O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар Фуқаролар ахборот олиш ҳуқуқининг Қонуний кафолати

Бугунги кунда мамлакатимизда ахборот соҳасида босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз таъкидлаганидек, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ҳамда эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу юртимизда демократик жамият асосларини барпо қилишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ҳар бир фуқаро фикрлаш, сўз ва эътиқод, шунингдек, истаган ахборотини излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди. Асосий Қонунимизнинг айнан шу нормасига мувофиқ, мустақиллик йилларида ўндан зиёд қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунлар эса аҳолининг ахборот олиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётгани билан алоҳида эътиборга моликдир.

Натижада оммавий ахборот воситаларининг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар юзага келиб, жамиятда фикрлар хилмахиллигининг қарор топишига йўл очди. Буни оммавий ахборот воситалари сони изчил кўпаяётгани, одамларнинг уларга қизиқиши кучаяётганида ҳам кўриш мумкин. Ахборот тарқатиш билан шуғулланадиган хусусий нашрлар, нодавлат теле ва радиостудиялар, агентликлар фаолияти йўлга қўйилди. Интернет ахборот алмашинувида энг қулай усул сифатида турмушимизни тўлиқ қамраб олмоқда.

Маълумки, инсон табиатан қизиқувчан, ахборотга ўч бўлади. Зеро, кўп нарсани билиш кишига воқеа-ҳодисаларни қиёслаш, оқилона хулоса чиқариш имкониятини яратади. Демак, илғор жамиятнинг асосий вазифаси фуқароларни керакли, фойдали ахборотлар билан ўз вақтида таъминлашдан иборат. Негаки, давлат, ҳукумат сиёсати тўғрисида мукаммал маълумотга эга бўлган киши амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашади.

Шу сабабли Юртбошимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ана шу мақсадлар рўёбида муҳим аҳамиятга эга. Чунки зарур ахборот билан ўз эҳтиёжини қондирган, ўз фикрини эркин ифода этадиган шахсгина жамият тараққиётига ҳисса қўша олади. Бошқача айтганда, ахборот ва сўз эркинлиги мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади.

Юртбошимиз таклиф қилган янги қонунлар, шубҳасиз, жамиятга янада жўшқинлик бағишлайди. Масалан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун, аввало, аҳолини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятидан хабардор этса, айни пайтда аҳоли билан ҳокимият идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган юқорида қайд этилган қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари ҳамда усуллари, уларни ошкор қилиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ.

Юқорида қайд этилганидек, бугун турмушимизнинг барча жабҳаларига интернет чуқур кириб бормоқда. Шу ўринда ҳар бир давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг расмий веб-сайтини ташкил этиш ҳамда уларда жойлаштирилиши мумкин бўлган ахборотлар доирасини белгилаб қўйиш зарур. Хусусан, бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, вазифалари, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотлар, тақдим этиладиган хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби, расмий тадбирлар, шунингдек, давлат идораси фаолиятига доир таҳлилий шарҳларни бундай ахборотлар сирасига киритиш мумкин.

Айни пайтда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг ҳисобот давридаги фаолият режалари, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотларни жойлаштириб бориш бугунги куннинг муҳим талабларидандир.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда аҳолининг ахборот олиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун бу имкониятларни янада кенгайтиради, албатта.

Фармон ТОШЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 13.10.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati