O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришнинг амалий ифодаси

Давлатимиз раҳбари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоялар, таклифлар ва вазифалар юртимизда жамият ҳаётини демократлаштиришнинг янги бир босқичини бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди.

Чунончи, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасида самарадорликни оширишнинг муҳим омили сифатида халқаро экспертлар, илмий доиралар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини узлуксиз эркинлаштириш жараёни кечмоқда, давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг роли тобора мустаҳкамланаётир. Аҳамиятлиси, мазкур янгиланишлар ҳокимиятларнинг тақсимланиш принципи асосида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Давлат ҳокимиятининг бири-биридан мустақил учта тармоққа — қонунчилик, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлиниши, бу ҳокимият тармоқларидан бирининг ҳокимиятни танҳо эгаллаб олишига йўл қўйилмаслиги, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг шакллантирилиши аҳоли турли гуруҳлари манфаатларининг зарур мувозанатини, ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилгани мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ўз ифодасини топган.
Хусусан, ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари Вазирлар Маҳкамаси муайян аъзосининг ўзи раҳбарлик қилаётган давлат ёки хўжалик бошқаруви органи фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитишлари мумкин бўлган бўлса, эндиликда Асосий Қонунимизнинг 78-моддаси 15-бандига киритилган қўшимчага мувофиқ, Олий Мажлис палаталарига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳуқуқи берилди.
Шу ўринда мазкур тартиб-таомил мамлакатимиз парламенти тарихида муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Зеро, Бош вазирнинг парламент палаталари олдида ҳисоб беришини таъминлайдиган янги ҳуқуқий механизм яратилганлиги ҳукуматнинг ўз зиммасига Конституция билан юклатилган ваколатларни бажаришдаги масъулиятини янада кучайтиради, айни пайтда Бош вазир ва у орқали ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Конституциявий қонунларда Қонунчилик палатаси ва Қонунчилик палатаси депутати, Сенат ва Сенат аъзоси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови йўллашга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган. Парламент сўровига жавобни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари белгиланган муддатларда палаталарнинг мажлисларида берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг муайян аъзолари фаолиятига тааллуқли масалалар қўйилган тақдирда, Бош вазир шу масалалар юзасидан зарур тушунтиришлар олиш ва тушунтиришлар беришга ҳақли.
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолияти масалаларига доир тавсиялари ва таклифларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан чора-тадбирлар кўради. Тавсиялар ва таклифларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тегишли қўмиталарига келишилган муддатда маълум қилади.
Бугунги кунда Олий Мажлис палаталари, қўмиталари ҳукуматнинг айрим аъзолари фаолияти бўйича ахборотларини мунтазам муҳокама этиб келмоқда. Чунончи, Сенат ҳар йили Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунлар ижроси ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиб, мазкур ахборотни муҳокама этиш натижаларига кўра, тегишли қарорлар қабул қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳар иккала палатасининг қўмиталарига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, қўмиталар қарорларининг бажарилиши ҳақидаги ахборотларини эшитиш ҳуқуқи берилган. Назорат ваколатларининг бу шакли ҳар иккала палата қўмиталари томонидан энг кўп қўлланилади.
Давлат тузилмалари раҳбарларининг ўзлари мутасаддилик қилаётган муассасаларда қонунчилик ҳужжатлари ижроси ҳолати бўйича ахборотини эшитиб бориш парламент фаолиятининг кундалик иш шакли бўлиши лозим. Бу эса ушбу тузилма раҳбарларининг ўзларига топширилган соҳада қонунларнинг тўла ва оғишмай ижро этилиши учун масъулият ҳамда жавобгарлик ҳиссини кучайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизга киритилган ўзгартишлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ҳокимиятининг субъектлари ўртасида вaкoлaтлaрнинг янaдa мутaнoсиб тaқсимлaнишини тaъминлaшга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда парламентнинг роли ҳамда таъсирини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси, амалга оширилаётган бу ислоҳотлар, энг аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун, оиласининг истиқболи учун, ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясини таъминлаш учун, Ўзбекистонимизнинг дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун замин яратади.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик
ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси
.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 08.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati