O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

10.06.2011

Юксалишнинг муҳим омили

 

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш фурсати етганини таъкидлаган эди.
Унда жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субъектларини, назорат предметини, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини, шунингдек, мазкур соҳада амалдаги қонун ҳужжатларини ижро этмагани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги шартларини белгилаб қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилган эди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир даврда жамоатчилик назоратининг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки жамоатчилик назорати демократиянинг энг муҳим талабларидан бири бўлиб, у фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари сингари фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилади. Унда асосий эътибор давлат ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, мансабдор шахслар томонидан Конституция ва қонунлар талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилади. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида давлат амалдорлари масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириб, улар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Айни чоғда жамоатчилик назорати бошқарув ва аҳоли ўртасида ўзаро муносабатларни яқинлаштириб, умумдавлат равнақига хизмат қилади.
Маълумки, жамоатчилик назорати мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун янгилик эмас. У азал-азалдан маҳаллалар, оқсоқоллар кенгаши кўринишларида амал қилиб келган. Мустақиллик йилларида ҳам жамоатчилик назоратини олиб боришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жамоатчилик назоратига оид қоида ва нормалар юртимизнинг амалдаги 30 дан ортиқ қонунларида, шу жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолати тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, экологияга оид бошқа қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган.
Шу билан бирга, бунда парламент ваколатлари кенгайтирилгани, сиёсий партиялар фаоллашгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, мана, уч йилдирки, амнистия актини қўллашда қонунийликни таъминлашда жамоатчилик фаол иштирок этиб келмоқда. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилишига оид низомга кўра, жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилади. Ишчи гуруҳлари жиноий жазони ижро этиш муассасалари ва органларини бориб кўриш, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш ҳамда уларнинг шахсий йиғмажилдлари, шунингдек, суриштирув ва дастлабки тергов органлари иш юритувидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ҳамда жиноят ишлари билан танишиш, амнистия актининг қўлланиши юзасидан терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ўрганишда ва кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ваколатига эга. Шу билан бирга, улар томонидан амнистия акти асосида озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар аҳволи мониторинг қилиниши амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Энг муҳими, ишчи гуруҳларининг асосий эътибори бугунги кунда амнистия қўлланилишидаги суиистеъмолликлар, уни ноқонуний қўллаш ёки қўллашни ноқонуний равишда рад қилиш ҳолларини бартараф этишга қаратилмоқда. Аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги материаллар кўриб чиқиш ва чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда Бош прокуратурасига юборилиши амалиёти йўлга қўйилган.
Шундай бўлса-да, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ягона ҳуқуқий асоси — “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган Концепцияда қайд этилганидек, жамоатчилик назоратининг турлари, шаклларини белгилаб олиш айни зарурат саналади. Қонун лойиҳасида таянч тушунчаларни изоҳлаш, жамоатчилик назоратининг предметини, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, бундай назоратни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш талаб ва қоидаларини аниқ белгилаб қўйиш талаб этилади. Зеро, жамоатчилик назорати давлат хизматчилари ёки органларининг Конституция ва қонунларга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ҳужжатларга риоя этилишини жамоатчилик тартибида ўрганишни назарда тутади.
Шу билан бирга, қонуннинг амал қилиш доирасини аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, ушбу қонун солиқ, валюта, банк, суғурта, транспорт, ҳаракат хавфсизлиги, экология, санитария-гигиена, божхона, тезкор-қидирув тадбирлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид муносабатларни қамраб олиши зарур. Айни пайтда қонун билан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи асосий тузилмаларни белгилаб қўйиш ҳам тақозо этилади. Хусусан, давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, давлат хизматчилари, ижтимоий, сиёсий ташкилотлар етакчилари, ўзини ўзи бошқариш тамойили асосида иш юритадиган муассасалар, корхоналар, ташкилотлар ҳамда лойиҳалар раҳбарларидан иборат таркибда ягона мустақил кенгашни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, уни расмийлаштириш, жамоатчилик назорати натижаларини муҳокама қилиш, назорат тадбири амалга оширилганда, аниқланган камчилик ва хатолар бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш механизмини мустаҳкамлаш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда, табиийки, Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган қонунларни қабул қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.

И. ҚОРАТОЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati