O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

11.05.2011

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА УЧРАШУВ

Мамлакатимизга ташриф буюрган Франция Сенатининг “Франция — Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раиси Андре Дюле раҳбарлигидаги делегация 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Илгизар Собиров билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги алоқалар кўплаб жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Сенатдаги учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги муносабатларга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама алоқаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.1992 йили ташкил этилган “Франция — Марказий Осиё” дўстлик гуруҳининг асосий мақсади минтақа мамлакатлари парламентлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат. 

— Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодиёт, маданият, парламентаризм соҳаларидаги ҳамкорлик изчил тараққий этмоқда, — деди Андре Дюле. — Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси билан атрофлича танишиб чиқдим. Ўзбекистон сўнгги йигирма йил ичида кўплаб соҳаларда улкан ютуқларга эришгани жуда қувонарлидир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Демократик жамиятда конституциявий ҳуқуқ ва парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Франция тажрибаси” мавзуидаги халқаро семинарда иштирок этдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati