O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

05.05.2011

Парламент назоратини такомиллаштириш — давр талаби

 

Президентимиз Ислом Каримов давлатимизни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналиши сифатида мамлакатни модернизация қилиш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасидаги вазифалар ҳақида гапириб, “парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа — қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир”, деб алоҳида таъкидлаган эди.
Парламент назоратини кучайтириш қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг давлатни бош­қаришдаги ролини оширишда таъсирчан чора бўлиб, у ижро этувчи органлар фаолиятининг янада очиқ-ойдинлигига эришиш ҳамда қонунларни ижро этишда давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, жамоат назоратини таъминлашга ва қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини кенгайтириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан жорий йилнинг 13 — 29 апрель кунлари Урганч, Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида ўтказилган минтақавий семинар-тренинглар ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан парламент назорати институтини такомиллаштириш масалаларига бағишланди.
Интерфаол усулда ўтказилган машғулотларда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг мазмун-моҳияти, қонунлар ижро этилишини назорат қилиш самарадорлигини оширишда сенаторлар, маҳаллий вакиллик органлари депутатларининг вазифалари ва роли ҳақидаги маърузалар тингланди. Парламент эшитувларини ўтказиш, парламент сўровини юбориш каби назоратнинг таъсирчан воситаларига алоҳида эътибор берилди.
Семинар-тренингларда парламент назоратини амалга оширишда ва самарадорлигини таъминлашда Сенат қўмиталарининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Семинар-тренингларда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ҳамда улар доимий комиссияларининг раислари, мутахассислар, БМТ Тараққиёт дастури ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati