O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 yil 30 avgust
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

Шу йил 28-29 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент юқори палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. Ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Мазкур масалани кўриб чиқиш асносида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги арафасида қабул қилинаётган амнистия акти инсонпарварликнинг яна бир ёрқин далили бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари давлатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ҳамда социал-иқтисодий ислоҳотларнинг олий қадрияти, мазмун ва моҳиятини ташкил этади.

Амнистия актида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларни жазодан озод қилиш назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори билан аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшга тўлган эркаклар, чет давлатларнинг фуқаролари, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларни (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) жазодан озод этиш мўлжалланган, шу билан бир қаторда, Сенат Қарорида жазодан озод қилинадиган яна бир неча тоифадаги шахслар назарда тутилган, амнистия акти татбиқ этилмайдиган шахслар доираси ҳам белгилаб қўйилган.

Сенат ўз қарори билан амнистия тўғрисидаги Қарорнинг қўлланиш тартибини белгилаб берди, унда амнистия бўйича жазодан озод этиладиган шахсларга доир ишлар ва материалларнинг судлар томонидан кўриб чиқиш тартиб-таомили ўрнатилмоқда. Шу билан бирга, амнистия актининг қўлланишида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш учун сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари ҳамда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили минтақавий вакилларининг фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазодан озод этилаётган шахсларнинг ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясига қаратилган чоралар мажмуини амалга ошириш, уларнинг тўлиқ ҳисобга олинишини ва ишга жойлаштирилишини таъминлаш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юбориш кўзда тутилмоқда.

Шундан сўнг сенаторлар давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасини янада такомиллаштиришга, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга, шунингдек, ижтимоий муаммоларни самарали ҳал қилишга йўналтирилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқишга киришдилар. Бундай қонунлар жумласига «Баркамол авлод йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни киради.

Ушбу қонун ҳужжати болаларни ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг, шунингдек, ота-оналарнинг, васийлик ва ҳомийлик органларининг ёш авлод учун масъулиятини оширишга қаратилганлиги таъкидланди.

Қонуннинг алоҳида нормаларида маданият ва спорт муассасаларининг, туризм соҳаси ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида иштирок этиши тартибга солинмоқда, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва педагогик реабилитация қилиш тартиби белгиланмоқда.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга даъват этилганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Оила, Солиқ кодексларига ва бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси номидан давлат нотариал идораларида ишлайдиган нотариуслар томонидан амалга оширилиши тартиби белгиланишини назарда тутади. Бу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга ёрдам беради.

Қонун, шунингдек, нотариусларга қўйиладиган малака талабларини кучайтиришни, нотариуснинг малакасини мажбурий ошириш тизимини жорий этишни, нотариал идораларнинг ҳуқуқий мақоми ва улар олдига қўйиладиган талабларни белгилашни, фуқароларнинг нотариус олдига киришини таъминлаш чораларини назарда тутади.

Ялпи мажлисда «Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Бунда сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон билан хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида жиноят ишлари, шу жумладан, айбланувчиларни ушлаб бериш ва жиноий таъқиб қилиш, жиноятлардан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам бериш борасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга ёрдам беришини кўрсатиб ўтдилар. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

Сенаторлар «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган бошқа бир қатор ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, илгари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизими зиммасида бўлган вазифалар ҳамда пенсия таъминотига доир масалаларнинг бутун мажмуи учун, жумладан, пенсиялар, ижтимоий нафақалар, харажатларни қоплаш пуллари ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаш, ҳисобга олиш ҳамда тўланишини мониторинг қилиш учун жавобгар бўлган тегишли тузилмалар, шунингдек, врачлик-меҳнат экспертизаси хизматлари фаолиятини ташкил этиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги таркибидан олиниб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ихтиёрига ўтказилган.

Шу муносабат билан сенаторлар томонидан маъқулланган Қонун билан «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги «Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 2 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган «Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган Фармонига мувофиқ, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари уюшмаси ташкил этилган бўлиб, унинг ваколатларига тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари киритилган. Сўзга чиққан сенаторлар кўрсатиб ўтганларидек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш вазифасининг давлат органидан нодавлат ташкилотга ўтказилиши Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида катта иш олиб борилаётганлигининг ёрқин намуналаридан биридир. Шу муносабат билан сенаторлар томонидан маъқулланган Қонун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси сингари қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутмоқда.

Сенаторлар «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, ушбу Қонун инсофсиз ва яширин рекламани амалга ошириш ҳолларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш механизмларини такомиллаштириш, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий чораларини кучайтириш, реклама материалларини тарқатишда одоб-ахлоқнинг умумэътироф этилган нормаларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Чунончи, Қонунда ташқи рекламани жойлаштириш тартибини бузганлик ва реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган товарлар (ишлар, хизматлар) рекламасини тарқатганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик ёки аксилреклама беришдан бош тортганлик ҳамда бир қатор ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши баркамол авлодни тарбиялаш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ёрдам беришини таъкидладилар. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

Шундан сўнг сенаторлар «Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу Қонун пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши ва ишлатилишининг олдини олиш, пиротехника воситаларини намойиш этган ҳолда, маданий-томоша тадбирларини ва бошқа тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чораларини кучайтириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган қўшимчалар пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик, улардан фойдаланганлик, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиққанлик) ёки сотганлик учун ҳуқуқбузарлик буюмларини мусодара қилиш билан бирга жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиламоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Парламент юқори палатасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8 январда қабул қилинган «Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган «Давлат солиқ хизмати органлари тизими янада модернизация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Қонун солиқ маъмуриятчилигининг шакллари, усуллари ва механизмлари, мамлакат солиқ органларининг фаолияти янада такомиллаштирилишини таъминлайди.

Ушбу Қонун билан, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 38-моддасига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларини бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида аниқланган молиявий-иқтисодий ҳамда солиқ соҳаларидаги ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича суриштирув органлари рўйхатига киритиш билан боғлиқ қўшимча киритилмоқда. «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар гаров билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда кредиторларнинг манфаатларини муҳофаза қилишга, шунингдек, қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини бир-бирига мувофиқлаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантиришда бошқа кредиторларга қараганда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлишини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартишлар киритилди.

«Баҳолаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш чоғида Қонуннинг асосий мақсади баҳолаш фаолияти тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва айрим қонун ҳужжатларини «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мослаштиришдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Киритилаётган ўзгартишлар ягона ҳуқуқни қўлланиш амалиётини ўрнатиш мақсадида баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини уйғунлаштиришни, тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг яхлитлиги ва тизимлилигига эришишни назарда тутади. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

Мажлисда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда жамоатчилик фикрини ҳисобга олиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан киритилган «Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларини бирлаштириш ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай туманлари ва Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани ҳудудларини қисман ўзгартириш тўғрисида»ги ва «Фарғона вилояти Охунбобоев туманининг номини ўзгартириш тўғрисида»ги масалаларни кўриб чиқдилар.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий cуди ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Икки кунлик ялпи мажлис мобайнида ўн тўққизта масала, шу жумладан, ўн иккита қонун кўриб чиқилди. Уларнинг амалга оширилиши демократик, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда, халқ фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

O'zA
Xalq so'zi gazetasi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati