OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 28 апрель
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси олдидан » Эл соғлиғи — юрт бойлиги

Маълумки, юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига тиббий ­хизмат кўрсатишни янада яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳа қонунчилиги ҳам тобора такомиллаштирилаётир. Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилаётган “фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ўзбекистон республикаси қонунининг 10 ва 11-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам ана шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар самараси бўлди.

Ушбу ҳужжат тиббиёт соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 
Чунки ҳозирга қадар тадбиркорлик соҳаси, шу жумладан, тиббиёт соҳаси тадбиркорлиги “тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Муҳими, ушбу ҳужжатлар ҳаётимизга муваффақиятли татбиқ этилиб, тиббиёт соҳасидаги тадбиркорлик сезиларли даражада ривожланаётир. Бу эса, албатта, қонун ижодкорларидан соҳа қонунчилигини янада такомиллаштиришни, замон талабларига мос келадиган янги қонунлар ишлаб чиқишни талаб этмоқда.
Шу ўринда президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари соҳани ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда катта аҳамият касб этаётганлигини айтиш зарур. Жумладан, мамлакатимиз раҳбарининг 2007 йил 19 сентябрдаги “соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони эълон қилингач, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Масалан, хусусий тиббиёт муассасаларига замонавий диагностика ва даволаш ускуналари етказиб берилди ҳамда уларга юқори малакали тиббиёт ходимлари жалб қилинди.
Бундан ташқари, юртбошимизнинг 2007 йил 2 октябрдаги “республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, хусусий тиббиёт муассасалари моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди. Айни пайтда уларнинг аксарияти даволаш стандартларига жавоб берадиган бино ва хоналарга кўчиб ўтди.
Шунга қарамай, жойларда ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Буни соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош прокуратура билан ҳамкорликда ўтказган мониторинги натижалари кўрсатиб турибди. Келтирилишича, хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланаётган айрим жисмоний шахслар даволаш стандартлари, санитария-гигиена қоидаларига ҳамда асбоб ва материалларни стерилизациялаш, фойдаланилган тиббий буюмларни зарарсизлантириш, утилизация ва йўқ қилиш талабларига риоя этмаган.
Яна бир мисол. Текширув жараёнида 138 нафар лицензия эгасининг бошқа кишиларни ноқонуний равишда ишга жалб этганлиги ва натижада ишга жалб қилинган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги тасдиқланди.
Тиббиёт соҳасидаги ўз ечимини кутаётган бундай масалалар “фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ўзбекистон республикаси қонунининг 10 ва 11-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни тайёрлашга асос бўлди. Қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари ушбу ҳужжатни таҳлил қилар экан, “фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишларни ўринли, деб баҳоладилар.
Шундай қилиб, ушбу қонун маъқуллаш учун олий мажлис сенатининг иккинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритиладиган бўлди. Мазкур ҳужжат маъқулланиб, ҳаётга татбиқ этилгач, тиббиёт соҳасида хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар фаолияти жонланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошишига ишонамиз.

Ҳ. ШОДИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фан,
таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатори.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati