O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Фуқаролар йиғинлари ва оилавий бизнес истиқболи

Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланиб бораётгани, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратаётгани, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашаётгани эътироф этилди.

Айни чоғда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш долзарб аҳамият касб этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, маҳалла юртимизда демократик жамият барпо этишнинг муҳим асосларидан ҳисобланади. У ўз фаолияти орқали фуқароларнинг давлат бошқарувида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим вазифаларини ҳал этишда бевосита қатнашиши сингари конституциявий ҳуқуқларини таъминлаётир. Бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган 10 мингга яқин фуқаролар йиғини илгари маҳаллий ҳокимият органларининг алоҳида ҳуқуқлари ҳисобланган 30 дан зиёд ваколатни бажармоқда. Чунончи, фуқаролар йиғинлари орқали аҳолини аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий муҳофаза қилиш тизими амалда жорий этилди.

Концепцияда Юртбошимизнинг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифи ҳам баён этилган. Унда маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш орқали маҳаллаларда янги иш ўринлари яратилмоқда, аҳолининг турли қатламлари вакилларига ўз салоҳиятларини янада тўла намоён этишга шароит туғилаётир. Қолаверса, кичик бизнеснинг шундай афзал жиҳатлари борки, у бозор муносабатларида ўзининг ихчамлиги ва ҳаракатчанлиги билан ажралиб туради, аҳоли эҳтиёжига тез мослашади.

2011 йилнинг Президентимиз томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб номланишида ҳам чуқур маъно-мазмун мужассамдир. Бу, энг аввало, мамлакатимизни ислоҳ қилиш жараёни қатъий ва изчил давом этаётганлигини кўрсатиб турибди. Маълумки, хусусий тадбиркорлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бўлиб, қадим замонларда ҳам аждодларимиз бирор бир касбни пухта эгаллаб, у орқали рўзғорини тебратган. Хусусан, халқ ҳунармандчилигининг ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, каштачилик, темирчилик, кулоллик сингари йўналишлари маҳаллаларда оилавий тадбиркорликнинг намунаси сифатида тараққий этаётир.

Шу ўринда маҳаллани ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уни хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Шу боис “Маҳалла” хайрия жамғармаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича берган таклифларида ҳам йиғин, ҳам унинг Кенгаши ҳуқуқлари доирасига хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалаларини киритишга алоҳида эътибор қаратди.

Маълумки, бугунги кунда юртимизда оилавий бизнес, тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигида оилавий тадбиркорлик муҳим аҳамият касб этаётир. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли томорқасида етиштирилаётгани ҳам ана шундан далолат. Маҳаллаларимизда 4 миллиондан ортиқ хонадон ўз томорқасига эга бўлиб, умумий ер майдони 495 минг гектарни ташкил қилади. Шунингдек, ҳудудларда чорвачилик ҳам оилавий бизнеснинг самарали тармоғига айланиб бораётгани эътиборга молик. Ҳозир 4 млн. 300 минг хонадонда 7 млн.дан ортиқ қорамол боқилаётган бўлса, шулардан 4 млн.га яқини соғин сигирлардир. Бундан ташқари, маҳаллаларда гўшт, тухум, балиқ маҳсулотлари ҳам етиштирилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллаларда савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғи, шу жумладан, умумий овқатланиш, новвойлик, қандолатчилик, сартарошлик, тикувчилик сингари касб-корлар, хизматлар изчил ривожланаяпти.

Концепцияда илгари сурилган таклифлар ва эзгу ғояларни ҳаётга самарали татбиқ қилиш мақсадида айни пайтда мутасадди, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жойларда турли ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилаётир. Шу билан бирга, маҳаллаларни хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланган новвойлик, косиблик ва сартарошлик турларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Концепцияда маҳаллани нафақат хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига, балки аҳолини ижтимоий ҳимоя қилувчи тизимга айлантиришга алоҳида аҳамият қаратилганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, маҳаллаларда ташкил этилган ушбу касб-корлар билан шуғулланувчи субъектлар тўлайдиган солиқ ва мажбурий тўловлар юкининг камайтирилиши, мазкур маблағлар маҳалла фуқаролар йиғини ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши ҳудудда яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилалар, етим-есирлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар, фахрийлар каби ёрдамга муҳтож кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда қўл келмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилда маҳаллаларда касаначилик, оилавий бизнес, тадбиркорлик ҳамда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва кенгайтириш ҳисобига республика бўйича 33700 дан зиёд иш ўрни яратилди. Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани эса бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун маҳаллаларда туб ўзгаришлар юз бераяпти. Айниқса, мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида улкан бунёдкорлик, ободлик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Концепцияда илгари сурилган ғоялар аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиши, маҳаллаларимиз қиёфасининг тубдан ўзгаришига замин яратади, албатта.

А. АҲМЕДОВ ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
Ўзбекистон «Маҳалла»
хайрия жамғармаси республика бошқаруви раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 03.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati