O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 30 ноябрь

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси олдидан

 

Темир йўл транспорти Қонунчилиги такомиллашмоқда

Олий Мажлис юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кутилаётган масалалар орасида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда Сенатга кўриб чиқиш учун тақдим этилган “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам бор.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади, темир йўл транспорти тизимини янада модернизация қилиш, темир йўл инфратузилмаси ва темир йўлларда ташиш соҳасидаги муносабатлар давлат томонидан тартибга солинишининг замонавий усул ва механизмларини жорий этишдан иборатдир.
Ушбу Қонун билан “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига тегишли ўзгартиш киритилаётир. Маълумки, мазкур моддада қайси соҳаларда табиий монополия субъектларининг фаолияти давлат томонидан тартибга солинишига оид қоидалар ўрин олган. Жумладан, “темир йўллар инфратузилмасидан фойдаланиш” ҳам шулар қаторига киритилган. Янги Қонун билан эса ушбу норма қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда: “темир йўллар инфратузилмасидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда темир йўлларда ­ташиш”.
Хорижий давлатлар, хусусан, МДҲ мамлакатлари тажрибасини инобатга олган ҳолда, соҳада бозор механизмини кучайтириш, темир йўлларда ташишда рақобатни ривожлантириш, темир йўл транспорти инфратузилмаси ички тизим хизматлари тарифларининг чекланган миқдорларини белгилашда темир йўл инфратузилмасидан фойдаланишни давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш зарурлиги мана шу ўзгартишнинг киритилишига сабаб бўлди.
Шу ўринда “темир йўл транспорти инфратузилмаси”га ҳам изоҳ бериб ўтиш лозим. Бу — умумий фойдаланиладиган темир йўллар, темир йўл станциялари, электр таъминоти ускуналари, алоқа тармоқлари, сигналлаштириш, марказлаштириш ва бошқа тизимлар, ахборот ва ҳаракатланишни бошқариш мажмуалари ҳамда ушбу тизимлар фаолиятини таъминловчи бошқа объектларни ўз ичига олган технологик мажмуадир.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда, юқорида таъкидланганидек, хориж ва МДҲ мамлакатларининг бу борадаги тажрибаси атрофлича ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, стратегик аҳамиятга эга тармоқларни, шу жумладан, темир йўл соҳасини давлат томонидан тартибга солинадиган яхлит мажмуа сифатида сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир.
Гап шундаки, темир йўллар ва унинг инфратузилмасидан фойдаланиш яхлит мажмуа сифатида амалга оширилади. Шу боисдан алоҳида бирор бир объект (вагон, локомотив ва йўл хизмати ҳамда бошқалар)нинг улушини тўлиқ аниқлаш имконияти бўлмайди. Бунда темир йўлларда ташиш хизматлари тарифлари ялпи ички тизим ­инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
 Ана шулар инобатга олинса, темир йўлларда, шу ­жумладан, темир йўл инфратузилмасида йўловчи ва юк ташишлар соҳасидаги муносабатлар давлат томонидан тартибга солиниши билан боғлиқ “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти ниҳоятда каттадир.
А. ФАРМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

Xalq so'zi gazetasi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati