O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Сенатда маъқулланган Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг хуқуқий асослари янада такомиллашади

Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

Ушбу ҳужжат давлат ҳамда назорат органларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига ўринсиз аралашувини кескин камайтиришда муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда кичик бизнес субъектларини янада ривожлантириш, уларнинг иқтисодиётимиздаги ўрни ва улуши ҳамда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги аҳамиятини оширишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижаси ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши кўпайгани ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда унинг роли сезиларли даражада ошганида яққол намоён бўлмоқда.

Жорий йилда ҳам тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, кичик бизнес субъектлари ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови 7 фоиздан 6 фоизга туширилгани ҳам бу фикрнинг яққол тасдиғидир. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида эса давлат ҳамда назорат органлари томонидан кичик бизнес субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашиш кўламини қисқартириш, кичик бизнес субъектлари фаолиятини текширишни камайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилган.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унда қатор меъёрлар белгилаб берилди. Хусусан, янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб дастлабки уч йил мобайнида режали солиқ текширишларидан ўтказилмайди (акциз солиғига тортиладиган товарлар ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш, шунингдек, бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар бундан мустасно). Айни пайтда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини солиқ соҳасида текшириш муддатларининг қонун ҳужжатларида уларни ўтказиш кўзда тутилган максимал муддатдан, яъни 30 календарь кунидан ортиқ муддатга узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Ушбу меъёрлар, ўз навбатида, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этаётган эди. “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ана шу мақсадда ишлаб чиқилди.

Мазкур Қонун билан “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан, амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрларга кўра, уларнинг молия-хўжалик фаолияти дастлабки икки йилда режали тарзда текширилмас эди ва бу муддат қўшимча равишда яна бир йилга узайтирилди. Яъни уларнинг молия-хўжалик фаолияти дастлабки уч йил мобайнида режали текширишдан ўтказилмаслиги белгилаб қўйилди.

Бунда фақат акциз солиғига тортиладиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари, шунингдек, уларнинг бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти юзасидан дастлабки режали текшириш ўтказилиши мумкин бўлган икки йиллик муддат сақлаб қолинган. Айни пайтда кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари фаолиятида ўтказиладиган текширишлар муддати 30 календарь кундан оширилмаслиги белгиланмоқда. Ваҳолонки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида текшириш муддати 30 календарь куни ҳисобланса-да, алоҳида ҳолларда ваколатли орган, яъни Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ, ушбу муддат узайтирилиши мумкин эди.

Шунингдек, ушбу Қонун билан текшириш бошланган ва якунланган муддатларни аниқ белгилайдиган меъёрлар киритилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали муҳофазалашга, текширишлар тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қ. ТЎЙЧИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 09.09.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati