O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

12.04.2011

Концепция: устувор вазифалар

 

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ ВА МАҲАЛЛИЙ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИНИНГ ЯНГИЧА ТАЛҚИНИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» давлатчилигимиз тарихида яна бир янги ва ёрқин саҳифани бошлаб берди. Энг муҳими, Концепциядаги ғоялар мамлакатимиз аҳолисининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражаси ўсиб бораётган, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари жадал ривожланаётган бир даврда илгари сурилди.

Концепция парламент юқори палатаси бўлмиш Олий Мажлис Сенати ҳамда маҳаллий вакиллик органлари ўзаро ҳамкорлигини ҳам янги ва муҳим босқичга кўтариши, шубҳасиз. Зотан, Концепцияда белгиланган, Сенат ҳамда маҳаллий вакиллик органлари олдида турган вазифаларни ўзаро ҳамкорликни такомиллаштирмасдан туриб, самарали амалга ошириш мушкул.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ислоҳотларнинг жойларда рўёбга чиқарилишини таъминлаш, ҳудудларни ­ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти, ўрни ниҳоятда катта. Шу боис Президентимиз маҳаллий Кенгашлар, айниқса, доимий комиссиялар фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг амалдаги қонунчиликда белгилаб берилган ваколатлардан унумли фойдаланиши кераклигини алоҳида таъкидлайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция­­си»дан ҳам барчамиз учун устувор аҳамиятга эга бўлган қатор долзарб вазифалар келиб чиқади. Қисқача айтганда, мазкур Концепцияда белгиланган устувор йўналишлар ижросининг самарадорлиги жойлардаги депутатлик корпуси фаолиятига ҳам ­бевосита боғлиқ.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги Қарори билан янги таҳрирда тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом юқоридаги каби вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида ишлаб ­чиқилганлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти эски таҳрирдаги Регламентдан фарқли равишда маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг, улар олдига қўйилаётган янги вазифаларнинг барча жиҳатларини қамраб олган. Бир мисол, эски таҳрирдаги Регламент 53 та моддадан иборат бўлса, янги Регламент 79 та моддани ўзида жамлаган. Ушбу ўринда гап фақат моддаларнинг кўплигида эмас, улардаги қоидаларнинг такомиллашганида, қолаверса, маҳаллий Кенгашлар фаолияти давомида орттирилган тажрибалар асосида кўплаб янги қоидалар ­киритилганлигидадир.
Хусусан, янги таҳрирдаги Регла­мент­нинг 3-моддаси қоидаларига биноан, халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси халқ депутатлари Кенгаши депутатлари, халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари, ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари, ­тегишли ҳудудда жойлашган корхона, муассаса, ташкилот ва нодавлат ­нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари таклифлари, шунингдек, ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон ­Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Бу ўринда Сенат тавсияларига алоҳида урғу берилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир.
Регламентнинг 6-моддасида халқ депутатлари Кенгашининг асосий ваколатлари белгилаб берилгани фаолиятимиз билан боғлиқ амалиётда юзага келаётган кўплаб камчиликларни бартараф этишга, баҳсли масалаларга ойдинлик киритишга хизмат қилади. Демак, Регламентнинг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Кенгашига бир қатор ваколатлар берилган.
Жумладан, ҳоким халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг тақдимига биноан, маҳаллий бюджетни ва унинг ижро этилиши ҳақидаги ҳисоботни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболли дастурларини, вилоят, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уларни қуриш қоидаларини тасдиқлайди. Шунингдек, халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг ва қуйи халқ депутатлари Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш, халқ депутатлари Кенгаши раҳбарини ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни тинглаш ҳамда халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг тақдимига биноан, ҳокимлик тузилмаларини, унинг ходимлари штатлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тасдиқлаш ваколатига эга. Кенгашга эса халқ депутатлари Кенгашининг регламентини, доимий ва муваққат комиссиялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, халқ депутатлари Кенгашининг ­доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, уларнинг иши ҳақидаги ҳисоботларни тинглаш, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда Кенгаш депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш, ижро ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш ҳамда Кенгаш депутатларининг сўровларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатлари берилган. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, маҳаллий солиқлар бўйича имтиёзлар бериш ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши раҳбари қарорларини тасдиқлаш ваколатларига эга.
Халқ депутатлари Кенгашлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилиш соҳасидаги ўз ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам ҳал қиладилар.
Регламентнинг 22-моддасида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ва энг муҳим муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Олий Мажлиси Сенати қўмиталари (комиссиялари) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкинлигининг белгилаб қўйилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Фикримизча, Сенат ва унинг қўмиталари билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссия­лари ҳамкорлигини янада самарали ташкил этиш учун айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади.
Иккинчидан, Сенат қўмиталари ўз назорат ваколатларини амалга ошириш жараёнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини махсус тузилган ишчи гуруҳларга фаол жалб этади. Ана шу жараёнда ҳар бир депутатдан алоҳида масъулият талаб этилади. Депутатлар берилган имкониятдан фойдаланиб, у ёки бу қонун, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан жойларда юзага келаётган муаммоли масалалар ҳамда уларни ҳал этиш йўлларини аниқлашда фаол бўлишлари лозим, ­деган фикрдамиз.
Учинчидан, депутатлар ўзлари сайланган ҳудудлардан Сенатга бориб тушаётган фуқаролар мурожаатларини Сенатнинг тегишли қўмиталари билан биргаликда таҳлил қилиб, уларда ­кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича ўз ваколатлари доирасида ­зарур ишларни олиб бориши муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Концепция ва унинг асосида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари эса Сенат ва ҳудудий вакиллик органлари ўртасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Зеро, Сенатга берилаётган ҳар бир янги ваколат замирида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳам масъулиятини ошириш ғояси мужассам.

 

Дамир СИДИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati