O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий кафолати

Бугун мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда зарур қонуний асослар яратилган бўлиб, улар изчил такомиллаштириб борилмоқда.

Маълумки, фуқаролик жамиятини қуриш бир қанча ваколатларни давлатдан маҳаллий ҳокимият органларига, жамоат тузилмаларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич топширишни кўзда тутади. Давлат эса, асосан, конституциявий тузумни, мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиши, ҳуқуқ-тартибот ҳамда мудофаа қобилиятини таъминлаши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, мулк эгаларининг ҳуқуқларини, иқтисодий фаолият эркинлигини муҳофазалаши, самарали ташқи сиёсат олиб бориши талаб этилади. Булар қаторида, шунингдек, стратегик аҳамиятга молик масалалар, муҳим иқтисодий ва хўжалик масалалари бўйича, пул ва валюта муомаласи бўйича қарорлар қабул қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш, экология масалалари, умумреспублика транспорт ва муҳандислик коммуникацияларини ривожлантириш, янги тармоқларни вужудга келтирадиган ишлаб чиқаришни барпо этиш масалалари давлат миқёсида ҳал қилинади.

Жамият ҳаётидаги яна бошқа кўплаб вазифалар, хусусан, бозор ислоҳотларини амалга ошириш, тадбиркорликни рағбатлантириш, хусусий мулкни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, истеъмол бозорини тўлдириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) бу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Энг муҳими, Президентимиз томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Шу ўринда нодавлат ва жамоат ташкилотлари жамият аъзоларининг манфаатлари мувозанатини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, сиёсий ва ижтимоий соҳада эса давлат тизимларига муқобил куч сифатида фаолият кўрсатаётганини алоҳида эътироф этиш керак.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳам фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича аниқ қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Унда таъкидланганидек, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ҳамда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича ўз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи омилдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган давр мобайнида юртимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, нодавлат нотижорат ташкилотлари мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда республикада ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 5100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун”, “Нуроний” жамғармалари, “Ижод” фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ва бошқа жамоат ташкилотлари ана шулар жумласидандир. Улар ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда.

Давлатимиз раҳбари фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг галдаги вазифаларини белгилаб берар экан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонуний кафолатларини мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлади. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамият ва давлат қурилиши, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг турли соҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини белгилаб берган қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим. Бу бежизга эмас, албатта. Негаки, жамиятнинг энг фаол институтларидан бирига айланиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига асоссиз аралашиш, уларнинг ўз мақсад ва вазифаларини амалга оширишига тўсқинлик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Бундай шароитда, айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг мансабдор шахслар томонидан поймол этилиши учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши Ўзбекистонда рўёбга чиқарилаётган “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” мақсадининг қатъий эканлигидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини белгилаб берган қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ. Зеро, шу орқали жамият ва давлат қурилиши, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг турли соҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқларини таъминлашнинг қонуний механизми яратилишига эришилади. Бундай тартибнинг ўрнатилиши, табиийки, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шерикликни кучайтириш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб боришдаги фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтганда, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Концепцияда илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш пировардида нодавлат ва жамоат ташкилотларининг масъулиятини кучайтириб, уларнинг жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашдаги ролини оширади.

Х. ИБРАГИМОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 04.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati