O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Депутатлик гуруҳлари маҳаллий ижро ҳокимияти фаолияти устидан тизимли назорат олиб боришда муҳим аҳамиятга эга

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар замирида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсади мужассамдир. Бунда ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан вакиллик органлари назоратини амалга ошириш механизмларини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.

Либерализм ғоялари асосида шаклланган ҳокимиятлар бўлиниши, манфаатлар мувозанати ва тийиб туриш тамойиллари ҳам айнан ҳокимиятлар ўртасидаги ўзаро назорат механизмининг амал қилишини ифодалайди. Вакиллик органларининг ижро ҳокимияти органлари устидан назорати, аввало, уларнинг бевосита халқ томонидан сайланганлигида ўз ифодасини топади. Яъни вакиллик органлари томонидан ижро ҳокимиятининг назорат қилиниши жамоатчиликнинг билвосита назоратини, шунингдек назоратнинг энг самарали усулини ифодалайди. Шу боисдан Президентимиз Ислом Каримов Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида “...ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўта муҳим бир мақсадга, яъни ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни кўришга қаратилган эди”, деб алоҳида таъкидлаган эди.
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш борасида ислоҳотлар тобора чуқурлаштирилиб, парламентнинг жамият ҳаётидаги мавқеи мустаҳкамланмоқда. Эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталарида, маҳаллий Кенгашлар сессияларида ижро ҳокимияти раҳбарларининг аниқ масала юзасидан ҳисоботларини тинглаш амалиёти жорий этилди. Айни чоғда Сенат қўмиталари маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликда у ёки бу қонуннинг ҳудудлардаги ижросини муҳокама этмоқдалар. Депутатларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро шериклигининг илк босқичи сифатида давра суҳбатлари, амалий конференциялар ўтказилмоқда. Бу эса пировардида парламент ва депутатлик ваколати орқали барқарор жамоатчилик назоратини амалга оширишга замин яратаётир.
Бу жараён, албатта, барчадан катта сиёсий тайёргарликни, фаолликни талаб этаяпти. Президентимиз таъбири билан айтганда, мазкур ислоҳотлар муваффақияти, авваламбор, мамлакатимизни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз суръатига, фуқароларимизнинг сиёсий ҳамда ҳуқуқий маданиятининг юксаклигига ва ўз-ўзидан аёнки, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг етуклик даражасига, уларнинг Ўзбекистонимиз тақдири ва келажагига дахлдор бундай улкан масъулиятли ваколатларни ўз зиммасига олишга қай даражада тайёр эканига бевосита боғлиқдир.
Бу борада сиёсий партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга. Негаки, сиёсий партиялар ўз дастурлари ғояларини айнан ана шу депутатлик гуруҳлари орқали амалга оширадилар. Бинобарин, маҳаллий Кенгашларда йил бошида қабул қилинган регламентда депутатлик гуруҳлари ваколат ва вазифалари аниқ белгилаб берилган. Хусусан, партия депутатлик гуруҳлари ҳоким ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, ўз ҳудудидаги корхона, ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови билан чиқиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш жойларда ҳудудий дастурларнинг тўлақонли бажарилишига хизмат қилиши турган гап.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Концепция асосида ишлаб чиқилган ҳамда ҳаётга татбиқ этила бошланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонун сиёсий партияларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари зиммасига бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди.
Шу боис ушбу вазифаларнинг моҳиятини чуқур тушунтириш мақсадида Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига вилоятдан ёрдам берувчи ишчи гуруҳи ташаббуси билан сиёсий партиялар вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари ҳамда уларнинг депутатлик гуруҳлари раҳбарлари иштирокида семинар-тренинг уюштирилди. Унда депутатлик сўрови, ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳисоботи, сессия ва доимий комиссиялар иш режасига масалалар киритишга оид илғор тажрибалар ўрганилди. Бу борада мавжуд нуқсон ва камчиликлар аниқланди ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, депутатлик гуруҳлари сиёсий партиялар шаҳар ва туман бўлимлари билан ҳамкорликда сайловчилар қабулини уюштириш масаласини атрофлича муҳокама этдилар. Айрим сиёсий партияларнинг жойлардаги жамоатчилик қабулхоналарини янада жонлантириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Депутатлик гуруҳи фаолияти, моҳиятига кўра, сайловчи билан ҳамнафас. Шу сабабли депутатлар аҳоли мурожаатларини ўрганиб, уларнинг талаби асосида ўз ҳудудларидаги тегишли тармоқ ва корхоналар раҳбарлари ҳисоботини эшитишни режалаштириши айни муддаодир. Бу, табиийки, сиёсий партияларга ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни тезда бартараф этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда фаолроқ қатнашишга замин яратади.
Хулоса ўрнида айтганда, Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар депутатлик гуруҳлари масъулиятини янада юксалтиради, уларнинг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишига хизмат қилади.

Ф. ТОШЕВ
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 06.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati