O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 27 август
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси олдидан
Нотариат институти такомиллашади

Парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибидан “Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ўрин олган. Бу ҳуқуқий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг ташаббуси билан киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган.

Қонуннинг асосий мақсади нотариал ҳаракатларни ҳамда бу ҳаракатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқий тусдаги ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашни кўзда тутувчи одил ­судлов ­институти сифатида ­нотариат институти тушунчасини, шу­нингдек, нотариуслар ҳуқуқларини кенгайтиришдан иборат.

Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони билан 2010 йил 15 майдан бошлаб ­хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар тизими тугатилди. Шундай қилиб, жорий этилган тартибга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси ­номидан фақат давлат нотариал идораларида ишлайдиган нотариуслар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси­ консуллик муассасалари тегишли ­мансабдор шахсларининг бош­қа давлатлар ҳудудида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш борасидаги ваколатлари сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан “Давлат тили тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритилган. Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан “Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи­ нотариус” деб номланган 9-модда ҳамда “Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар” деб номланган 24-модда ҳам чиқариб ташланган. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар тизими тугатилиши муносабати билан лицен­зия­лаш тизими ҳам бекор қилинган. Шу сабабли “Адлия органлари ва муассасалари фао­лияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбе­кистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш борасидаги ҳамма вазифаларини нотариусларга ўтказиш назарда тутилган. Шу муносабат билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда ­Фуқаролик процессуал, Оила ва Солиқ кодексларига муайян ўзгартишлар ­киритилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши керак бўлган нотариуслар фао­лияти учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси нотариуснинг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, нотариусга нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилайдиган ­норма билан тўлдирилган. Бу тоифадаги ишларни кўриб чиқиш маъмурий ишлар бўйича судьялар ваколатига киритилган. Айни вақт­да “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган нормалар билан тўлдирилган.

Юқорида кўрсатилган ўзгартишлардан ташқари “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, қасддан содир этилган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир ­этганлиги учун нотариус, ­адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс нотариус бўлиши мумкин эмаслигини аниқлаб қўядиган ўзгартишлар киритилган.

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни “Нотариус ёрдамчиси” деб номланган 21 ва “Нотариус стажёри” деб номланган 22-моддалар билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддалар нотариус ёрдамчиси ва нотариус стажёри мақомини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаб берган. Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқий ҳужжат “Малака комиссиялари” деб номланган, адлия органлари ҳузурида малака комиссияларини ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссиясини тузиш тартибини белгилайдиган 31-модда билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, янги қонун билан нотариал идораларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда улар олдига қўйиладиган, фуқароларнинг нотариус олдига эркин киришини, нотариал ҳаракатлар махфийлигини, нотариал иш юритиш ҳужжатлари, материаллари ва нотариал архив­ларнинг бут сақланиши, тўловларни қабул қилиш учун шарт-шароитлар таъминланишига қаратилган талаблар ҳам белги­ланган.

Хуллас, мазкур ҳуқуқий ҳужжатга киритилаётган ушбу ва бошқа янгиликлар қонун кучга киргач, мамлакатимиз нотариат институтининг келажакдаги  ривожи ва мукаммаллиги учун хизмат қилиши, шубҳасиз.

Светлана ОРТИҚОВА,
Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati