O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

14.05.2011

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги

фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имконини беради

Демократик давлат қуриш ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш, айниқса, бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боисдан мустақилликнинг илк йиллариданоқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини, уларнинг фуқаролар билан интерактив фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, аҳоли ўртасида интернетдан фойдаланувчилар сонининг муттасил ўсиб бораётгани, замонавий технологияларнинг оммалашаётгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда қўл келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда қарийб 100 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари интернет тармоғида ўзларининг веб-сайтларига эга эканлиги, улар томонидан кўрсатилган он-лайн кўринишидаги интерактив хизматлар ҳажми 340 тани ташкил этаётгани ҳам ана шундан далолат беради. Зотан, ҳозирги глобаллашган ахборот макони шароитида фуқароларни тўлиқ, холис ва тўғри ахборот билан таъминлашнинг аҳамияти бениҳоя каттадир.
Шу сабабли ҳам Президентимиз Ислом Каримов томонидан Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида эълон қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да бу борадаги қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, бунда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур қонун фуқароларнинг мамлакатимиз Конституциясининг 
30-моддасида белгиланган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда айни муддаодир. Зеро, унда Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Дарҳақиқат, ушбу қонун фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кучайтиришга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги, оммавий ахборот воситаларининг бу борада жамоатчилик ҳамда парламент назоратини таъминлашдаги ролини янада оширишга замин яратади.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мазкур ҳужжатни амалга татбиқ қилиш соҳасини, ушбу ҳужжат доирасида ахборот тақдим қилишга мажбур бўлган субъектлар рўйхатини аниқ белгилаб қўйиш зарур. Шу билан бир қаторда, тақдим этилиши лозим бўлган ахборотлар, уларни тақдим қилиш тартиб-таомиллари, ижро ва вакиллик органлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида йиллик мурожаат ҳамда маърузалар кўринишида ахборотлар бериб бориш, сўров бўйича ахборот тақдим этиш қоидаларини (сўровни кўриб чиқиш тартиби ва муддати, сўров шакли, ахборот тақдим этишнинг шартлари), ахборот тақдим қилишни рад этиш асослари ҳамда ахборот тақдим қилишни асоссиз рад этиш устидан шикоят қилиш таомилларини аниқ кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Қонун лойиҳасида, шунингдек, давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг оммавий ахборот воситаларида ўз фаолияти ҳақида ахборот эълон қилиши, бундай ахборотларни интернетда жойлаштириши, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига дахлдор ахборотлар билан ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказларида ҳамда ўша ташкилотлар биноларида танишиши, фуқароларнинг, шунингдек, юридик шахслар, жамоат ташкилотлари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳайъат йиғилишларида қатнашиши каби масалалар ҳам қамраб олиниши зарур.
Шу кунларда турли экспертлар, ишчи гуруҳ мутахассислари томонидан ўрганилаётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш тартибларини аниқ белгилаб олиш мақсадга мувофиқдир.
Бу билан фуқаролар ва жамоатчилик ташкилотларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган, авваламбор, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб бориши таъминланади. Энг муҳими, у юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати очиқлиги ва ошкоралиги, мамлакатимиз ҳамда хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусидаги фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализм ривожланишида муҳим омил бўлади.
Албатта, бу мақсадларга эришиш давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиатузилмалар ишини фаоллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Чунончи, матбуот хизматларининг идора ва ташкилотлар ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашиши, ўз ташкилотлари фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаши, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида идора фаолиятининг долзарб жиҳатларини, тегишли соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритиш, интернет тармоғида идора веб-ресурсларини ташкил этиш, уларнинг самарали фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб қўйиш айни заруратдир. Шу билан бирга, идора фаолиятига нисбатан ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини таҳлил қилиб бориш бўйича масъулиятини белгилаб беради. Шу ўринда, қонун лойиҳасида ушбу хизматларда маҳаллий ва хорижий ОАВ журналистларини аккредитациядан ўтказиш тартибини, уларни тегишли ахборотлар билан таъминлаш қоидаларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Қонун лойиҳасида замонавий ахборот-коммуникация тармоқларидан самарали фойдаланиш масалаларини қамраб олиш ҳам мақсадга мувофиқ. Негаки, унда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг расмий интернет саҳифасида ёритиб борилиши лозим бўлган ҳужжатлар, маълумотлар ва ахборотлар рўйхатини аниқлаштириш, уларнинг даврийлиги ва мажбурийлигини кўрсатиш билан соҳа тараққиётини таъминлаш мумкин. Зотан, интернетнинг кундалик турмушимизга кенг кириб бораётгани, қолаверса, соҳадаги қонунлар ижросини таҳлил қилиш асносида айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилиши зарурлиги кўзга ташланмоқда.
Шу билан бир қаторда, ОАВнинг ахборот олиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, ахборот олиш соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш масалаларини қамраб олиш айни муддаодир. Зеро, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имконини беради.
Хулоса ўрнида айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг қонунчилик асослари яратилиши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ амалга оширишга хизмат қилади.

М. ТОИРОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati