O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

15.02.2011

Муносабат

Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир

 

Ҳаётда ҳамма нарса муқояса, яъни таққос орқали намоён бўлади. Халқимиз, айниқса, катта авлод вакиллари бугунги фаровон турмушимизни кечаги кун билан қиёслаб, уни қадрлаш кераклигини жуда яхши англашади. Зеро, Ўзбекистон илгари марказнинг хом ашё етказиб берадиган қолоқ ўлкаси бўлганлиги кўпчиликка аён. Айнан ­таназзулга учраган тизимдан бизга, Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил якунларига бағишланган мажлисида таъкидлаганидек, бир томонлама ривожланган, фақат хом ашё етиштиришга йўналтирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авжига чиққан, ишлаб чиқариш ва социал инфратузилмаси ўта қолоқ, аҳоли жон бошига истеъмол кўрсаткичи энг паст бўлган иқтисодиёт мерос бўлиб қолган эди...

Мамлакатимиз яқин ўтмишда қандай бўлганинию бугун қандай ютуқлар, марраларни қўлга киритаётганини таққослаб, албатта, бу улкан ўзгаришлар, юксак натижаларга ўз-ўзидан эришилмаганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳозир юртимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, яратувчанлик борасидаги натижаларимиз эътироф этилмоқда. Айниқса, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида юртимизга ­ташриф буюрган хорижлик киши бугунги кунда яна мамлакатимизда бўлиб, “Бу ўзининг буюк келажагига ишонган, интилган замонавий, мутлақо янги мамлакатдир”, дея алоҳида таъкидламоқда.
Албатта, бу натижалар, марраларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Буларнинг бари — халқимизнинг заҳмати, улкан меҳнати самарасидир. Зеро, айнан мана шу меҳнат Ўзбекистонни иқтисодий қолоқ мамлакатдан, замонавий саноатлашган давлатга айлантирди.
Буларни Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлисидаги маърузасида келтирилган рақамлар ҳам тасдиқлаб турибди: агар ўн йил олдин, яъни 2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноатнинг ҳиссаси атиги 14,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 24 фоизга етди. Энг муҳими, қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги ­улуши камайиб ­бораётган бир ­шароитда ушбу соҳада маҳсулот етиштириш юқори суръатлар ­билан кўпаймоқда.
Давлатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлидан изчил одимламоқда. Бунда, табиийки, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришнинг аҳамияти беқиёсдир. 
Бугун, маърузада таъкидланганидек, пахта ва ғалла каби стратегик аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги экинлари ­билан бир қаторда, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик ва ­балиқчилик ­соҳаларида ҳам етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми сезиларли ­даражада кўпайди, қайта ишлаш тармоқлари ва ички бозорни сут, гўшт, картошка, сабзавот каби энг муҳим озиқ-овқат ҳамда ­бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ­билан мўл-кўл таъминлаш учун ­мустаҳкам хом ашё базаси яратилаяпти.
Мамлакатимизда бу вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда соҳада ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш учун ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. ­Фақат 2010 йилнинг ўзида бу ­борадаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди ва бу 724 километрлик коллек­тор-­дренаж тармоқлари, 208 та ­мелиоратив қудуқни барпо этиш ва ­реконструкция қилиш, қарийб 14 минг километрлик ­коллектор-­дренаж тизимини таъмирлаш, қайта тиклаш ва 335 та замонавий мелиорация техникасини харид қилишда қўл келди.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ жойларда қулай ва барча коммунал хизмат шарт-шароит­ларига эга бўлган якка тартибдаги тураржой массивларини комплекс қуриш ишлари изчил олиб борилаётир. Биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида намунавий ло­йиҳалар бўйича тайёр ҳолда топшириш шарти билан 6 минг 800 та уй-жой қурилди. Янги массивларда қишлоқ аҳолисининг қулай ҳамда ­муносиб яшаши учун зарур бўлган юзлаб ижтимоий ва бозор инфратузилмаси иншоотлари фойдаланишга топширилди. 
Дарҳақиқат, бугун қишлоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Айни чоғда бу каби саъй-ҳаракатларни истиқболда янада кенгайтириш лозим бўлади. Чунки Юртбошимиз таъкидлаганидек, ­саноат билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш, унинг таркибига кирадиган деярли барча тармоқ ва ишлаб чиқариш корхоналарининг бутун комплексида техник ва технологик янгилаш ишларини амалга оширишга катта эҳтиёж сезилмоқда. Шу боисдан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини ошириш, чорвачилик, ғаллачилик, картошкачилик каби тармоқларда илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва уни амалда қўллашга, бизнинг иқлим шароитимизда ғоят муҳим аҳамият касб этадиган замонавий суғориш тизимлари ва энергияни ­тежайдиган технология­лардан ­фойдаланиш айни заруратдир.
Шу ўринда Юртбошимиз ташаббуси билан изчил амалга оширилаётган ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта ­жиҳозлаш, иқтисодиётнинг етакчи ­тармоқларини жадал янгилаш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлиги ва ҳосилдорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ислоҳотларнинг аҳамияти беқиёслигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Негаки, бу чора-тадбирлар мамлакатимизнинг жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан талафотларсиз чиқиши ҳамда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Албатта, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни рўёбга чиқаришда сенаторлар фаол иштирок этишади. Бунда нафақат конституциявий ваколатларимиздан самарали фойдаланамиз, балки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ­билан ҳамкорликда дастурларнинг жойларда бажарилишини чуқур таҳлил қилиб, мавжуд нуқсон ва камчиликларни изчил бартараф этиш ­чораларини кўрамиз. Зеро, барча саъй-ҳаракатларимизни бир ­мақсад йўлида сафарбар этсаккина, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадларимизни рўёбга ­чиқаришимиз мумкин бўлади.

Хамрабой РАЗЗАҚОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги
масалалари ва экология қўмитаси раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati