олимлар ва экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati