OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 yil 28 yanvar
Ишонч масъулият юклайди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.

 “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари мухбирлари мажлис қатнашчилари билан учрашиб, парламентимиз палаталари фаолиятида дастурил­амал бўладиган ушбу тадбир хусусидаги фикрлари билан қизиқди.

Парламентдаги мухбирларимиз хабар қилади.

Виктор КОЛЬЦОВ, Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси  директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Барча қатори мен ҳам Юртбошимизнинг бугунги маърузаси таассуроти остидаман. Ислом Абдуғаниевич жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларидаги ўзгаришларни чуқур таҳлил қилиб бердилар. Жумладан, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланган мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари, улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти теран очиб берилди.

Шунингдек, икки палатали парламентнинг олдида турган энг устувор вазифалар белгилаб берилди. Булар, аввало, ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётини демо­кратлаштириш ва либераллаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, сиёсий партия­ларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини кучайтиришдан иборатдир.

Юртбошимиз маърузаси биз — сенатор ва депутатларни фаолиятимизнинг биринчи куниданоқ Конституция ҳамда қонунчиликда белгиланган ваколатларимизни бажаришга масъулият билан киришишга руҳлантирди.        

Абдумавлон МАҲМУДОВ, Сардоба туманидаги “Барака” фермер хўжалиги раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

—  Юртимизда амалга оширилаётган улкан иқтисодий ислоҳотларнинг самараси бугун ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда турибди. Мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг улуши тобора кўпайиб бораётир. Бу мен хизмат қилаётган аграр соҳада янада ёрқинроқ кўзга ташланади. Айниқса, пахтачилик ва ғаллачиликдаги муваффақиятларимизнинг аксариятида мустақиллик туфайли таркиб топган фермер хўжаликларининг муносиб ҳиссаси бор. Бугун Президентимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш учун, энг аввало, уларга эркинлик бериш керак, деган гапни алоҳида урғу бериб айтдилар. Зеро, ҳеч бир соҳа эркинликсиз тараққиётга эриша олмайди. Бугунги кунда биз сингари барча фермерларнинг эркин меҳнат қилишлари учун аграр соҳа қонунлари етарлидир. Аммо уларни, Президентимиз таъкидлаганларидек, замон шиддати ва давр талаблари асосида мунтазам ўзгартириб бориш талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз раҳбарининг қўшма мажлисдаги маърузаси биз — парламент аъзоларининг келажакдаги вазифаларимизни очиқ-ойдин кўрсатиб ­берди.

Фахриддин КОМИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

—  Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан 2010 йил “Баркамол авлод йили” деб эълон қилинди. Зеро, бу юртимизда мустақиллик йилларида амалга ошириб келинаётган ижтимоий сиёсатнинг изчил ва узвий давомидир. 2010 йилги Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи бевосита ижтимоий соҳаларга йўналтирилганлиги ҳам келажагимиз ворисларига бўлган ғамхўрликнинг ёрқин кўринишидир. Президентимизнинг бугунги маърузаси ҳам ушбу ислоҳотларни янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилди. Айниқса, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилишда ва уларнинг ҳаётда қўлланиш механизмини яратишда парламент аъзоларининг зиммасига қатор вазифалар юкланди. Бундан таш­қари, маърузада сиёсий партия­ларнинг юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтиришлари, бу борада ҳар бир партиянинг ўз дастури бўлиши лозимлиги каби масалалар ҳақида ҳам алоҳида айтиб ўтилди.­

Фахриддин СОЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Шуни алоҳида таъкидлашимиз керак, Президентимиз Ислом Каримов парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида депутатлар корпуси фаолиятига дахлдор масалаларга жиддий эътибор қаратди. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг истиқболда депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш механизмини такомиллаштириш лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалари мени чуқур мулоҳазага ундади.

Ҳақиқатан ҳам, депутат ўз округида сайловчилар билан узвий алоқада бўлиши керак. Жамиятимиздаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган қонунлар мазмун-моҳияти, уларнинг аҳамияти, шунингдек, икки палатали парламент  фаолияти хусусида ўз сайловчиларини мунтазам хабардор қилиб бориши бугунги куннинг муҳим талабидир.

Ўйлайманки, давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузаси парламентнинг барча аъзолари, бутун халқимиз томонидан чуқур ўрганилади. Албатта, чиқарилган хулосалар депутатларга  ишонч билдирган сайловчилар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ЎзА
("Халқ сўзи" газетаси, 2010 йил 28 январь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati