O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЕТТИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА АХБОРОТ        

 

2011 йил 6 декабрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини 2012 йилги солиқ сиёсати концепциясига мувофиқ тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Уй-жой, Солиқ кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар кўчмас мулкни ижарага берувчилар ва ижарага олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, солиқларни тўлаш тартибини ҳамда солиқ маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштиришга, шунингдек, солиқ тўловчилар ва солиқ органларининг чиқимларини камайтиришга ёрдам беради.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг бир қатор халқаро шартномаларини кўриб чиқиб, маъқулладилар.

«Халқаро электр алоқаси иттифоқининг 2006 йилги (Анталия) ва 2010 йилги (Гвадалахара) Ваколатли конференциялари томонидан Халқаро электр алоқаси иттифоқининг Устави ва Конвенциясига доир қабул қилинган Тузатиш ҳужжатларини ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шулар жумласидандир. Ушбу ҳужжатни қабул қилишдан мақсад Халқаро электр алоқаси иттифоқининг 2006 ва 2010 йилги Ваколатли конференциялари якунлари бўйича имзоланган ва Халқаро электр алоқаси иттифоқининг (ХЭАИ) Устави ва Конвенциясига Тузатиш ҳужжатларини ўз ичига оладиган Якунловчи ҳужжатларини ратификация қилишдан иборат.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг ратификация қилиниши   алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги стандартлаштириш бўйича халқаро фаолиятда Ўзбекистон Республикасининг фаол қатнашишини таъминлайди, мамлакатимизнинг маълумотлар узатиш соҳасидаги энг янги ахборот-коммуникация ишланмаларидан баҳраманд бўлиш имконини кенгайтиради, шунингдек, тармоқ мутахассисларининг профессионал савиясини ошириш масалалари бўйича халқаро тажрибани ўзаро фойдали алмашишни амалга оширишга имкон беради.

«Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги Битимни (Москва, 2011 йил 16 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳар томонлама муҳокама қилингач, маъқулланди. Битим Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи (ЕОГ)нинг асосий мақсадлари ҳамда вазифаларини белгилаб беради, унинг устав органларини ҳамда ЕОГга аъзо бўлиш шартларини аниқлаштиради, шунингдек, ташкилот фаолиятини молиялаш механизмларини конкретлаштиради.

Сенаторлар ушбу ҳужжатни муҳокама қилиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг ЕОГ фаолиятида иштирок этиши жиноий даромадларни легаллаштиришга (тозалаб олишга) ва терроризмни молиялашга қарши курашиш соҳасида Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда молиявий чораларни ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ), Халқаро валюта фонди (ХВФ), Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари билан конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беришини кўрсатиб ўтдилар.

Сенаторлар «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Терроризмга қарши конвенциясини (Екатеринбург, 2009 йил 16 июнь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқиб, маъқулладилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Самарқанд туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги таклиф кўриб чиқилди.

Самарқанд вилоятининг маъмурий-ҳудудий бўлинишини такомиллаштиришга қаратилган ушбу ташаббуснинг маъқулланиши минтақани ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга, аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга, шаҳарсозлик ва режалаштириш ишлари самарадорлигини оширишга, коммуникация тизимларини, газ ва сув таъминоти тармоқларини, энергия билан таъминлашни ривожлантиришга, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини марказлаштиришга, мазкур ҳудудий бирликларни бошқариш самарадорлигини оширишга ёрдам бериши кўрсатиб ўтилди.

Конституция нормаларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга доир қоидаларни амалга ошириш доирасида, шунингдек, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг мажлисида бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг тегишли тармоқларда қонун ҳужжатлари талабларини бажаришнинг бориши тўғрисидаги Олий Мажлис юқори палатаси сўровларини ижро этиш юзасидан тайёрланган ахбороти тингланди.

Чунончи, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Фарғона вилояти солиқ органлари томонидан бажарилиши ҳақидаги ахборотини тингладилар ва муҳокама қилдилар.

Муҳокама жараёнида сенаторлар солиқ органларининг ишини, жумладан, Фарғона вилоятида янада такомиллаштириш, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ҳолларига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтириш, текширувлар ўтказиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, бюджетга солиқ тушумларини таъминлаш чораларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.  

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш борасида адлия органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотини ҳам тингладилар ва муҳокама қилдилар.

Сенаторлар ўз чиқишларида ҳуқуқий тарғибот ва жамиятда ҳуқуқий таълим соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш борасида, давлат органларининг бу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштиришда, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва норма ижодкорлиги фаолиятида қонунийликка риоя этилишини таъминлашда, тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар комплексини рўёбга чиқаришда адлия органлари олиб бораётган ишларнинг самарадорлигини янада оширишга қаратилган қатор таклифларни баён этдилар.

Парламент сўровларини муҳокама қилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тегишли қарорлар қабул қилди.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисини сайлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибига ўзгартиш киритиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор элчисини тайинлаш масалаларини кўриб чиқдилар.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Сенатнинг икки кун давом этган мажлисида 26 та масала, шу жумладан, рўёбга чиқарилиши мамлакатда демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгартиришларни чуқурлаштиришнинг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, бандликни таъминлашнинг ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим омили бўладиган 15 та қонун кўриб чиқилди.

Шу билан Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлис Сенатининг 
Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 07.12.2011

O'zbek Lotin grafikasida ochish >>

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati