O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар
Қулай инвестиция муҳитини яратиш — давр талаби

Мамлакатимизда бугун барқарор иқтисодий тараққиётга эришишни кўзда тутувчи узоқ муддатли стратегик дастурлар рўёбга чиқарилмоқда. Чунончи, Ўзбекистонда тайёрланган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ошириш ва мавқеини мустаҳкамлашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ҳамда юксак технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, ишлаб чиқариш соҳаларини жадал ривожлантириш ана шулар жумласидандир. Албатта, бундай эзгу мақсадларни амалга оширишда инвестициянинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Юртимизда инвесторлар учун, айтиш мумкинки, кўп жиҳатдан беқиёс, ўта қулай инвестициявий муҳит, имтиёз ва преференциялар тизими яратилган. Иқтисодиётимизга жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Бундай инвестициялар кўламини истиқболда янада кенгайтириш учун эса Ўзбекистонда улкан имкониятлар мавжуд. Шу маънода, инвестиция харажатларини молиялаштиришда энг самарали манбалардан фойдаланиш айни муддаодир.

Бунинг учун иқтисодий шароитларни янада яхшилаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз маблағларини қайта инвестициялашини рағбатлантириш механизмини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Айниқса, инвестициявий бозор инфратузилмасини ривожлантиришга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, шунингдек, инвесторларнинг бўш маблағларини иқтисодиётимизнинг турли соҳаларига фойдали ва қулай шартларда йўналтирувчи молиявий институтларни ташкил этиш долзарб вазифалардан саналади.

Президентимиз томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мазкур вазифаларни ҳал этишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Хусусан, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, “Хусусий банклар ва молиявий институтлар ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш шулар жумласидан. Бу ҳуқуқий ҳужжатлар, ўз навбатида, республиканинг экспорт имкониятларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, экспортга йўналтирилган иқтисодиётни шакллантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарни жадал ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Айни чоғда мазкур қонун ҳужжатлари ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш бўйича аниқ мақсадни кўзлаган сиёсат юритиш, хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишида катта эркинлик бериш, уларнинг ўз маҳсулотларини чет элда сотиш, товарларни экспорт ва импорт қилишда имтиёзлироқ тартибни жорий этиш, ишлаб чиқариш соҳасидаги экспортчи корхоналарнинг инвестиция ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, хорижий инвестицияларнинг, асосан, тўғридан-тўғри капитал сармоялар кўринишида республика иқтисодиётига кенг жалб қилиниши учун ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа зарур шароитларни яратиш, қўшма корхоналар ташкил этилишига кўмаклашиш, шунингдек, инвесторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга зарурий кафолатлар тизимини янада мустаҳкамлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, молиявий институтлар инвесторларнинг маблағларини манфаатли шартларда инвестиция бозорига сафарбар этиш ва жойлаштириш билан шуғулланадиган, қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширадиган траст, инвестициявий фонд ва ташкилотлар, пенсия ва суғурта, брокер ва дилерлик компаниялари тармоқларини ривожлантиришни назарда тутади.

Инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашни таъминлашга қаратилган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда, энг аввало, уларнинг инвесторлар манфаатларига хизмат қилишига эришиш талаб этилади. Негаки, улар ўз капиталини тўғридан-тўғри ёки қимматли қоғозлар бозори орқали йўналтириши мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқларида йирик лойиҳаларни самарали амалга ошириш, пировардида кўплаб янги иш ўринларини яратиш имкониятини вужудга келтиради. Айни пайтда аҳоли маблағларини турли лойиҳа ва молиявий институтларга жалб этишга қизиқтирувчи самарали механизмларни ҳам қонун ҳужжатларида алоҳида белгилаб қўйиш лозим.

Бунинг учун, Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “...ҳар бир тадбиркор, аввало, шуни аниқ-равшан билиб олиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши лозим”. Бунда, албатта, шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама этилаётган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда инвестиция фаоллигини ошириш учун инвесторларнинг иқтисодий саводхонлигини юксалтириш ҳамда инвестиция бозори иштирокчиларининг ахборот билан таъминланишини яхшилаш вазифаларини ҳал этиш зарур. Чунки иқтисодиёт тармоқларининг инвестициявий жозибадорлиги, улардаги мавжуд хавф-хатарлар, даромадлилик даражаси тўғрисидаги маълумотлар билан таъминланиши инвесторлар учун муҳим омил ҳисобланади. Буларнинг барчаси Концепция асосида ишлаб чиқилаётган қонунлар лойиҳаларида ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқдир.

Айни чоғда инвестициялаш объектининг адолатли нархини аниқлаш ҳам инвесторлар учун ўта муҳим саналади. Бунда бозорда ўртача нарх сифатида шаклланиб, ҳам сотувчини, ҳам харидорни қаноатлантирадиган баҳони белгиловчи институтлар тизимини яратишнинг аҳамияти катта.

Мухтасар айтганда, инвестиция учун барча ҳуқуқий кафолатлар тизимининг шакллантирилиши мамлакатимиз иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг муҳим омилидир. Концепцияда қайд этилган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, “Хусусий банклар ва молиявий институтлар ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мазкур вазифаларни тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади.

 

М. РАДЖАПОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 20.09.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati