O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

12.02.2011

Давлат ҳокимияти органлари ва ошкоралик
Уни таъминлаш фуқаролик жамиятининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида эълон қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да устувор йўналишлардан бири ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашдан иборатдир.
Концепцияда белгилаб берилган бу борадаги вазифаларни амалга ошириш масалалари Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт ҳамда Ташқи сиёсат масалалари қўмиталари томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан биргаликда ташкил қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзуидаги давра суҳбатида муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, мамлакатимизда ўтган давр мобайнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришнинг демократик талаблар ва стандартларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилди, хусусан, ахборот соҳаси самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган ўнга яқин қонун ҳужжати қабул қилинди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир. Ушбу ҳужжатлар ҳар бир шахснинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга, ОАВ соҳасидаги демократик ўзгаришларни чуқурлаштиришга, нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга, юридик ва жисмоний шахс­лар томонидан ахборот технологиялари ва тизимларини қўллаган ҳолда, ахборот ресурсларидан фойдаланиш механизмларини белгилаб беришга қаратилган.
Сўнгги ўн йил мобайнида босма ОАВ сони 1,5 баравар, элек­трон ОАВ сони 7 баравар ошиб, уларнинг умумий миқдори 1200 тага етди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони 6 миллион кишидан кўпроқни ташкил этади. Телерадио дастурларни халқаро каналлар орқали 28 йўналишда дунёнинг 180 мамлакатига тарқатувчи йўлдош тизими ташкил этилган. Айни пайтда интернетда реал вақт режимида ахборот узатиш амалга оширилмоқда.
Муҳокама асносида давра суҳбати қатнашчилари ўз иш тажрибасини ҳар томонлама ўртоқлашдилар, ОАВ билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда мавжуд бўлган айрим камчиликларни кўрсатиб ўтдилар. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лиятида ошкораликни таъминлашда оммавий ахборот воситалари ролини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Давра суҳбати иштирокчилари Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик   ислоҳотларни   янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида қайд этган “...оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари фао­лияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, ­таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш...” зарурлиги ҳақида қўйилган вазифага алоҳида эътиборни қаратдилар.
Тадбирда, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг қонунчилик базасини янада кенгайтириш, бу фаолиятнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш ҳамда ОАВ мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни рўёбга чиқариш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб бориш лозимлиги ҳам таъкидланди. Хусусан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини тайёрлаш ва қабул қилиш ҳақида сўз юритилди. Ушбу қонун, Концепцияда кўрсатиб ўтилганидек, “фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва ­бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтирган бўлур эди. Ушбу қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб бериши, аҳолининг, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминлаши ­лозим”.
Муҳокама якунлари бўйича давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминлашда ОАВ ролини кучайтиришга, ахборот соҳасини ислоҳ қилишнинг қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, сўз ва ахборот эркинлигини, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг, давлатимиз ташқи ва ички сиёсатининг очиқлигини, сиёсий плюрализмни, мамлакатимизда ҳамда хорижда юз бераётган воқеаларнинг фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда ёритилишини таъминлашга қаратилган тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Давра суҳбати ишида сенаторлар ва Қонунчилик ­палатаси депутатлари, Тошкент шаҳри ва вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг соҳа бўйича ­доимий комиссиялари раислари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жамоат бирлашмалари масъул ­ходимлари, соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар, ­шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati