O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

05.01.2011

 

Дил сўзи

ТАРАҚҚИЁТИМИЗНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

 

Президентимизнинг 2011 йил кириб келиши муносабати билан халқимизга йўллаган Янги йил табригини оиламиз даврасида диққат-эътибор билан тингладик. Қутловда янграган сўзлар қалбимиздан жой олди. Янги йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш устувор вазифа бўлар экан, ҳаётимиз янада яхшиланади, имкониятларимиз кенгаяди.
Беадад шукрки, бошимиздан ўтказган синов ва қийинчиликларга, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирига қарамасдан, ўз ниҳоясига етган 2010 йил эл-юртимиз, Ватанимиз учун ҳар жиҳатдан мазмунли, баракали ва омадли бўлди.
Сир эмас, молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-ҳануз кўплаб давлатлар иқтисодиётини жиддий синовдан ўтказаяпти. Аксарият ривожланган мамлакатларда давлат бюджетидаги тақчилликни тўлдириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар, пировардида, ушбу давлатларда ижтимоий-социал зиддиятларни кучайтирмоқда. Бундай шароитда юртимизда бутунлай барқарор бюджет сиёсати олиб борилаётгани барчамизни қувонтиради, албатта. Яқинда Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида 2011 йилги Давлат бюджетини муҳокама қилиб, маъқулладик. Унда соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва бошқа соҳаларга қаратилган маблағлар ҳажми сезиларли даражада оширилган. Хусусан, давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизини айнан ижтимоий соҳаларга йўналтириш кўзда тутилаётгани халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилайди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Зотан, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини узлуксиз юксалтириш мақсадида иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорини 25 фоиз кўпайтириш белгилангани, айниқса, эътиборга сазовордир.
Бу ғамхўрлик, бу эътибор, албатта, ҳар биримизни жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш бўйича Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатини қатъият билан давом эттиришда камарбаста бўлишга, самарали меҳнат қилишга ундайди.
Рустамали МАЖИДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati