O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Анжуман

Оролбўйи келажаги — ўз қўлимизда

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Оролбўйи минтақасининг ҳозирги куни ва келажаги: муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ҳамда мураккаб экологик вазиятни соғломлаштириш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва яхшилаш масалаларига бағишланди.

Давра суҳбатида Сенат аъзолари, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари депутатлари, вазирлик ҳамда идораларнинг раҳбар ва мутахассислари, олимлар, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Анжуманда қайд этилганидек, ҳозирги кунда Орол денгизининг қуриган қисмида 4,5 млн. гектардан ортиқ майдонда янги Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Бўронлар ва кучли шамоллар таъсирида миллионлаб тонна туз, чанг ва қум юзлаб километр масофага етиб бормоқда. Жанубий Оролбўйидаги кўпгина майда кўллар саёз тортди, баъзилари эса қуриб қолди. Натижада 800 минг гектар майдондаги тўқайзорлар ва бу ерлардаги паррандаю даррандаларнинг қарийб 90 фоизи йўқолиб кетди. Оролбўйининг биологик маҳсулдорлиги антропоген чўлланиш натижасида 10 баравар пасайди. Яйловларнинг қисқариши ва ерлар маҳсулдорлигининг пасайиши бевосита Орол денгизига туташ туманларда 100 мингдан ортиқ иш жойлари қисқаришига сабаб бўлгани таассуфлидир. Экологик фалокат оқибатлари Оролбўйида яшаётган миллионлаб одамлар турмушида салбий из қолдирди.

Президентимиз 2010 йил 21 сентябрда Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ саммитининг ялпи мажлисида “...Экологияни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, айниқса, ҳозирги аномал табиий ўзгаришлар шароитида Мингйиллик декларациясида белгиланган мақсадларга эришишда катта аҳамият касб этади... Қирқ йил мобайнида Орол денгизи акваторияси 7 баравар қисқарди, сув ҳажми 13 марта камайди, унинг минераллашуви эса ўнлаб баравар ошиб, денгизни тирик организмларнинг яшаши учун яроқсиз аҳволга келтирди. Натижада қарийб барча ҳайвонот ва наботот олами таназзулга учради ва йўқолди. Бугун Оролбўйида нафақат экологик, балки дунё миқёсида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммолар пайдо бўлди... Орол денгизининг қуриши давом этаётгани ва унинг атрофида гуманитар фалокат содир бўлаётгани сабабли Оролбўйининг табиий биологик фондини асраб-авайлаш, Орол инқирозининг атроф-муҳитга, энг муҳими, бу ерда истиқомат қилаётган юз минглаб ва миллионлаб одамлар ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш бугунги кундаги энг муҳим вазифа ҳисобланади”, деб таъкидлаган эди.

Давра суҳбати қатнашчилари Оролбўйи минтақасида экологик мувозанатни сақлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот алмашдилар. Иштирокчилар таъкидлаганларидек, ушбу глобал муаммо Юртбошимиз ташаббуси билан бир неча бор Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларида ҳам муҳокама қилиниб, экологик вазиятни яхшилашга қаратилган қарорлар қабул қилингани, шунингдек, Оролбўйи генофондини муҳофаза қилиш хайрия жамғармаси тузилганлиги қайд этилди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, атроф-муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун тегишли ҳуқуқий асос яратилди.

Айни пайтда давлатимиз экологик муаммоларни ҳал этишга катта аҳамият бермоқда. Хусусан, кейинги йилларда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳаракатлар, Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасида чўлланишга қарши кураш миллий дастурлари, “Биологик хилма-хилликни сақлаш. Миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси” ҳамда бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда халқаро декларациялар ва шартномаларни амалга оширишга, Оролбўйида экологик мувозанатни қайта тиклашга қаратилган экологик сиёсат муваффақиятли олиб борилмоқда.

Тадбирда бугунги кунда Оролбўйида экологик вазият ижобий тарафга ўзгараётгани қайд этилди. Хусусан, ҳозирги вақтда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, кичик сув ҳавзаларини яратиш ва Амударё дельтасида ўрмонзорларни кенгайтириш, Орол денгизи ҳавзасидаги яйловларнинг табиий салоҳиятини қайта тиклаш борасида фаол иш олиб борилмоқда. Чунончи, сўнгги 20 йил мобайнида Орол денгизининг қуриган қисмида 250 минг гектарлик иҳота дарахтзорлар барпо этилди. Бундай дарахтзорлар ҳажмини 2011 — 2015 йилларда 84 минг гектарга етказиш режалаштирилган. БМТ Тараққиёт дастури ҳомийлигида “Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолиси учун тоза энергия” лойиҳаси доирасида маиший эҳтиёжлар учун 36 та, ер ости сувини чиқариш учун Коструба аҳоли пунктида битта ва Қораўзак туманида 10 та фотоэлектростанция монтаж қилиниб, фойдаланишга топширилди. 2010 йилдан бошлаб “Биохилма-хилликни сақлаш тамойилларини Ўзбекистоннинг нефть ва газ секторига интеграциялаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, давра суҳбатида халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, турли жамғармалар ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу муаммони ҳал этишга хизмат қиладиган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Давра суҳбатида амалий аҳамиятга эга бўлган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси ,
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 06.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati