O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Парламент эшитуви — парламент назоратининг таъсирчан институти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисида Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси давлатчилигимиз тарихида яна бир янги ва ёрқин саҳифани бошлаб берди. Негаки, ушбу дастуриламал ҳужжат мамлакатимиз аҳолиси сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва сиёсий онги ўсиб бораётган, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари жадал ривожланаётган бир даврда ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 
Айниқса, Концепция асосида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонуннинг қабул қилингани ҳамда ҳаётга жорий этила бошлангани парламент, хусусан, Сенат фаолиятини ҳам сифат, ҳам мазмун-моҳият жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сенатнинг, хусусан, унинг қўмиталари назорат фаолиятини янада такомиллаштириш, бунда, энг аввало, таъсирчанлик ва самарадорликни юқори даражада таъминлашга эришиш бугунги фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Зеро, дунё давлатчилиги тажрибаси шундан далолат берадики, яхши, мукаммал қонунлар қабул қилинса-ю, лекин улар амалиётга сўзсиз татбиқ этилмаса, бу жамият учун фақат зарар келтиради, айниқса, жамият аъзоларида қонунлар расмиятчилик учунгина қабул қилинган, деган нотўғри хулоса юзага келади.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, қонунлар ижроси устидан самарали назоратни амалга оширишда, энг аввало, қонун чиқарувчи орган — парламентнинг ўрни ва роли беқиёсдир. Зеро, парламент назорати қонун ҳужжатлари таъсирчанлигини ошириш ва айни чоғда жамиятда ҳуқуқий эҳтиёжларни тезда аниқлашнинг самарали воситасидир.
Парламент назоратининг мана шундай муҳим шаклларидан бири — парламент эшитувидир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, парламент палаталари фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда парламент эшитуви институтининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 78-моддаси 15-бандига мувофиқ, парламентнинг ҳар иккала палатаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколатига эга. Конституциянинг 80-моддасида эса, Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиши белгиланган.
Сенат назорат ваколатларини амалга оширишга оид бу конституциявий қоидалар, уларни қўллаш тартиблари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунда, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунда, Сенат Кенгашининг қарори билан тасдиқланган тегишли ҳужжатларда тўлиқ ифода этилган.
Концепция моҳиятидан келиб чиқиб такомиллаштирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан парламент эшитувларини тайёрлаш, ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом қоидаларига биноан, юқори палатада парламент эшитувлари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда умумдавлат ва минтақавий манфаатлар мувозанатини таъминлашга доир Сенат ваколатига киритилган энг долзарб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш мақсадида ўтказилади. Парламент эшитувлари Сенат ялпи мажлисларида, Сенат Кенгаши ёхуд Сенат қўмитаси ёки комиссияси мажлисларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, экспертлар, мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилган ҳолда ўтказилади.
Парламент эшитувларини ўтказиш масаласи Сенат Кенгаши мажлисида кўриб чиқилади. Бунда Сенат Кенгаши аъзоларидан ташқари сенаторлар, фаолияти муҳокама этилаётган масалага дахлдор бўлган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, Сенат қўмитаси ёки комиссияси (қўмиталари ёки комиссиялари) томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишга ҳақли. Парламент эшитувларини ўтказиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича Сенат Кенгаши парламент эшитувларини ўтказиш ёки парламент эшитувларини ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Парламент эшитувларининг якунлари бўйича Сенатнинг, Сенат Кенгашининг ёхуд Сенат қўмитасининг ёки комиссиясининг (қўмиталарининг ёки комиссияларининг) қарорлари қабул қилинади. Уларда ушбу ҳужжатлар ижроси учун масъул давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда муассасалар аниқ кўрсатилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сенатнинг, Сенат Кенгашининг ёхуд Сенат қўмитасининг ёки комиссиясининг (қўмиталарининг ёки комиссияларининг) қарори ижрога қаратилади. Бу қарорнинг ижро этилиши тўғрисидаги ахборот тегишинча Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида, Сенат Кенгаши ёхуд Сенат қўмитаси ёки комиссияси (қўмиталари ёки комиссиялари) мажлисида тингланиши мумкин.
Бугунги кунда Сенат Кенгаши, қўмиталари давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим бўлган турли долзарб масалаларни ҳал этишда парламент эшитуви имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Мисол учун, Сенат Кенгаши жорий йилнинг 18 март куни ўтказилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг таълим муассасаларининг аҳолида, энг аввало, ёшларда юксак ҳуқуқий маданиятни, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, фуқароларнинг қонунга итоаткорлик туйғусини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақидаги ахборотини тинглаб, муҳокама қилди. Натижада ҳар иккала вазирлик ҳамда бошқа мутасадди тузилмалар зиммасига бу борадаги ишларни янада яхшилашга қаратилган қатор вазифалар юклатилди.
Хулоса қилиб айтганда, таъсирчан парламент назоратининг муҳим институти бўлган парламент эшитувини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси моҳиятидан келиб чиқиб, фаол қўллаш, бу борада ривожланган давлатлар тажрибаларини ҳам таҳлил қилган ҳолда, уларнинг ижобий жиҳатларини ҳисобга олиш, шу асосда мазкур йўналишдаги фаолиятни такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқдир.

М. ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси
.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 07.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati