O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЕТТИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ      

Инсонпарварлик ва бағрикенглик ифодаси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 19 йиллиги арафасида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга молик кўплаб масалалар кўриб чиқилди. Мухбиримиз уларнинг айримлари мазмун-моҳияти хусусида сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Светлана ОРТИҚОВА, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— Ялпи мажлисда муҳокама этилган масалаларнинг аксарияти, аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга, юртимизда кечаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, Сенат томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги масала кўриб чиқилгани ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир. Зотан, амнистия билмай хато қилган ёки адашиб жиноят йўлига кирган, айни чоғда бу қилмишидан пушаймон бўлганларни кечириш, уларга яна бир имкон беришдек халқимизга хос бағрикенглик ифодасидир. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур ҳужжат нафақат демократик жамиятнинг устувор тамойилларини, балки қадимдан амал қилиб келинаётган миллий қадриятларимизни, олижаноблик ва инсонпарварлик каби эзгу фазилатларнинг нозик қирраларини ўзида қамраб олган.

Икрам КАРАТАЕВ, Сайхунобод туманидаги “Қоратой Мирзаев” фермер хўжалиги раҳбари, сенатор:

— “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарор мамлакатимиз суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тизимида муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Зотан, юртимизда жиноят содир этган шахсларга нисбатан кечиримли бўлиш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш инсонпарварлик тамойилига асосланган давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир.

Маълумки, инсонпарварлик — инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим мезонларидан бири. Шунинг учун ҳам билиб-билмасдан жиноят йўлига кирган шахсларни кечириш, уларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини қўллаш зарур. Муҳими, инсонни жазолаш эмас, балки жиноят йўлига кирган шахснинг ҳар қандай қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишига эришиш лозим. Юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига ҳам айнан мазкур ғоя сингдирилган. Ушбу амнистия ҳужжати билан, биринчи навбатда, аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда чет давлатларнинг фуқаролари жазодан озод қилиниши назарда тутилаётгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Паридахон АРАББАЕВА, Пахтаобод туманидаги “Юқори” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, сенатор:

— Сенаторлар амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилишида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Чунончи, амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши тартиб-тамойилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиши белгиланган. Улар жиноий жазони ижро этиш муассасалари ва органларини бориб кўриш, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш, уларнинг шахсий ҳужжатлари билан танишиш, суриштирув ва дастлабки тергов органлари иш юритувидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ва жиноят ишлари билан танишиш, амнистия актини қўлланиш юзасидан терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ўрганиш ва кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш, амнистия акти асосида озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар аҳволини мониторинг қилиш, амнистия актининг ижро этилиш жараёни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил қилишда фаол қатнашадилар.

Алишер СУЛТАНОВ, “Шўртангазкимё” мажмуаси директори, сенатор:

— Парламентимиз юқори палатасининг еттинчи ялпи мажлиси якунланаётган йилда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, кўрилган чора-тадбирларнинг натижаларини чуқур таҳлил этиш, келгуси йилдаги ишларимизни белгилаб олишда айни муддао бўлди. Хусусан, ялпи мажлисда 2012 йилги Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама қилиниб, тасдиқлангани бу борадаги ишларимиз изчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, давлатимизнинг бош молиявий ҳужжати республикани макроиқтисодий жиҳатдан барқарор, жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни давом эттириш, иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологияларни изчил татбиқ қилиш, чет эл инвестицияларини кенг жалб этиш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш, бу борадаги стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади. Айни чоғда иқтисодиётимизнинг таянч кучига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантиришга қаратилган солиқ имтиёзлари жорий этилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, саноат соҳасидаги кичик бизнес корхоналари учун 2012 йилдан амалдаги 6 фоиз ўрнига 5 фоиз миқдорида ягона солиқ тўлови белгиланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур солиқ ставкасининг пасайтирилиши туфайли микрофирма ва кичик корхоналар ихтиёрида 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қолади.

Елена БОРИСОВА, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директорининг ўринбосари, сенатор:

— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимизнинг 2012 йилги Давлат бюджети параметрларида Президентимиз раҳнамолигида рўёбга чиқарилаётган ижтимоий сиёсат изчиллиги мужассамдир. Чунончи, келгуси йилда ижтимоий соҳа харажатлари 58,6 фоизга етаётгани фикримизни тасдиқлаб турибди. Хусусан, 2012 йилда соғлиқни сақлаш харажатлари янада кўпайтирилади. Бу, табиийки, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш ва соғлом авлодни вояга етказиш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ҳаётий рўёбини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Республикамиздаги ижтимоий-тиббий муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, бу тоифадаги аҳоли қатламини даволаш-соғломлаштириш чораларини кўриш, уларнинг уй-жой ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳам Давлат бюджетидан маблағ йўналтирилаётгани эътирофга моликдир.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 07.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati