O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш омили

Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ижро этувчи ҳокимиятнинг фаолияти устидан парламент назорати имкониятини кенгайтириш, сенаторларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларга ечим топишда ўз минтақалари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятлари самарадорлигини ошириш, айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини фаоллаштиришда муҳим омил бўлади, десак, асло янглишмаймиз.

Дарҳақиқат, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида алоҳида аҳамият касб этувчи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг жойларда рўёбга чиқарилишини таъминлашдаги, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрни ниҳоятда катта. Зеро, ҳар бир вилоятнинг, туман ва шаҳарнинг пасту баландидан, одамлари, иқтисодий салоҳияти, имкониятларидан ўша ердаги вакиллик органлари, доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари яхшигина хабардор. Шу боисдан ҳам Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг аввалги чақириқ бешинчи ялпи мажлисидаги маърузасида маҳаллий Кенгашлар, айниқса, доимий комиссиялар фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг амалдаги қонунчиликда белгилаб берилган ваколатлардан унумли фойдаланиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомда ҳам мана шу мақсадлар мужассамдир. Чунки ушбу ҳужжатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда Сенат ўртасидаги муносабатларни ҳам янги босқичга олиб чиқади. Чунончи, регламентга кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг иш режаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг доимий комиссиялари, ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари, тегишли ҳудудда жойлашган корхона, муассаса, ташкилот ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари таклифлари, шунингдек, ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида маҳаллий Кенгашлар ҳокимнинг тақдимига биноан маҳаллий бюджет ва унинг ижросига доир ҳисоботни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаши, қонунларга мувофиқ, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаши, маҳаллий солиқлар бўйича имтиёзлар бериши мумкинлиги қайд этиб қўйилган.
Бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари фаолияти тубдан яхшиланиб бормоқда. Бунда, албатта, Олий Мажлис Сенати, чунончи, юқори палатанинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан бажарилаётган чора-тадбирлар аҳамияти катта бўлмоқда. Негаки, мазкур тадбирларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу борада Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, маҳаллий Кенгашларнинг ушбу мақсадларни рўёбга чиқаришдаги вазифалари ҳақида батафсил ахборотлар берилиб, маҳаллий Кенгашларга амалий ёрдам кўрсатилаётир.
Маълумки, Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 84 нафари бевосита халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари орасидан сайланиб, ўз ҳудудларининг манфаатларини мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлиснинг юқори палатасида ҳимоя қилади. Шу маънода айтганда, Президентимизнинг парламент палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Сенат ва ҳудудий вакиллик органлари ўртасидаги муносабатларда янги даврни бошлаши шубҳасиз. Чунки Сенатга берилаётган ҳар бир ваколат, ҳуқуқ замирида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳам масъулиятини ошириш ғояси мужассамдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Асосий Қонунимизда белгилаб берилган ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, умумдавлат дастурлари ижросини парламент назоратига олаётгани, айниқса, мутасадди вазирлик ва давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш йўлга қўйилгани юртимизда парламентнинг ҳукумат фаолиятига таъсирини сезиларли даражада ошириш имконини бераяпти. Табиийки, бу тартиб-қоидани жойлардаги Кенгашлар фаолиятига татбиқ этишга эришишнинг аҳамияти ҳам беқиёсдир.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, парламентнинг ҳукуматни шакллантиришдаги ваколатларини кенгайтириш муҳим ўрин тутади. Зеро, мазкур Қонунга асосан, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандига киритилган қўшимчада мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари доирасига киритилди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур тартиб қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ўртасидаги муносабатнинг ўзига хос усулини жорий қилиш билан бирга, Бош вазир ва у орқали ижроия ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг мамлакатимиз давлатчилик тажрибасига асосланган янги механизмини яратади. Бош вазир бутун ҳукумат фаолияти учун масъуллиги, яъни марказда ва жойларда ижро органлари фаолиятини бошқариши ҳамда мувофиқлаштириб туришини ҳисобга олганда, маҳаллий Кенгашлар умумдавлат дастурларининг ўз ҳудудларида ижро этилишига нафақат жойлардаги ҳокимликлар, балки республика миқёсида ҳам эътиборни жалб қилишга муваффақ бўла олишади.
Хулоса ўрнида айтганда, Конституцияга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда Сенат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб беради. Муҳими, қонунчиликдаги бу ўзгаришлар ҳар бир ҳудуд манфаатларига бирдек хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

И. БАҲРОМОВ
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 05.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati