O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

05.02.2011

 

Муносабат

Барқарорлик ва иқтисодий юксалишнинг истиқболли дастури

 

Ўтган йилда мамлакатимиз қўлга киритган ютуқлар, эришилган марралардан ҳар бир ўзбекистонлик ғурурланиши табиий. Чунки 2010 йилда юртимиз ­иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий ­барқарорлиги ­сақланиб қолди.
Хусусан, ялпи ички маҳсулотимиз ўсиши 8,5 фоизни ташкил этди. Интернет манбаларида ёзилишича, Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича дунё мамлакатлари орасида юқори ўнталик сафидан жой олган. 2000 йилдагига нисбатан таққослаганда, 2010 йилда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот қарийб 2 баробар, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 1,7 баробар ошди.
Бундай улкан натижалар, рақамларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Таъкидлаш жоизки, бунда истиқлолнинг дастлабки йилларида Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган, бешта тамойилни ўзида мужассам этган “ўзбек модели”нинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Ўша пайтда биз танлаган миллий тараққиёт йўлига шубҳа билан қараганлар ҳам кўп бўлганди. Буни барчамиз яхши хотирлаймиз. Лекин ана шундай салбий муносабатларга парво қилмасдан, мамлакатимизда ислоҳотлар изчиллиги ва қатъийлиги таъминланди. Юртбошимиз азму шижоати билан эзгу мақсадларга эришишга халқимизда ишонч, умид уйғонди. ­Негаки, барча саъй-ҳаракатлар замирида фақат ва фақат инсон манфаати, унинг турмуш шароитини яхшилаш, ­Ватанимизни ҳар ­томонлама тараққий эттириш нияти ­мужассам эди-да.
Ютуқларимиз омили бўлган яна бир ҳақиқат шуки, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда ички ресурсларимиздан, мавжуд имкониятларимиздан тўғри ва самарали фойдаланилганидир. Ташқи мададларни кутмасдан, балки табиий, моддий имкониятлар, халқимизнинг яратувчанлик салоҳияти самарали йўналтирилгани “ўзбек модели”нинг ўзига хос жиҳати ҳисобланади. Давлат ислоҳотлар марказида ташаббускор ва мувофиқлаштирувчи сифатида туриб, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган чораларни кўрди. Эришилган ҳар бир ютуқни янада мустаҳкамлаш, танланган йўлдан оғишмаслик бизни улкан талафотлардан, бало-қазолардан асради. Айниқса, 2008 йилда бошланиб, ҳали-ҳануз дунё иқтисодиётини синовдан ўтказаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида Ўзбе­кистоннинг йўли нечоғли оқилона экани яна бир ­карра ўз тасдиғини топди.
“Бозор ўз муаммосини ўзи ҳал қилади” қабилидаги ёндашув асосида сиёсат олиб борган ривожланган давлатларда ҳам банк тизимида спекулятив амалиётларни жиловлашга, бозор субъектларининг масъулиятини оширишга, иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишга қаратилган қонунлар ва дастурлар қабул қилингани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўғри ва ҳаётийлигини кўрсатади, албатта.
Шу ўринда мамлакатимизда ­ташқи бозорга чиқиш, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро тенг ва манфаатли алоқалар ўрнатиш ҳамда имтиёзли, узоқ муддатли инвестициялар жалб қилиш бўйича пухта ўйланган сиёсат олиб борилганини эътироф этиш лозим. Хусусан, ўтган йили юртимизда 9 миллиард 700 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилди. Ушбу сармояларнинг салкам 72 фоизи ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга, жумладан, 38 фоизга яқини асбоб-ускуна ва ­илғор технологиялар сотиб олишга йўналтирилди. Мазкур чоралар нафақат ички бозоримизни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга, айни пайтда экспортга чиқарилаётган маҳсулотлар ва хизматлар кўламини кенгайтиришга ҳам хизмат қилди. Масалан, саноат корхоналари томонидан ўтган йили 160 дан ортиқ номдаги янги маҳсулотлар турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мутлақо янги платформа асосида тайёрланаётган “Spark” енгил автомобили, катта ҳажмда юк ташийдиган “MAN” автомобиллари, энергия тежайдиган лампалар, “LG” русумидаги жаҳонга машҳур совутқичлар, калий ўғитлари ана шулар жумласидандир. МДҲ мамлакатларида харид қилинаётган чет эл автомобиллари орасида ўзимизнинг “Nexia” ва “Matiz”лар энг харидоргир транспорт воситаси сифатида эътироф этилаётганини алоҳида айтиб ўтиш зарур.
Мамлакатимиз тараққиёти, албатта, давлат бюджет-солиқ сиёсатининг нечоғли самарали амалга оширилиши билан бевосита боғлиқдир. Чунки солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, бюджет харажат ва даромадлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан кўрилаётган қатъий назорат чора-тадбирлари ҳам иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланишида муҳим омил бўлаяпти. Ўтган йили Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан ошириб, яъни 0,3 фоиз профицит билан бажарилгани ва давлат ташқи қарзларининг камайганлиги бунинг яққол далилидир.
Бу рақамлар, албатта, у ёки бу соҳадаги ютуқларни ифода этибгина қолмасдан, одамлар ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, турмуш фаровонлигидаги юксалишлар мезони ҳамдир. Буларни ҳамюртларимизнинг ўртача иш ҳақи мустақиллик йилларида 14 баравар ошгани ҳам тасдиқлайди. Таққослаш учун бир мисол: 2007 йилда ҳар юз оилага 6 та автомобиль машинаси тўғри келган бўлса, бугун уларнинг сони 28 тага етди. Демакки, умумдавлат миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мевасини халқимиз ўз ҳаёти, турмушидаги ижобий ­ўзгаришлар мисолида кўриб, билиб турибди.
Шу ўринда мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишида банк-молия тизимининг тўлов қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича катта ­ишлар амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. 2010 йилда тижорат банкларининг жами капитали 36 фоизга ортди. Банкларимиз эришган 23 фоиз ­миқдоридаги капиталнинг етарлилик даражаси дунёда қабул қилинган ­халқаро стандартлардан, хусусан, халқаро Базель қўмитаси талабларидан қарийб 3 баробар кўпдир.
Маълумки, молия муассасалари мониторинги билан шуғулланадиган халқаро Базель қўмитасининг йўриқномалари дунёнинг кўплаб давлатларида ­тавсия тариқасида амалиётга татбиқ этилади. 1974 йилда ташкил этилган Базель қўмитасининг асосий мақсади банклар фаолиятини тартибга солиш бўйича ягона меъёрни ишлаб чиқишдир. Қўмита томонидан “Базель I” (1988 й.)­ ҳамда “Базель II” (2004 й.) деб номланган банклар учун тавсиявий аҳамиятга эга қоидалар яратилган. Ушбу меъёрлар давлатлар учун мажбурий бўлмаса-да, лекин тавсия этилган қоидалар, аксарият ҳолларда, миллий қонунчиликда ўз ифодасини топади. Бугунги кунда “Базель II” халқ­аро стандарти ­жаҳоннинг юздан зиёд мамлакатида қўлланилади. Мазкур қоидалар замирида, аввало, банклар хизматидан фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш устувордир. Яъни ҳар бир банк камида 8 фоиз миқдорида етарлилик даражасига — тўлов қобилиятига эга бўлиши керак. Мазкур қоидаларга молия тузилмалари, айниқса, йирик банкларнинг етарлича эътибор қаратмагани, энг ёмони, “бозор эркинлиги” важи билан кўплаб мамлакатларда банклар фаолиятининг халқаро ­Базель қўмитаси тавсияси бўйича назоратга олинмагани жаҳон иқтисодиётини молиявий бўҳронга маҳкум этди, ­десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Шу боисдан бугунги кунда халқаро ҳамжамият банклар фаолиятини ислоҳ қилиш керак, деган масала устида қизғин баҳс-мунозара юритмоқда. Бу борада, ҳатто, даст­лабки қадамлар ҳам ташланаётир. Жумладан, халқаро Базель қўми­таси банклар фаолияти бўйича янги тавсияларни ишлаб чиқди. 2013 йилдан амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилаётган тавсияларга кўра, ­банкларга талаб янада кучай­тирилади.
Биз бежизга бу ҳақда мушоҳада юритмаяпмиз. Чунки Президентимиз томонидан олиб борилган изчил ва таъсирчан чоралар самарасида банк­ларимизнинг тўлов қобилияти бугун Базель қўмитаси мўлжаллаётган миқдордан ҳам кўпдир. Айни чоғда юртимиздаги 15 та тижорат банки “Фитч Рейтингс”, “Мудис” ва “Стандарт энд Пурс” каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” ­даражасига эга.
Ҳақиқатан ҳам, фахрлансак, ғурурлансак арзийдиган, дунё жамоатчилиги ва нуфузли сиёсий ҳамда иқтисодий доиралари тан олаётган, эътироф қилаётган ютуқларимиз бисёр. Мана шу ютуқлар кўламини янада кенгайтириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш бугун барчамизнинг зиммамизда турган энг муҳим вазифалардандир. Айниқса, ислоҳотларнинг жойларда бекаму кўст рўёбга чиқарилишини таъминлашда ҳокимликлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари янада фаол, фидойи бўлиши айни заруратдир. Президентимиз айтганларидек, бугун боқимандаликка берилмаслик, ютуқлардан ҳаволаниб кетмасдан, ислоҳотларимиз доирасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган режа ва дастурларимизнинг изчиллигини, самарасини ва энг муҳими, халқимиз манфаатларига мос келишини таъминлашимиз лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳам Президентимизнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси асосида ўз иш режаларини қайтадан таҳлил қилиб, бу борада бир қатор масалаларга эътиборни кучайтиришни режалаштираяпти. Маърузада қайд этилган иқтисодий дастурнинг жойлардаги ижроси, хусусан, Жиззах ва Навоий вилоятларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир мамлакатимиз қонунлари, энг муҳим давлат дастурлари ижросини ўрганиб чиқмоқчимиз. Айни чоғда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг Давлат мулки қўмитасида, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг Қашқадарё вилоятида, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурининг эса Жиззах ва Сирдарё вилоятларида бажарилишини таҳлил қилиш ниятидамиз. Шу билан бир қаторда, амалдаги айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида тегишли қонун ташаббусига эга субъектлар билан ҳамкорлигимизни кучайтирмоқчимиз. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурининг сўзсиз ижросига қаратилади. Зеро, мазкур дастур халқимиз манфаатлари ва фаровонлигини таъминлаш ҳамда Ватанимизни иқтисодий жиҳатдан янада юксалтиришнинг стратегик ҳужжатидир.

Абдурашид АЛТИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati