O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 27 ноябрь

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси олдидан

 

Конвенциянинг ратификация қилиниши спортда допингга қарши назорат олиб боришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди

Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, уни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бугунги кунда республикамизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий спорт иншоотлари ишга туширилиб, йигит-қизларнинг ўзлари танлаган спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча имконият ва шарт-шароитлар муҳайё этилган.
Буни юртимизга ташриф буюраётган жаҳон спорти усталарининг фикр-мулоҳазалари ҳам тасдиқлаб турибди. Айни пайтда, Ўзбекистонда бугун спорт мусобақаларини ҳалол, тақиқланган моддаларсиз ўтказишга алоҳида эътибор берилаётир. Шу боисдан бу борадаги қонунчилик изчил такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 19 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мана шу соҳага қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Шу ўринда Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция 2005 йил 3-21 октябрь кунлари Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бош конференция си (ЮНЕСКО) томонидан қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. ЮНЕСКОнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги стратегияси ҳамда фаолият дастури доирасида ишлаб чиқилган ушбу Конвенцияда спортда допинг қўллашнинг олдини олишга ва допингни йўқотиш мақсадида унга қарши курашишга кўмаклашиш назарда тутилган.
Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция кенг қамровли бўлиб, унга кўра, спорт инсон соғлиғини сақлашда, унинг ахлоқий, маданий ва жисмоний тарбиясида ҳамда дунё миқёсида ўзаро ҳамкорлик ва тинчликнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутмоғи керак. Шу боисдан Конвенцияни ратификация қилган иштирокчи-давлатлар ўз зиммаларига миллий ва халқаро даражаларда Бутунжаҳон допингга қарши кодексининг принципларига мос зарурий чораларни кўриши талаб этилади. Эслатиб ўтамиз, ушбу кодекс Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги томонидан 2003 йил 3-5 март кунлари Копенгаген шаҳрида ўтказилган Спортда допинг бўйича бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган. Айни пайтда иштирокчи-давлатлардан спортчиларни ҳимоя қилиш, спортда одоб ва ҳурмат тамойилларига риоя этиш ҳамда бу борадаги тадқиқот натижаларидан биргаликда фойдаланишга йўналтирилган халқаро ҳамкорликнинг барча шаклларини рағбатлантириш юзасидан ҳам фаолият кўрсатиш талаб қилинади. Конвенцияга кўра, иштирокчи-давлатлар икки йилда бир марта мазкур Конвенция қоидаларининг ижроси юзасидан ахборот тақдим этадилар. 
Таъкидлаб ўтиш керакки, Cпортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 19 октябрь) ратификация қилиш Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига зид келмайди ва амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этмайди. Зеро, мамлакатимизнинг амалдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни 9, 16-моддаларида допингни тақиқловчи қоидалар мавжуддир.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда 135 дан ортиқ давлат қўшилган мазкур Конвенциянинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши мамлакатимизда спортда допингга қарши назоратни олиб боришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаши билан аҳамиятлидир.
Содиқ САФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси.

Xalq so'zi gazetasi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati