O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

09.06.2011

Олий Мажлис Сенатида

Ҳуқуқий давлат барпо этиш — устувор вазифа

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг ўзимизга хос моделидан келиб чиқиб ва халқаро ҳуқуқнинг ҳозирги талабларини ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини ўтказишдаги ролини кучайтириш учун уларга зарур бўлган тегишли ваколатларнинг берилиши мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини яратиш имконини беради ҳамда ушбу органлар фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ташқи сиёсат, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда ташкил этилган “Ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боришда адлия органларининг роли. Халқаро тажриба ва амалиёт” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, ҳозирги вақтда ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини олиб боришни таъминлаш вазифалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда адлия органлари катта иш олиб бормоқда. Сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, конституциявий ва маъмурий ҳуқуқ соҳасидаги олим ва мутахассислар қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидладилар. Хусусан, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатиш имконини берадиган, текширув ва  мониторинг ўтказиш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тақдимномалар киритиш сингари ва бошқа ҳуқуқий воситалар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбатида қатнашган халқаро экспертлар ўз маърузаларида таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда самарали меъёрий-ҳуқуқий асос яратилган. Ҳозирги халқаро талабларга тўла мос келадиган миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти босқичма-босқич ривожланмоқда ва такомиллашмоқда.
Улар Германия адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали ягона давлат сиёсатини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш масалаларидаги иш тажрибаси билан батафсил ўртоқлашдилар.
Тадбирда иштирокчилар томонидан қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалаларида давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш механизмини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди, шунингдек, бу йўналишда халқаро тажрибани қўллашнинг муҳимлиги қайд этиб ўтилди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Тадбирда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг мутахассис ва экспертлари, Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси, олий ўқув юртлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati