OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 29 апрель
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси олдидан » Инсон саломатлиги муҳофазаси қабул қилинаётган қонунларнинг асосий йўналишларидан биридир

Маълумки, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай ислоҳотлар кўламини янада кенгайтириш ­мақсадида янги қонун-қоидалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисига муҳокама учун тақдим қилинаётган “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ана шу йўлдаги ­изланишлар самараси бўлди.

Микронутриент — озиқ-овқат таркибида бўладиган зарур витамин ва микроэлементлардир. Микронутриент танқислиги натижасида инсон турли хасталикка чалинади. Боз устига, уларнинг танқислиги жуда катта ижтимоий-иқтисодий зарарларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, оналар ва болалар орасида ўлим даражаси ошади, болалар ва ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, катта ёшдагиларнинг эса иш қобилияти пасайишига олиб келади. Ушбу хавфнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган бу ҳужжат озиқ-овқат маҳсулотларини зарур витамин ва минераллар билан бойитишни йўлга қўйиш, шу йўналишда ўтказиладиган тадбирларни ўзаро мувофиқлаштириш ва уларни назорат қилишга доир давлат тизимини яратиш масалаларини ҳам қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Бу Қонун жамиятимиз учун нечоғли фойда келтиришини унинг мазмун-моҳиятидан ҳам илғаб олиш мумкин. Унда, аввало, Қонун мақсади, “микронутриентлар”, “микронутриент етишмаслиги”, “бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти”, “микронутриентлар самплементацияси” ва бошқа асосий тушунчалар етарлича изоҳлаб берилган.

Кейинги бобда эса аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ­Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари белгиланган.

Қонуннинг кейинги боби “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига доир чора-тадбирлар” деб номланади. Унда аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси турлари, бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни бойитиш учун зарур бўлган витамин-минерални ишлаб чиқариш, сертификатлаштириш, шунингдек, уларни ўраш, тамғалаш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш ва мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш қоидалари белгилан­моқда.

Шунингдек, ушбу бобда аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси бўйича тайёрланадиган реклама тўғрисидаги қоидалар баён этилганлигини таъкидлаш зарур. Унга кўра, аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикасига қаратилган нотижорат реклама ижтимоий реклама ахбороти ҳисобланиб, уларни ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадилар.

Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси, Адлия ҳамда Соғ­лиқни сақлаш вазирликлари, “Ўздонмаҳсулот” компанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Натижада Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунчилик техникаси қоидаларига мос келиши тасдиқланди.

Қисқаси, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонунни маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритиш таклифини бердик. У тасдиқланиб, ҳаётимизга татбиқ этилса, соҳада амалга ошираётган ишларимиз салмоғи янада ошиши, шубҳасиз.

П. МАТКАРИМОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим,
маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati