O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

                                                       

11.03.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2011 йил 10 март куни Ўзбекистон ­Республикаси Олий Мажлиси Сенати ­Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисини шу йил 25 март куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Кенгашда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси парламенти юқори палатасининг бўлажак ялпи мажлисида асосий масала “Ўзбе­кистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан иборат бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Ислом Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис иккала палатаси қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида баён этилган қонунчилик ташаббусларига мувофиқ тайёрланган ва қабул қилинган ушбу Қонун, унинг қоидалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасини демократлаштиришнинг янги босқичини бошлаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, ­ваколатлар давлат ҳокимиятининг учта субъекти: давлат раҳбари — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ўртасида янада мувозанатли тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсирини кучайтириш мақсадида киритилмоқда.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни ҳам киритиш режалаштирилмоқда. Бўлажак ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ҳамма соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва эркинлаштиришга, уни демо­кратик янгилаш ва модернизациялашга қаратилган бир қатор қонунларни киритиш ҳам режалаштирилмоқда. “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар ­киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 245 ва 246-моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунлар катта аҳамиятга эга бўлади.
Сенатнинг бўлажак ялпи мажлисида сенаторлар “Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 1965 йил 5 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги ва “Коллектив хавфсизлик тўғрисида”ги шартнома ташкилотининг ҳуқуқий мақоми ҳақидаги 2002 йил 7 октябрдаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Протоколни (Душанбе, 2007 йил 6 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам кўриб чиқадилар.
Шу билан бир қаторда, ­Сенатнинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Прокуратура органларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб ­палатасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Сенаторлар ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини муҳокама қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий суди ва Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Девонининг бешинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш ­томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati