O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЕТТИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА АХБОРОТ        

 

2011 йил 5 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент юқори палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги масалани кўриб чиқдилар. Ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Масалани кўриб чиқиш вақтида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги арафасида амнистия актининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари олий қадрият бўлган, олиб борилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этган давлатимиз инсонпарварлигининг яна бир ёрқин кўриниши эканлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорида қуйидаги маҳкумларни — аёлларни; жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни; 60 ёшдан ошган эркакларни; чет давлатларнинг фуқароларини жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) назарда тутилган. Шу билан бир қаторда, Сенат қарорида яна бир неча тоифадаги шахсларни жазодан озод қилиш назарда тутилган, шунингдек, амнистия тўғрисидаги актнинг амал қилиши таъсир этмайдиган шахслар доираси белгиланган.

Сенат ўзининг қарори билан амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қўлланиш тартибини белгилаган бўлиб, унда амнистия бўйича жазодан озод қилинадиган шахсларга доир ишлар ва материалларни суд томонидан кўриб чиқиш тартиб-таомили баён этилган. Бунда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари амнистия акти қўлланилиши, шунингдек, амнистия актини қўлланиш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазодан озод этилаётган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига қаратилган комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, улар тўлиқ ҳисобга олиниши ва ишга жойлаштирилишига қаратилган комплекс тадбирларни амалга ошириш ҳам назарда тутилмоқда.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджетини кўриб, тасдиқладилар. Муҳокама жараёнида Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларга тушаётган солиқ юкини янада камайтиришга, ишлаб чиқаришни янада модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун қулай шароитлар яратишга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, ишлаб чиқариш янада ўсишини ҳамда аҳолининг реал даромадлари кўпайишини рағбатлантириш учун зарур бўлган бошқа чораларни рўёбга чиқаришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатнинг 2012 йилги асосий молиявий ҳужжати иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсиялар миқдорларини инфляция суръатларидан юқори даражаларда ошириш йўли билан аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси тўхтовсиз ўсиб боришини таъминлашни назарда тутади. Ҳужжат бюджет аҳолига ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини кучайтиришга, шунингдек, жаҳонда инқироз ҳолатлари давом этаётган бир шароитда мамлакатни иқтисодий жиҳатдан барқарор ўстиришнинг муҳим омили сифатида ички талабни рағбатлантиришга йўналтирилган.

Кичик бизнес субъектлари жадал ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида саноат соҳасидаги корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизга тушириш назарда тутилади.

Аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш мақсадида келгуси йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси бир фоиз бандига камайтирилади. Бу эса тўловчиларнинг ҳар бир гуруҳидан ундириладиган солиқ қисқаришини таъминлайди. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қилинадиган харажатларни кўпайтириш тамойили сақланиб қолишини назарда тутаётганлиги, уларнинг улуши умумий харажатларнинг 58,6 фоизини ташкил этиши алоҳида қайд этилди. Давлат бюджетида таълим, соғлиқни сақлашни молиялашни кўпайтириш, иш ҳақини ва ижтимоий тўловларни ошириш назарда тутилган.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бандлик ошишини, аҳоли даромадлари ўсишини, турмуш даражаси ва сифати юксалишини, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлиги масалаларини ҳал қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ҳам кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Дастурда 2012 йилги инвестиция дастурини, 2011 — 2012 йилларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини, ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини, минтақавий инвестиция дастурларини рўёбга чиқариш ҳисобига 2012 йилда 967,5 мингта, асосан, қишлоқ жойларда, иш ўринлари ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши кичик корхоналар ва микрофирмалар очиш, хусусий тадбиркорликни ва касаначиликни ривожлантириш, паррандачиликка, балиқчиликка, асаларичиликка, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари сонини кўпайтириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, автомобиль ва темир йўллари қуриш ҳамда уларни таъмирлаш ишларини жадаллаштириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этилишига ёрдам беради.

Сенаторлар давлатимиз раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари муддатини ҳозир амал қилиб турган етти йилдан беш йилгача қисқартиришни назарда тутадиган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига тузатиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига тузатиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Ўзбекистон йигирма йиллик тараққиёт даврида давлат тузилишини қарор топтириш ва уни ислоҳ қилиш ҳамда ҳокимият тармоқлари бўлинишининг конституциявий принципини рўёбга чиқариш, улар ўртасида самарали ўзаро тийиб туриш ва мувозанатлар тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ҳамда вакиллик ҳокимиятларининг роли ва ваколатларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлини босиб ўтганлиги қайд этилди.

Миллий давлатчилигимизни ҳамда мамлакатимиз учун янги бўлган эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш ва қарор топтиришнинг дастлабки йилларида Президентга берилган ҳуқуқлар ҳамда ваколатларнинг бир қисмини қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тузилмаларга бериш соҳасидаги ишлар изчил, тизимли ва кенг кўламли ўзгартишлар доирасида олиб борилди. Чунончи, илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти эгаллаб келган Вазирлар Маҳкамасининг Раиси лавозимининг тугатилиши ва ушбу ваколатларнинг Бош вазирга берилиши жуда катта аҳамиятга эга бўлган сиёсий-ҳуқуқий иш бўлди.

Икки палатали парламент шакллантирилиши билан Президент ваколатларининг кўп қисми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига берилди ва бугунги кунда унинг томонидан муваффақиятли бажариб келинмоқда.

Сенаторлар ҳозирги кунда кўрилаётган мана шу ва бошқа чора-тадбирларнинг ҳаммаси мамлакатимиз сиёсий ва иқтисодий тизимни демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидан аниқ мақсадни кўзлаб, босқичма-босқич ҳамда эволюцион йўл билан илгарилаб бораётганлигининг, Ўзбекистон ўз олдига қўяётган узоқ муддатли мақсад — замонавий ривожланган, демократик давлатлар қаторидан жой олиш мақсади рўёбга чиқарилаётганлигининг ёрқин тасдиғи эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Олий Мажлис юқори палатасининг вакиллари қайд этганларидек, Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш муддатини ҳозир амал қилиб турган етти йилдан беш йилгача қисқартириш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг объектив реаллигини, мантиқи ва изчиллигини акс эттиради, ҳозирги вақтда амалга оширилаётган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талабларига, шунингдек, дунёдаги ривожланган демократик давлатларнинг мутлақ кўпчилигида вужудга келган амалиётга мосдир.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Жабрланувчининг шикояти бўйича жиноий ишларни қўзғатиш ва тергов қилиш ҳолларини кенгайтирадиган ушбу Қонуннинг асосий мақсади жиноят-процессуал қонунчиликни янада либераллаштиришдан иборат эканлиги қайд этилди.

Шундан кейин «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонуннинг асосий мақсади пенсиялар миқдорларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўтган йилларнинг иш ҳақларини қайта ҳисоблаш тартибини қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйишдан иборатдир.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида тайёрланган қонунларни ҳам кўриб чиқдилар.

Товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида тайёрланган «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шулар жумласидандир. Хусусан, Қонундаги асосий янгиликлардан бири молия хизматлари бозорларига монополияга қарши тартибга солишни жорий қилишдан иборат эканлиги қайд этилди. Сенаторлар кўрсатиб ўтганларидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши рақобат соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тиниқлиги ва самарадорлигини оширади, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти, товарлар эркин олиб юрилиши учун тенг шароитларни, иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлаб беради, бу эса товарлар ва хизматлар бозорларида рақобатни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилишнинг асосий жиҳатидир.

Сенаторлар «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Қонун телекоммуникациялар соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, фойдаланувчилар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, жамият ва давлат қурилишининг ҳамма соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш учун шароитлар яратишга қаратилган.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини ижро этиш юзасидан тайёрланган ва қабул қилинган «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Мажлис давомида «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 2 майдаги «Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида тайёрланган «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26 ва 27-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Ҳар томонлама муҳокама қилинганидан сўнг «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам маъқулланди. Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши солиқ маслаҳати бўйича хизматлар бозорининг ривожланишига, солиқ қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатлар қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига ёрдам беради.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлис Сенатининг 
Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 06.12.2011

O'zbek Lotin grafikasida ochish >>

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati