O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Ижтимоий шериклик — устувор вазифа

Мамлакатимиз истиқлолнинг илк йилларидан кучли фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланиб, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратаётир. Энг муҳими, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари таъсирчан куч сифатида шаклланмоқда.

Айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида маҳалланинг давлат ижтимоий-сиёсий ҳаётида мавқеи юксалди.

Дарҳақиқат, маҳалла юртимизда демократик жамият барпо этишнинг муҳим асосларидан ҳисобланади. Зотан, ўзини ўзи бошқариш органлари ўз фаолияти орқали фуқароларнинг давлат бошқарувида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим вазифаларини ҳал этишда бевосита иштирок этиш каби конституциявий ҳуқуқларини таъминлаб келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 10 мингга яқин фуқаролар йиғини илгари маҳаллий давлат ҳокимият органларининг алоҳида ҳуқуқлари ҳисобланган 30 дан ортиқ ваколатни бажармоқда.

Бугун маҳаллалар “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан бир қаторда, давлат ва жамият ҳаётига дахлдор вазифаларни ижтимоий шериклик асосида изчил рўёбга чиқариб келмоқда. Чунончи, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, уларнинг санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режаларини тасдиқлаш, тўйлар ва бошқа маросимларни ўтказиш бўйича тавсиялар бериш, умумий фойдаланиладиган жойларни таъмирлаш, аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари муҳим вазифани бажармоқда.

Маҳаллалар ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фаол иш олиб боришмоқда. Чунончи, қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг, шунингдек, ўз қарорларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириб, туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликлари раҳбарларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, ўз ҳудудидаги ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини ихтиёрийлик асосида бирлаштириш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиб келмоқда. Шу билан бир қаторда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига мажбурий тўловларни йиғиш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш юзасидан тадбирлар ўтказишда, тегишли ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уй-жойлар ва ҳовлиларни намунали сақлаш юзасидан ихтиёрий ишларни ташкил этишда кўмаклашиб келаётир. Бу қоидаларнинг амалиётда самарали қўлланилиши, табиийки, нафақат ижтимоий шерикликни ривожлантириш, балки ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашда маҳалланинг нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ижтимоий шериклик асосида фаолият юритиб келаётир. Ижтимоий шериклик ўзаро ҳамкорликнинг бир кўриниши бўлиб, бунда субъектлар ўзаро тенг муносабатга киришади, яъни улар бир хил ҳуқуқий мақомга эга бўладилар.

Юртимизда ижтимоий шерикликни қарор топтиришда Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг аҳамияти ниҳоятда катта. Зотан, давлат билан фуқаролик жамиятининг институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бугунги тараққиёт талабидир.

Концепцияда, шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада кучайтириш бўйича таклифлар берилиб, маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Ҳақиқатан ҳам, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятни ривожлантириш, ўта муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишга қўшаётган салмоқли ҳиссасини ҳисобга олинган ҳолда, улар фаолиятининг қонуний асосларини янада такомиллаштириш, маҳалла вазифаларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш, улар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этади. Бунда, айниқса, амалдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда янги “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунни қабул қилишда алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Ушбу ҳужжатларга фуқаролар йиғинларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро муносабати, шартномавий келишув, ҳамкорликда алоҳида дастурлар, лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари тўғрисида ахборот алмашишни кўзда тутувчи меъёрлар киритиш мақсадга мувофиқдир. Ёш авлоднинг баркамол инсон сифатида вояга етказиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни чақириққача тайёрлашда маҳаллалар бошқарув органлари билан елкадош бўлиб фаолият юритиши талаб этилади. Шундай экан, юқорида номлари зикр этилган қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.    

Мухтасар қилиб айтганда, ўзини ўзи бошқариш органлари ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари муносабатларининг янада такомиллаштирилиши мамлакатимизда том маънодаги кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади. Зотан, ижтимоий шериклик асосида фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари бир-бирини тўлдиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш борасида самарали фаолият юритади.

А. АКРАМОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 01.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati