O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Кредит ахбороти алмашинуви банк-молия тизимининг барқарор ривожланишида муҳим аҳамиятга эга

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонун молия-банк тизимида самарали ва бозор механизмларига тез мослашувчан инфратузилмани барпо қилишда алоҳида ўрин тутади.

Зеро, ҳали-ҳануз давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг келиб чиқишига молия-кредит бозоридаги ахборотларнинг нохолислиги, уларда бозор иштирокчилари молиявий аҳволининг нотўғри кўрсатилганлиги, бу борада ишончли ва тўлақонли ахборот етказиб берилмаганлиги ҳам сабаб бўлган эди. Шу боис Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида миллий молия-банк тизимини яратиш бўйича бир неча босқичдан иборат ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада ҳозирги кунда юртимизда халқаро андозаларга мос келадиган кредит тизими шаклланди ва уни ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Республикамизда фаолият юритаётган тижорат банклари ва бошқа кредит ташкилотлари кредит портфелининг йилдан-йилга кўпайиши, кредит бозорининг ривожланиши, ўз навбатида, кредитлаш жараёни инфратузилмасини такомиллаштиришни ҳам тақозо этмоқда.

Маълумки, бугунги кунда мазкур инфратузилманинг асосий бўғини ҳисобланган кредит ахбороти алмашинуви тизими йўлга қўйилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахбороти миллий институти ҳамда Ўзбекистон банклари ассоциацияси ҳузуридаги Банклараро кредит бюроси фаол иш олиб бормоқда.

Бироқ амалиётда кредит ахбороти алмашинуви тизимидан фақат тижорат банклари фойдаланиш имконига эга бўлиб, молия-банк тизимининг бошқа субъектлари, хусусан, микромолиявий хизматлар кўрсатувчилар, лизинг ташкилотлари, суғурталовчилар ҳамда бошқа кредиторларнинг фойдаланишини таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар мавжуд эмас. Шу билан бирга, қарз олувчилар тўғрисида ишончли ва тезкор ахборотни етказиб бериш лозимлиги, кредит олиш учун мурожаат этган шахслар ҳақида тўлақонли ахборот йиғиш борасида кредит ташкилотларининг имкониятлари чекланганлиги тадбиркорлик хатарларининг ошишига, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш муддатларининг чўзилишига ва кредит ажратувчиларнинг операцион харажатлари ошиб боришига олиб келиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кредит ахбороти олиш тизими ривожланмас экан, кредит бозорининг йирик субъектларига айланиб бораётган нобанк кредит ташкилотларининг кредит хатарларини тўғри баҳолаш, қарз олувчиларнинг кредитга лаёқатлилиги, молиявий аҳволи ва уларнинг ишбилармонлик қобилиятини таҳлил қилиш имкониятлари чекланиб қолаверади.

Халқаро тажриба ҳам шуни кўрсатмоқдаки, кредит ахбороти алмашинуви, одатда, давлат реестри ёки нодавлат кредит бюролари томонидан олиб борилади. Чунончи, айрим мамлакатларда бу марказлашган ягона поғонали кредит ахбороти алмашинуви тизими ҳисобланади. Бунда кредит ахбороти алмашинуви давлат томонидан амалга оширилган ҳолда, кредит ахборотлари ягона давлат реестри томонидан юритилади. Баъзи мамлакатларда эса марказлашмаган кўп поғонали кредит ахбороти тизими фаолият юритади. Бунда кредит ахбороти алмашинуви кредит бюролари ва давлат томонидан амалга оширилади.

Яна айрим мамлакатларда кредит ахбороти алмашинуви кредит бюролари томонидан амалга оширилади, лекин давлат Кредит ахбороти алмашинуви реестрини юритади ва кредит бюроларининг фаолиятини назорат қилади. Шу ўринда қайд этиш лозимки, кредит ахбороти алмашинуви тизимининг ушбу модели миллий банк-молия тизимимиз талабларига мос келиб, у “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топган.

Қонунга асосан, кредит ахбороти алмашинуви кредит бюролари томонидан тегишли лицензия олиниши орқали йўлга қўйилиб, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ҳамда Кредит ахбороти ягона давлат реестрини олиб бориш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.

Қонунга мувофиқ, кредит бюроси қарз олувчилар тўғрисида кенг қамровли ахборотларни, хусусан, кредитлар бўйича тўловлар, нокредит мажбуриятлари, иш тажрибаси, ишбилармонлик обрўси ва бошқа маълумотларни жамлайди. Бунда бюро ишончли манбалардан ахборот олиб, манфаатдор кредиторларга кредит ҳисоботларини тақдим этади. Айни вақтда Қонун билан кредит ахборотини тақдим этишга ва унинг алмашинувига доир чеклашлар ўрнатилмоқда. Яъни, кредит ахборотини тақдим қилиш ва унинг алмашинуви кредит битимини тузишда таваккалчиликни баҳолаш, кредит битими ижроси мониторинги, кредит ахбороти субъектларини рейтинг асосида баҳолаш, ахборотнинг холислиги ва тўғрилигини таъминлаш мақсадларида амалга оширилади.

Бундан ташқари, Қонунга биноан, кредит ахбороти алмашинуви жараёнида кредит ахборотини шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни тегишли давлат ташкилотларидан олиш тизимининг жорий этилиши алоҳида эътиборга моликдир. Ушбу идоралар томонидан кредит ахбороти алмашинуви учун зарур ахборотларнинг тақдим этилиши тезкор, ишончли ва тўлақонли кредит тарихини шакллантиришга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонун кредит ахбороти алмашинуви соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий базасини шакллантирган ҳолда, кредиторлар ва қарздорларнинг кредит ахбороти алмашинувида иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратади. Қарз олувчиларнинг кредит тарихини тегишли давлат ташкилотлари ва бошқа кредит ахбороти етказиб берувчилар маълумотлари ҳисобига кенгайтиради ҳамда қарз олувчиларнинг кредит тарихи тўғрисидаги ахборотлар базасини бойитади. Қонун, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кредит аризаларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш имкониятини вужудга келтиради, қисқа муддатларда кредит ажратиш ҳамда кредит бўйича сарф-харажатларни камайтиришга олиб келади, банк операцион харажатлари ҳамда таваккалчиликларини камайтириб, тўлов интизомининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Ш. ХАМРАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 06.09.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati