O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

06.01.2011

 

Қонун кучга кирди

Инсон манфаатларини таъминлаш қонунчиликни такомиллаштиришда асосий вазифалардандир

 

Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг пировард мақсади, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноий жазоларни либераллаштириш ҳамда юртимиз қонунларини халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига уйғунлаштиришни назарда тутади.
Ватанимизда кейинги йилларда жиноий жазоларни либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида ҳам ушбу йўналишда бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Шу маънода, яқинда расмий эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига шахс содир этган жиноятидан пушаймон бўлса, жазодан озод этишга доир янги ўзгартишлар киритилди. Умуман, Ўзбе кистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалда қилмишидан пушаймон бўлган фуқароларни жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилишнинг ҳуқуқий механизми ўрганиб чиқилган.
Маълумки, “Шахснинг амалда пушаймон бўлиши” жиноят қонунчилигида янги тушунчалардан ҳисобланади. Яъни бунда шахс ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этса-да, ўз айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиб, жиноятнинг ­очилишига фаол ёрдам бериши ҳамда келтирилган зарарни қоплаши англашилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, амалда пушаймон бўлиш ушбу тоифадаги хатти-ҳаракатларни содир этган шахсларнинг жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинишини кафолатлашга хизмат қилади. Бу мамлакатимиз жиноят қонунчилигининг айрим нормаларида ҳам ўз аксини топган. Жумладан, Жиноят кодекси 155-моддасининг тўртинчи қисмига биноан, террорчилик жиноятини тайёрлашда иштирок этган шахс, агар у ҳокимият органларига ўз вақтида хабар берса ёки бошқа усул билан оғир оқибатлар юзага келишининг ҳамда террорчилик мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашса, жиноий жавобгарликдан озод этилади.
Худди шундай меъёрлар Жиноят кодексининг давлатга хоинлик, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовузкорлик, жосуслик, пора бериш, пора беришга воситачилик, тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиш ёки тузиш, қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш учун жавобгарликларни назарда тутувчи моддаларида қайд этилган.
Шу билан бирга, Жиноят кодекси Махсус қисмининг шахс амалда пушаймон бўлганда, жавобгарликдан ёки жазодан озод этилиши мумкинлиги ҳақидаги ушбу қоидалари Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодекс ларининг умумий қоидаларида ўз аксини топмаган. Бу эса бундай асослар билан жиноят ишини тугатиш ёки жазодан озод этиш жараёнини процессуал расмийлаштиришда қийинчиликлар туғдирмоқда. Хусусан, сўнгги уч йил мобайнидаги тергов амалиётида 189 нафар шахсга нисбатан жиноят ишларини амалда пушаймон бўлиш натижасида тугатишда мана шундай муаммо юзага келган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларининг амалда пушаймон бўлиш туфайли жавобгарликдан ёки жазодан озод этиш институти билан боғлиқ нормаларини такомиллаштиришни кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторларимиз томонидан маъқулланди.
Кодекснинг янги таҳрирдаги 66-моддасига мувофиқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Мазкур модданинг иккинчи қисмига биноан, ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида алоҳида кўрсатилган ҳолларда, жиноят содир этган шахс ўз қилмишига амалда пушаймон бўлган тақдирда, жавобгарликдан озод қилиниши лозим.
Жиноят кодексининг 71-моддаси ҳам янги таҳрирда баён қилинди. Унга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлса, суд томонидан жазодан озод қилиниши мумкин.
Жиноят-процессуал кодексининг 84, 333, 362, 401, 421, 463 ва 493-моддалари эса амалда пушаймон бўлиш туфайли жиноят ишини тугатиш ҳамда жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқаришнинг ҳуқуқий асосларини кўзда тутувчи нормалар билан тўл дирилган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ўзгартишлар амалда пушаймон бўлиш туфайли жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этишга оид нормаларнинг амалиётда тўғри ва бир хилда қўлланилишига хизмат қилади.
Р. ҚЎРҒОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati