O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

03.02.2011

 

«Ўзбек модели»
муваффақиятларимизнинг мустаҳкам пойдевори

 

Халқимизда “Бойликнинг боши — соғлиқ” деган нақл бор. Бу мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилаётган сиёсатнинг туб замирига сингдирилган, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ҳар томонлама соғлом халқ давлатимизнинг куч-қудрати, бебаҳо ­бойлигидир.
Юртбошимизнинг ­Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган мажлисидаги маърузасини тинглаб, кўнглимдан худди шундай мулоҳаза ўтди.
Давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва ушбу тизимда сифат ўзгаришларини амалга оширишни таъминлашга доир келтирилган ҳар бир рақам таг-заминида не-не заҳматли меҳнат, миллат учун, халқ учун юксак ғамхўрлик ётганини англаб олиш қийин эмас. Биргина она ва бола саломатлигини ҳимоялаш бўйича бажарилаётган ишларга эътибор беринг: скрининг ва перинатал марказлари ташкил этилиб, улар энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланаётгани самарасида ўтган ўн йил давомида мамлакатимизда оналар ўлими ҳар минг киши учун 33,1 нафардан 19,7 нафарга, болалар нобуд бўлиши эса 18,9 нафардан 10,1 нафарга тушди. Туғма ва ­ирсий касалликлар билан туғиладиган болалар сони қарийб икки баробар ­камайди.
Дунёда экологик вазият тобора ёмонлашаётган, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтилаётган, шунингдек, жаҳон молия­вий-иқтисодий инқирози мураккаб шароитни келтириб чиқараётган бир пайтда бундай натижага эришиш, албатта, ҳар биримизни қувонтиради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон бу борада халқаро ҳамжамият томонидан белгиланган марраларга тўла-тўкис эришаётир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2000 йилда бўлиб ўтган саммитида дунё миқёсида глобал ­муаммоларга барҳам бериш мақсадида саккизта ­йўналишни қамраб олган Мингйиллик ривожланиш мақсадлари дастури қабул қилинди. Унда қашшоқлик, оналар ва болалар ўлимини 2015 йилга қадар кескин камайтириш кўзда тутилган. Жумладан, болалар ­ўлимини ­учдан икки ­баробарга қисқартириш режалаш­тирилган.
Юртимизда ана шу мақсадга эришиш учун тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ялпи ислоҳотлар, таркибий ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йиллар мобайнида ялпи ички маҳсулот 3,5, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 баравар ўсди, ўртача иш ҳақи 14 баравар ошди. Давлатнинг ижтимоий соҳа ва ижтимоий муҳофаза учун сарф-харажатлари 5 баравардан зиёдроқ кўпайди. Бугунги кунда давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижти­моий соҳага йўналтирилмоқда. Айни пайтда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 82,5, табиий газ ­билан таъминлаш 83,5 фоизга етди, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, ўта оғир юқумли касалликларга барҳам бериш ҳамда уларни камайтириш борасида қатъий чоралар кўрилди. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият қабул қилган дастур параметрларини босқичма-босқич қўлга киритиш имконини берди. Ушбу даврда, яъни қарийб 20 йил мобайнида одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди. Энг муҳими, бу ютуқларимизни нуфузли халқаро ташкилотлар, экспертлар баралла эътироф этишаётир. Яқинда интернетда бир маълумот пайдо бўлди. Унда Минг­йиллик ривожланиш мақсадлари ижроси дунё харитасида акс эттирилган. Дастур ижроси қарийб рўёбга чиқарилган саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги, айниқса, қувонарлидир.      
Яна бир мисол. Яқинда парламент делегацияси таркибида Япония давлатида бўлиб, Кунчиқар мамлакат қонун чиқарувчи органи фаолияти, айни пайтда у ерда амалга оширилаётган ишлар, ислоҳотлар билан яқиндан танишдик. Ўзаро мулоқотларимиз чоғида Ўзбекистон ҳақида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашдик. Япония парламенти аъзолари, айниқса, мамлакатимизда аҳоли саводхонлиги даражаси қарийб 100 фоиз, ўртача умр кўриш ёши эса 73 йил эканлигини билишгач, эҳтиросларини яшириб ўтиришмади. Негаки, Япония бу борада дунёнинг энг олдинги ўринларида турса-да, ушбу натижаларга эришиш учун япон ­халқи ярим аср мобайнида жуда катта саъй-ҳаракату сармояларни йўналтирган. Япониялик ҳамкасбларимиз “Ўзбекистон бунга ўз мустақил тараққиётининг нисбатан қисқа даврида эришгани жуда катта воқеа­дир. Шу боис у ўрганиш, таҳлил қилиш учун муносиб модель” ­эканлигини такрор ва такрор қайд ­этишди.
Дарҳақиқат, ўз вақтида ишлаб ­чиқилган тараққиёт моделимизнинг нақадар тўғри эканини ва амалда ўзини тўла оқлаганини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.
Президентимиз йил якунларига бағишланган мажлисда таъкидлаганидек, ютуқлардан, мақтовлардан ҳаволаниб кетмасдан, олдимизда турган устувор вазифаларнинг, мақсадли дастурларнинг ижросидаги изчилликни таъминлаш, Ватанимизнинг бундан-да тараққий этиши ҳамда халқимиз фаровонлигини юксалтириш каби пировард мақсадларимизни амалга оширишда масъулиятли, фаол, ташаббускор бўлишимиз айни заруратдир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳам ўз иш режаларини яна бир бор таҳлил қилиб, давлатимиз раҳбари урғу берган масалаларга эътиборни кучайтиришни мақсад қилиб олди.
Қўмитамиз томонидан жорий йилда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш мўлжалланаяпти. Жумладан, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси билан биргаликда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, соғлиқни сақлаш, экология соҳасидаги Давлат дастурлари ижросини Сурхондарё, Тошкент вилоятларида назорат-таҳлил тартибида ўрганиб, вилоят фаоллари билан муҳокама қилиш белгиланди. Қолаверса, 2011 йилда экологик ва соғлиқни сақлаш масалаларида жамоат ташкилотлари фаоллигини ошириш масаласи ҳам қўмитамиз диққат-марказида турибди. Ушбу тадбирларни амалга оширишда, албатта, Юртбошимиз маърузасида билдирилган таклиф ва кўрсатмаларнинг аҳамияти беқиёсдир.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг 2011 йилга мўлжалланган дастурий вазифаларини амалга ошириш, аввало, ҳар биримиз ўз ишимизни қандай ташкил этишимиз, ­олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришиш учун куч ва имкониятларимизни, билим ҳамда тажрибамизни нечоғли самарали сафарбар эта олишимизга боғлиқдир. Зеро, шундагина Ватанимизнинг ривожланган давлатлар қаторида туришига, шунингдек, халқимиз учун янада фаровон турмуш шароитларини яратишга муваффақ бўламиз.

Мамазоир ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим,  
маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati