O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

01.04.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

 

Шу йил май — июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг ваколатлари муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайловни ўтказиш юзасидан тайёргарлик олиб борилмоқда.

2008 йил ноябрь — декабрь ойларида бўлиб ўтган олдинги сайлов якунлари бўйича 9881 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 85 минг нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланган эди. Бу йил 10 минг нафарга яқин фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва уларнинг 98 минг нафардан зиёд маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 31 мартда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Тадбирда мустақиллик йилларида мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ушбу институтни жамият сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётининг ажралмас қисми, қудратли бунёдкорлик салоҳиятига эга бўлган ҳамда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” принципини изчил амалга оширишга ёрдам берадиган ижтимоий ўзини ўзи бошқаришнинг ғоят муҳим бирламчи бўғини сифатида кучайтириш борасида тизимли ҳамда изчил чора-тадбирлар кўрилганлиги қайд этилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари самарадорлигини оширишда 1999 йилда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва 2004 йилда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мунтазам ўтказиб келинаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ҳақиқий демократия, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жойлардаги мавжуд камчиликларга нисбатан талабчанлик ва муросасизлик мактабига айланди.

2011 йилнинг май — июнь ойларида бўлажак фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинганлигининг йигирма йиллик байрамини нишонлаш арафасида сифат жиҳатидан янги, давлат ва жамият қурилишининг ҳамма томонларини демократлаштириш ва либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнлари чуқурлашиб бораётганлиги билан ажралиб турадиган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида кўрсатиб ўтилганидек, аҳолининг ижтимоий фаоллиги, унинг сиёсий ва фуқаролик онги анча ўсганлиги қайд этилмоқда, фуқаролар мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишни чуқурлаштириш йўлидан олға боришни кенг қўллаб-қувватламоқдалар. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги давлат дастурларини амалга ошириш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоат назоратини таъминлаш, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳамда бошқа вазифаларни ҳал этишдаги роли ва аҳамияти ошиб боришини таъминлаш муҳимдир.

Масалани муҳокама қилиш жараёнида таъкидланганидек, сайловни тайёрлаш ва ўтказиш бўйича энг муҳим талаблар ҳамда мақсадли вазифалар жойларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини (маҳаллаларни) шакллантириш жараёнида фуқароларнинг кенг иштирок этиш борасидаги конституциявий ҳуқуқлари тўла амалга оширилиши учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловнинг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва оғишмай риоя этилишидан иборат. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ҳамда уларнинг маслаҳатчилари юксак ишчанлик ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, аҳоли ишонч билдирган ва қўллаб-қувватлаган обрўли фуқаролар орасидан сайланишини таъминлаш муҳимдир. Бунинг учун аҳолига фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини атрофлича тушунтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ғоят муҳим омили сифатида ошкоралик ва очиқ-ойдинлик принциплари асосида ташкил этиш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш, шунингдек, сайлов жараёнига аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни фаол, жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун ҳамма зарур шарт-шароитларни яратиш керак.

Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича олдинги сайловларнинг тажрибасини ва қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, Кенгаш “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини тайёрлаш ва ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Кенгаш фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловини тайёрлаш ва 2011 йил май — июнь ойларида ўтказиш концепциясини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясини парламентнинг иккала палатаси, “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, давлат муассасаларининг вакилларидан иборат таркибда тасдиқлади, комиссиянинг фаолият дастурини маъқуллади.

Масалани муҳокама қилиш асносида қайд этилганидек, жойларда сайловни тайёрлаш ва ўтказиш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман, шаҳар комиссиялари тузилади.

Мамлакат минтақаларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг аъзолари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида сайлов тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини тушунтириш юзасидан давра суҳбатлари, ўқув семинарлар ўтказилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловнинг очиқ-ойдинлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини тайёрлаш ҳамда ўтказишнинг бориши ҳақидаги ахборот “Маҳалла” жамғармасининг интернет сайтида (www.mahallafond.uz), оммавий ахборот воситаларида мунтазам жойлаштириб борилади. “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ушбу мавзуга бағишлаб махсус рукнлар очилади.

Кенгаш мажлисида сенаторлар, Олий Мажлис депутатлари, “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Адлия вазирлиги, мамлакатимиз илмий, таълим муассасаларининг, бошқа давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар. Ушбу масала бўйича Сенатда мажлис қатнашчиларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati