O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

04.01.2011

 

Парламент ҳаёти

Қонунлар ижросини таъминлаш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бўлмоғи лозим

 

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилиб, қўмита фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот берилди. Мулоқотда иштирок этган мухбиримиз мазкур қўмита раиси Светлана Ортиқовага бир қанча саволлар билан мурожаат қилди.
— Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарининг ўтган йил 27 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида парламент назорат ваколатларидан кенг фойдаланиши кераклигига алоҳида урғу берганди. Бу борада қўмита томонидан қандай ишлар амалга оширилаётир?
— Ҳақиқатан ҳам, Президентимизнинг ушбу маърузасида Олий Мажлис палаталари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор масъулиятли вазифалар белгилаб берилди. Парламент назорати институтининг турли шаклларидан кенг фойдаланиш ана шулардан биридир. Биз ҳам якунланган йил давомида давлат тузилмалари раҳбарларининг қонун ҳужжатларини ижро этишга оид ҳисоботларини эшитиб бориш бўйича қатор тадбирларни амалга оширдик. Хусусан, 2010 йилда бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисимизда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ахборотини эшитиб, муҳокама қилдик. Унда мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиё сий, иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бу борада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд камчиликлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, унинг ижроси изчил назорат қилиб ­борилаяпти.
Масалан, Сенатнинг Қарорида мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли асосда таҳлил қилиш, умумлаштириш ҳамда ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириб бориш тавсия қилинганди. Натижада Давлат солиқ қўмитаси томонидан бу борада аниқ режа ишлаб чиқилиб, унинг ижроси ҳақида маълумотлар бизга мунтазам тақдим этиб келинмоқда. Тизимдаги 1843 нафар ижрочи, 238 нафар раҳбарлик лавозимига захирага олинганлар ҳамда 74 нафар ҳудудий солиқ органлари раҳбарлари малакаси оширилгани қувонарли ҳолдир. Негаки, бу амалдаги қонунлар ижросини янада сифатли ва тўла-тўкис таъминлаш имкониятини кенгайтиради. Чунки кўп ҳолларда қуйи бўғиндаги ходимларнинг қонунчиликдаги ўзгаришлардан яхши хабардор бўлмаслиги, ўз ишига масъулият билан ёндашмаслиги қонунларнинг тўлиқ ишламасдан, нор маларининг қўпол равишда бузи лишига олиб келаётганди. Юрт боши миз алоҳида урғу берган парламент назорати шаклларининг таг-заминида, аслида, мана шундай камчиликларга чек қўйиш ва ижобий ютуқларга ­эришиш мақсади мужассамдир, десак, ҳақ гапни айтган бўламиз.
— Светлана Боймирзаевна, қўмитанинг қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил фаолияти ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Олий Мажлис Сенатининг 2010 ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурида мамлакатимиз қонунлари, тегишли давлат дастурлари ижросини парламент назоратига олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланган. Қўмитамиз ҳам ушбу дастур асосида “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, вояга етмаганларга оид қонун ҳужжатларининг ижроси тегишли вазирликлар, ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб чиқди.
Маълумки, ҳакамлик судлари мамлакатимиз ҳаётида нисбатан янги тузилма бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинган. Ҳозир мамлакатимиз бўйича 85 та ҳакамлик суди ташкил этилган бўлиб, уларда 451 нафар судья фао лият олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари таркибида ҳам ҳакамлик судлари фаол иш юритаётир. Улар томонидан 2007 йилдан 2010 йилнинг сентябрига қадар 63,8 миллиард сўмлик жами 2295 та иш кўриб чиқилган. Буларнинг бари мамлакатимизда аҳолининг ҳакамлик судларига бўлган ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир. Чунки хориж тажрибасидан маълумки, ривожланган давлатларда ҳакамлик судлари хўжалик низоларининг аксарият қисмини кўриб чиқади. Бизда ҳам бундай жараён кузатилаётгани ижобий ҳолат ҳисобланади.
Албатта, ўрганишларимиз давомида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди. Мисол учун, ҳакамлик судлари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ушбу тузилма фаолиятининг афзалликлари хусусида оммавий ахборот воситаларида таҳлилий чиқишларни кўпайтириш орқали уларга бўлган мурожаатлар сонини изчил ошириб бориш, соҳага кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш айни заруратдир. Чунки Савдо-саноат палатаси тизимидаги ҳакамлик судлари фаолияти ўрганилганда, уларнинг иш юритуви бирмунча саёз эканлиги кўзга ташланди. Шу боисдан ушбу масалаларни қўмитамиз йиғилишида атрофлича кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилдик ҳамда мутасадди идораларга назорат учун юбордик.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, шунингдек, вояга етмаганларга оид қонун ҳужжатлари ижросини ҳам мана шу нуқтаи назардан ўрганиб чиқдик.
— Албатта, булар Сенатнинг мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган ваколатлари изчил рўёбга чиқарилаётганидан дарак беради. Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш учун яна қандай чора-тадбирлар кўрилиши керак, деб ўйлайсиз?
— Маълумки, Юртбошимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ўтган йил 27 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида “парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган иккинчи ғоят муҳим вазифа — бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Шуни очиқ тан олиш керак, бу борада ишларимизни қониқарли деб бўлмайди. Масалан, давлатимиз раҳбари айтиб ўтган, парламент назоратининг “сенатор сўрови”, “парламент эшитуви” ва бошқа шаклларини фаолиятимизда янада кенг қўллашнинг вақти етди. Буни қўмитамиз томонидан ташкил этилган “Парламент назорати самарадорлигини ошириш: ҳозирги аҳволи ва истиқболлар” мавзуидаги конференция да билдирилган фикр-мулоҳазалардан ҳам билиб олиш мумкин. Чунки унда маъруза қилган соҳа вакиллари бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлашди.
Тўғриси, илгари биз қонунлар ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб, бу бўйича қабул қилинган қарорнинг ижросига бир оз эътиборсиз муносабатда бўлардик. Эндиликда эса бу масалани жиддий назорат қилиб бораяпмиз. Мисол учун, юқорида қайд этилган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг тузилмаларида доимий асосда фаолият юритаётган ҳакамлик судлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари ҳақидаги қўмитамиз қарорида белгиланган вазифалар бажарилиши хусусида жорий йил 1 апрелига қадар ахборот бериш лозимлигини киритдик. Бу, табиийки, парламент назорати институтининг янада такомиллашишига ҳамда самарадорлигини оширишга замин яратади. Очиғини айтиш керак, баъзан қўмита қарорларини айрим идоралар мутасаддилари томонидан ўз вақтида ва тўлиқ бажармаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам биз вазирликлар, давлат қўмиталари ва ҳокимликларнинг қўмита қарорлари ижросини белгиланган муддатда бажариш ва кўрилган чора-тадбирлар хусусида ахборот юбориш масъулиятини янада оширишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни изчил қўллаб бораяпмиз.
Шу ўринда қонун ва дастурлар ижросини ўрганаётганда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан изчил ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш жоиз. Ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси бевосита маҳаллий Кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари фаолияти билан ҳам узвий боғлиқдир. Айни шу нуқтаи назардан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун ижросини Тошкент шаҳрида, вояга етмаганларга оид қонун ҳужжатларининг Андижон вилоятида бажарилишини ўрганганимизда, аввало, ўша жойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг салоҳиятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Айниқса, назорат-таҳлил натижаларини маҳаллий Кенгашлар билан қўшма мажлисларда муҳокама қилаётганимиз жойлардаги депутатларнинг бу борадаги билим ва тажрибаларини ошириш билан бир қаторда, уларнинг янада фаоллашишига замин яратмоқда. Энг муҳими, буларнинг ҳаммаси амалдаги қонунларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини, керак бўлса, уларнинг заиф нуқталарини топишга ҳам ёрдам бермоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз, халқимиз бизга жуда катта ишонч билдирган. Уни оқлаш, ­табиийки, пишиқ-пухта қонунларни маъқуллаш, уларда фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, умумдавлат ва ҳудудлар манфаати уйғунлигини таъминлаш, қонунлар ижроси бўйича парламент назоратини мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифалар ижроси билан боғлиқдир.
Қобил ХИДИРОВ суҳбатлашди.

 


ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati