OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 30 апрель
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси олдидан » Архив иши — муҳим иш

Мамлакатимизда архив ишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айни пайтда соҳанинг  ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш масаласи ҳам диққат марказида. Ана шу мақсадлар йўлида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Архив иши тўғрисида”ги Қонун Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилади.

Архив ҳужжатлари хал­қимизнинг маданий меросида муҳим ўрин тутади. Ҳозирда республикамизда 120 та архив муассасаси, юзлаб идоравий архивлар мавжуд бўлиб, уларда 100 миллионтадан зиёдроқ архив ҳужжатлари сақланмоқда. Бу эса юртимизнинг архив иши борасидаги имконияти ва салоҳияти нақар улкан эканлигини кўрсатиб турибди. Зеро, бундай ҳужжатларнинг қиммати шундаки, уларда Марказий Осиё ҳамда мамлакатимизнинг  кўп асрлик ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётининг турли йўналишлари муҳрланган.     

Шу маънода, мамлакатимизда архив ишини йўлга қўйиш, архив муассасаларини ташкил этиш, архив ҳужжатларини рўйхатга олиш, уларни сақлаш, энг асосийси, ўтмишимиз ҳамда ҳозирги кунимизни акс эттирувчи нодир ҳужжатларни келгуси авлодларга бус-бутун ҳолда етказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1999 йилда қабул қилинган “Архивлар тўғрисида”ги Қонун архив иши қонунчилиги соҳасида муҳим қадам бўлди. Ўтган давр мобайнида ушбу ҳужжат соҳанинг миллий базасини шакллантириб, архив ҳужжатларини сақлаш, улардан фойдаланиш ҳамда архив муассасалари фаолиятини тартибга солишда ҳуқуқий асос бўлиб келаётир. Бош архив бошқармасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига айлантирилиши соҳа ривожини янги бос­қичга кўтарди. Агентликка архив иши ва иш юритуви соҳасида ягона давлат ­сиёсатини юритиш, соҳа қонунчилигида амалий назоратга риоя қилишга йўналтирилган ваколатлар берилди.

Юқорида айтилганидек, архив иши амалдаги “Архив­лар тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солиб келинмоқда. Шундай экан, янги қонунни ишлаб чиқишга нима сабаб бўлди? Айтиш жоизки, соҳадаги бир қатор масалаларни амалдаги Қонун асосида тартибга солишда айрим қийинчиликлар рўй бермоқда. Боз устига, архив ишини замонга мос тарзда ривожлантиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, Молия, Адлия, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Фанлар академияси ва бошқа муассасаларнинг экс­пертлари ва мутахассислари  фикрлари ҳисобга олиниб, янги Қонун ишлаб чиқилди. У олти боб, ўттиз олти моддадан иборат.  

Бу ҳужжат амалдаги қонундан фарқли равишда, архив муассасаси ва идоравий архив тушунчаларини бири-биридан ажратиб изоҳлаши билан аҳамиятлидир. Ушбу Қонуннинг яна кўплаб афзалликлари борки, буни унинг мазмун-моҳияти билан танишиш асносида илғаб олиш қийин эмас. Жумладан, унинг дастлабки бобида “алоҳида қимматли ҳужжат”, “архив”, “архив иши”, “архив фонди”, “идоравий архив”, “иш юритиш”, “Миллий архив фондининг давлат каталоги”, “ноёб ҳужжат”, “суғурта нусха” сингари  тушунчалар тўлиқ очиб берилмоқда. Амалдаги Қонунда эса буларнинг барчаси битта тушунча орқали таърифланган бўлиб, бу ҳол амалиётда айрим муаммоларни келтириб чиқараётир. Шу билан бирга, бу бобда архив ҳужжатларининг хусусий ва оммавий мулк шаклида бўлиши ҳамда қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг архив ҳужжатларини қаерга ва қандай тартибда топшириши ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Қонуннинг иккинчи бобида Вазирлар Маҳкамаси ва унинг ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари белгиланган бўлса, кейинги бобда Миллий архив фондининг  таркиби, унга ҳужжатларни киритиш ва чиқариш, Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш ва ушбу фонд­нинг давлатга тегишли қисми ва давлатга тегишли бўлмаган қисми каби бир қатор масалалар қамраб олинмоқда.

Аёнки, архив ишини муваффақиятли юритиш ва архив ҳужжатларини сифатли сақлашда архивларнинг моддий-техника базаси, шу жумладан, бино, жиҳоз ва муҳофаза воситалари катта аҳамиятга эга. Шу сабабли Қонуннинг навбатдаги бобида бу масалаларга ойдинлик киритилмоқда.

Кейинги бобда ҳужжатларни жамлаш, уларни экс­пертизадан ўтказиш, бут ҳолида сақлаш ҳамда архив ва идоравий архив хизмати, архив ҳужжатини мамлакатга олиб кириш ва олиб чиқиш ҳақидаги ўнта модда жамланган. Сўнгги бобда архивларни молиялаштириш, халқаро ҳамкорлик ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа қонунларни унга мувофиқлаштириш ҳақидаги моддалар киритилган.

Мухтасар айтганда, “Архив иши тўғрисида”ги Қонун маъқулланиб, ҳаётимизга татбиқ этилса, шубҳасиз, соҳада амалга ошираётган ишларимизнинг салмоғи янада ортади.

Ў. МУҲАМЕДОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари
қўмитаси аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati