O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

Бандликни таъминлаш — устувор вазифа

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатлари ҳали-ҳануз бартараф этилмаган бир шароитда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, ижтимоий ҳимоянинг барқарорлигига эришиш социал-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” кучли ижтимоий сиёсат олиб боришни, айниқса, бандликни таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда.

Иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мақсадли дастурларнинг рўёбга чиқарилаётгани бандлик соҳасида барқарор кўрсаткичларга эришишга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида ҳудудий дастурларга мувофиқ, 815,4 мингта иш ўрни яратилгани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Эътиборли жиҳати, уларнинг 512,4 мингтаси қишлоқ жойларга тўғри келди. Бу қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини оширишда долзарб аҳамият касб этаётир. Қувонарлиси, иш жойларининг аксарият қисми — 63,7 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил қилинган. Шу билан бир қаторда, касаначиликнинг турли шаклларини кенгайтириш чора-тадбирларининг амалга оширилиши ҳисобидан 191,9 мингта иш ўрни яратилди.

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича эришилаётган бу ютуқлар замирида, албатта, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг изчил ижроси мужассамдир. Зеро, мазкур дастур юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб узоқни кўзлаб рўёбга чиқарилаётган изчил ижтимоий сиёсат билан уйғун ҳолда амалга оширилаётир.

Шу маънода, Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кутилаётган 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки мазкур Дастурнинг асосий йўналишлари ва прогноз параметрлари вақтинча ишламаётган фуқароларни, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган ёшларни, шунингдек, иш ўринлари ташкил этишнинг барча мавжуд имкониятлари ва захираларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган. У ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари, 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурининг асосий йўналишлари билан мувофиқлаштирилган.

Ушбу дастур қишлоқ жойлардаги аҳолининг бандлигини таъминлаш, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида бандликни янада рағбатлантириш, аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига кўмаклашиш, касаначилик, ҳунармандчиликни кенгайтириш, саноатни, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини, инфратузилмани, транспорт ва коммуникацияни ривожлантириш ҳисобига иш жойлари барпо этишни кўзда тутади.

Дастурга биноан, 2012 йилда 967,5 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, дастур параметрларини рўёбга чиқаришда 2011 — 2015 йилларда саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастурлари, инвестиция, маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа ҳудудий дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этишнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Зеро, ана шу саъй-ҳаракатлар орқали 57,9 мингта янги иш жойини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни изчил амалга ошириш, хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ва рўйхатдан ўтказиш, қурилиш ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бинолар ва ер участкалари ажратиш бўйича соддалаштирилган тартиботни жорий этиш, умуман, қулай бизнес муҳитини вужудга келтириш ҳисобига кичик корхоналар, микрофирмалар ташкил қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш орқали 483,1 мингта иш ўрни яратилиши назарда тутилмоқда.

2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастуридаги яна бир эътиборли жиҳат шундаки, касаначиликнинг барча шаклларини, шу жумладан, ҳунармандчиликни ҳамда қорамол етиштириш, уйда турли хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган оилавий тадбиркорликни ривожлантириш асосида 217,2 мингта иш жойи яратилиши кўзда тутилаётир. Бу, айниқса, кўп болали аёлларни, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини иш билан таъминлашда айни муддаодир.

Шунингдек, қишлоқда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини модернизациялаш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, полиз-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда кенгайтириш, иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига ҳам 122,7 мингдан зиёд иш жойлари барпо қилиниши мўлжалланмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ш. ХЎЖАНИЁЗОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 01.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati