O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

02.06.2011

Қонунчиликни такомиллаштириш

 

фуқаролар йиғинларига сайловларнинг муваффақиятли ўтишининг муҳим омилидир
Халқимизнинг маҳалла бўлиб, жамоа бўлиб яшаши неча минг йиллик тарихга эга. Маҳалла — жамоавий меҳр-оқибат, ўзаро ғамхўрлик, ахлоқий қадриятлар, анъаналарнинг бебаҳо меросини ўзида мужассам этган ижтимоий макон ҳисобланган.
Бугун маҳалла фуқароларнинг ҳаётий муҳим бўлган кундалик муаммоларини ҳал этувчи, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган, юқори самарага эга бўлган, тизимли, таркибий жиҳатдан шаклланган, кенг халқ оммасининг давлатни, жамиятни бошқаришда эркин, холис, беғараз, ихтиёрий иштирок этишини таъминловчи фуқаролик жамияти институтига айланди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мавжудлиги, ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчилари, 10 дан зиёд йўналишдаги комиссиялар, маҳалла посбонлари тизими, шунингдек, кўчабоши, уйбоши, йўлакбошилардан иборат маҳалла фаолларининг жамоатчилик асосида фаолият юритаётганлиги маҳалланинг нақадар катта кучга айланганлигидан далолат беради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг самарали фаолият юритиши жамиятни ислоҳ қилиш жараёнига аҳоли кенг қатламларини ҳамда халқимизнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятини имкон қадар кўпроқ жалб этиш имкониятини беради.
Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган концептуал мақсадлардан бири мамлакатда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтириш, уларни ривожлантириш ва демократлаштиришга қаратилгандир. Ушбу дастуриламал ҳужжатда мазкур мақсадга эришиш йўллари, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида қандай қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги, бу қонунларнинг моҳияти, мақсади, ҳатто ички тузилиши қандай бўлиши ҳам аниқ ифодалаб берилган.
Хусусан, Концепцияда фуқаролик жамияти институтлари тизимида муҳим ўрин эгаллаган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш мақсадида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, бунда маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги белгилаб берилган. Бу эса, бир томондан, маҳалланинг ролини янада оширишга, унинг ҳозиргача тўлиқ фойдаланилмаган салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имконияти яратилишига, иккинчи томондан оилавий бизнеснинг ривожланишига, аҳоли фаровонлиги ва даромадларининг ортишига, иш билан бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Концепцияда, шунингдек, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш бўйича оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланишини, фуқаролар ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг аҳамияти ва роли оширилишини таъминлайдиган чора-тадбирларни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.
Дарҳақиқат, ўзини ўзи бошқариш органларининг иш фаолияти қай тарзда йўлга қўйилиши ва ривожланиши бевосита раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчиларига боғлиқдир. Қишлоқ ва маҳаллаларни бошқаришда янгича фикрлайдиган, фидойилик кўрсатиб, қийин дамларда масъулиятни ўз зиммасига ола биладиган, катта ҳаётий тажрибага, одамлар билан ишлаш ва мулоқот қилишнинг амалий кўникмаларига эга бўлган, маҳаллада обрў-эътибор қозонган, ташаббускор ва ватанпарварлик қонида жўш уриб турган фуқароларни раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчилари этиб сайлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли ушбу лавозимда бугун нафақат олий маълумотли, ҳаётий тажриба ва маҳалла аҳолиси ўртасида ҳурматга сазовор фуқаролар, балки тарихий қадриятларимизга таянган ҳолда илгарилаб бораётган замон ўзгаришларини тўғри таҳлил қилиб, маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларни мустақиллик ғояси, давлатимиз осойишталиги ва равнақи ҳамда халқимиз келажаги учун фидойилик руҳида йўналтира оладиган инсонлар бўлиши кераклигини даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Шу мақсадда ҳаётий тажриба ва амалиётдан келиб чиқиб, ушбу Қонунни такомиллаштиришда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш талаб этилади. Чунончи, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддатлари Олий Мажлис Сенати қарори билан белгиланиши қонунда мустаҳкамлаб қўйилиши мақсадга мувофиқ. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари вазифасига номзодлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан эмас, фуқаролар йиғинида ёки вакиллар сайлови йиғилишида фуқаролар томонидан кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолат нафақат энг муносиб кишиларнинг маслаҳатчилар этиб сайланишининг, балки фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши ҳамда уларнинг сиёсий фаоллиги ошишининг асосий омилларидан биридир. Амалиётдан келиб чиққан ҳолда, яъни ҳамма вақт ҳам йиғинни чақириш имконияти бўлмаслигини инобатга олиб, вакиллар йиғилиши қарорини фуқаролар йиғини қарорига тенглаштириш нормаси киритилиши лозим. Бу, табиийки, фуқаролар йиғини фаолиятининг янада такомиллашишига шароит яратади.
Албатта, шу кунларда қизғин ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови жараёни натижаларини чуқур таҳлил қилиш асосида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда айни муддао бўлади. Шу боисдан бу галги сайлов жараёнлари ўзига хос тажриба ва синов вазифасини ўтаётир. Бу борадаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши эса фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини демократия, ошкоралик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи асосида муваффақиятли ўтказилишига шарт-шароитлар яратади.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati