O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

Юрт равнақи, турмуш фаровонлиги — давлатимиз бош молиявий ҳужжатининг асосий мақсадидир

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалардан бири — 2012 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджетидир.
Ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг изчил макроиқтисодий ривожланишини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал тараққий этишини, аҳолининг реал даромадлари барқарор ўсиши ва турмуш даражаси юксалишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятлидир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мустақиллик йилларида юртимизда узоқни кўзлаб пухта ишлаб чиқилган “ўзбек модели” асосида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида молиявий-иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичлари таъминланиб, аҳолининг турмуш даражаси изчил юксалиб борди. Иқтисодиёт тармоқларида эришилган ушбу ютуқлар, марралар, айниқса, ҳали-ҳануз дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб турган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ҳам барқарор давом этиб, халқаро экспертлар ва мутахассисларнинг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Чунончи, жорий йилнинг 2 — 15 ноябрь кунлари мамлакатимизда бўлган Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси Ўзбекистон молия тизимига юқори баҳо бергани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Миссия раҳбари — ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти бўлими бошлиғининг ўринбосари Вероника Бакалу хоним миссия иши якунлари тўғрисида баёнот бериб, Ўзбекистон 2000 йилларнинг ўрталаридан жадал ўсишга эришганини ва глобал молиявий инқирозга қарши самарали чоралар кўрганини алоҳида қайд этди. “Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда ўсиш суръатлари ўртача 8 1/2 фоизни ташкил этди ва бу Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш кўрсаткичидан юқоридир.

Қатор йиллар давомида кузатилган бюджет профицити, расмий захиралар даражасининг юқорилиги, давлат қарзининг камлиги, барқарор банк тизими ва халқаро молия бозорларидан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашиш мамлакатни глобал инқирознинг бевосита оқибатларидан ҳимоя қилди. Ҳисобот маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот ўсиши 2010 йилда 8 1/2 фоизни ва 2011 йилнинг сентябригача 8,2 фоизни ташкил этган”, дейилади, жумладан, миссия раҳбари тарқатган баёнотда.

Дарҳақиқат, бу рақамлар замирида Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат, банк-молия тизимининг тўғри йўлга қўйилгани, солиқ маъмуриятчилигининг изчил такомиллаштирилиб, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари жадал модернизация қилинаётгани мужассамдир.

2012 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджетида иқтисодиётни таркибий ўзгартиришни, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқаришни ривожлантиришни давом эттириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, чет эл инвесторлари учун янада қулай шароитлар яратиш, инфратузилмани, транспорт ҳамда коммуникация тармоқларини янада яхшилаш, хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини ва тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида урғу берилган.

Хусусан, 2012 йилда солиқ сиёсати хўжалик юритувчи субъектларга ва аҳоли даромадларига солиқ юкини янада пасайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш, солиқ солиш объектларини яшириш ва камайтириб кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалаларини қамраб олган. Унга мувофиқ, кичик бизнес субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида саноат соҳасидаги корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш кўзда тутилмоқда.

Фойда солиғини тўловчилар учун солиқ солинадиган базадан қўшимча чегирмалар назарда тутилган. Яъни юридик шахснинг ходимга тўлайдиган озиқ-овқат ҳамда йўл ҳақи учун харажатлар, бир йўла бериладиган мукофотлар ва таътилга қўшимча ҳақлар бўйича харажатларни чиқариб ташлаш белгиланмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирлар туфайли хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида қўшимча 20 млрд. сўмдан ортиқ маблағ қолади.

Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар учун белгиланган солиқ ставкаларини ўртача икки баравар камайтириш таклиф этилмоқда. Бу, табиийки, тармоқнинг янада изчил ривожланишига кўмак беради.

Шу ўринда келгуси йил учун бюджет сиёсатида ҳам ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Давлат бюджети барча харажатларининг қарийб 59 фоизи ижтимоий мақсадлар учун йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, бунда таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш, инфляцияни чеклаш ва инвестициявий фаолликни ўстириш имкониятлари, шубҳасиз, макроиқтисодий сиёсатга, банк тизими салоҳиятини мустаҳкамлаш, ислоҳ қилиш орқали унинг барқарорлигини оширишга бевосита боғлиқдир. Шу боис келаси йилда иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари сифатида банк кредитлари ўсишини таъминлаш, экспортга маҳсулот чиқарувчи корхоналарнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш, барқарор инвестиция муҳитини яратиш, таркибий ўзгартишларни чуқурлаштириш, реал секторда модернизация ва технологик янгилаш жараёнларини жадаллаштиришга алоҳида урғу берилмоқда.

Илмий тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг илмий тадқиқотлари натижаларини ҳаётга татбиқ этишдан манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, илмий тадқиқот буюртмачилари масъулиятини кучайтириш мақсадида илмий лойиҳалар учун грантларни бюджетдан молиялаштиришда янги тартиб жорий қилинмоқда. Бу тартиб, ўз навбатида, илмий грантларни амалга ошириш учун ажратилаётган бюджет маблағларидан янада оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

Шу ўринда келгуси йил учун марказлашган инвестицияларни жалб қилиш ҳамда улардан самарали фойдаланишга қаратилаётган чора-тадбирларни алоҳида қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Инвестиция маблағлари зарур ирригация иншоотлари қурилишини давом эттириш, соғлиқни сақлаш муассасаларини босқичма-босқич мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун сув тармоқлари ҳамда иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, қишлоқ жойларда янги барпо этилаётган тураржойлар ва у ердаги инфратузилмани ривожлантириш, республика шаҳарлари қиёфасини ҳамда инфратузилмасини яхшилаш бўйича кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Мухтасар айтганда, давлатимизнинг бош молиявий ҳужжати мамлакатимизнинг изчил тараққиётини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини, аҳоли реал даромадлари барқарор ўсиб, халқимиз турмуш фаровонлиги янада юксалишини таъминлашга хизмат қилади.

Х. БОЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 13.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati