O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

YANGILIKLAR

Фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш аграр соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилади

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси, Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан Китоб туманида “Фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш ва ерларни оптималлаштириш масалалари” мавзуидаги семинар ўтказилди.

Тадбирда қайд этилганидек, ўтган йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, фермер хўжаликлари ерларини оптималлаштириш асосида йириклаштирилган ва иқтисодий жиҳатдан янада барқарор хўжаликлар вужудга келди. Ер, сув, моддий-техника ҳамда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига самарадорлик ва рентабелликнинг жадал ўсиши таъминланди, фермерларнинг молиявий-иқтисодий аҳволи яхшиланди. Буларнинг барчаси қишлоқ аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасининг ортишида намоён бўлмоқда. Эътиборлиси, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли фермер ернинг ҳақиқий эгасига айланди. Фермерларнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, уларнинг қишлоқдаги ҳал қилувчи кучга айланганлиги, меҳнатга, ҳаётга бўлган фаол муносабати бугунги эришилаётган ютуқларнинг асосий омили бўлмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришда фермер хўжаликларининг улуши 68 фоизни, шу жумладан, пахтачиликда 99 фоизни, дон етиштиришда 88,7 фоизни ташкил қилмоқда.
Қашқадарё вилоятида фермер хўжаликларини оптималлаштириш натижасида ҳар бир фермер хўжалигига тўғри келадиган ўртача ер майдони 57 гектардан 102 гектарга кўпайди.
Таъкидлаш жоизки, фермер хўжаликларининг самарадорлигини оширишда ва шартнома интизомини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги “Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Фермерларнинг профессионал тайёргарлигига, ажратилган ер майдонлари, сув ва моддий-техника ресурслари, қишлоқ хўжалиги техникасидан қанчалик самарали ва оқилона фойдаланаётгани таҳлил этилиб, самарасиз ва рентабеллиги паст бўлган фермер хўжаликлари фаолияти танқидий баҳоланаётир.
Мақбуллаштириш жараёнларида ҳақиқий фермер хўжаликлари ошкоралик билан 18 та кўрсаткич мезонларига асосан танлаб олинди. Натижада фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи яхшиланиб, рентабеллик кўрсаткичлари ва ҳосилдорлиги кескин ошди.
Қайта-қайта таъкидланаётганидек, мулкдорнинг мақомини, роли ва аҳамиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бугунги кунда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир. Фермер — қишлоқда етакчи деҳқон. Ернинг ҳолати, сарфланган меҳнат, етиштирилган ҳосил, унинг рентабеллик даражаси — булар фермер фаолиятининг асосий кўрсаткичидир. Қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқларнинг асосини айнан мана шу омиллар ташкил этади.
Семинар қатнашчилари фермер хўжаликларининг самарадорлигини ошириш, улар ихтиёридаги ер майдонларидан оптимал ва оқилона фойдаланиш борасидаги айрим камчилик ва муаммоларга эътиборни қаратдилар. Чунончи, фермерларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси ва механизмларини такомиллаштириш, мамлакатимиз, шунингдек, чет эллик ҳамкор ва инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, фермерлар етиштирган маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришда уларга амалий ёрдам беришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

А. МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 14.06.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati