O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 27 май
Қонун кучга кирди » – Инсонпарварлик тамойиллари устувор

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ­
ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилгандир. Ушбу мақсадларнинг рўёбга чиқарилиши, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, айтиш жоизки, инсонларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий,  сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда ­кафолатлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жиноят қонунчилигининг либераллаштирилиши натижасида Ўзбекистонда жиноий жазолашнинг энг инсонпарвар, ҳуқуқий тизимларидан бири яратилди. Бу модель мамлакатимиздаги ижтимоий-ҳуқуқий  вазиятга ижобий таъсир кўрсатиб, ўз самарасини бермоқда ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг ­иккинчи ялпи мажлисида ­маъқулланган ҳамда Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ­киритиш тўғрисида”ги Ўзбе­кистон Республикаси Қонуни ­айбдор амалда пушаймон бўлганда ва оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигида енгилроқ жазо ­тайинланишининг ҳуқуқий кафолатларини яратишга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Негаки, жиноят содир этган шахсга нисбатан унинг ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланиши Ўзбе­кистон Республикаси Жиноят кодексининг 42-моддасида белгиланган жазонинг мақсадларига эришишни назарда тутади. Дар­ҳақиқат, судлар жиноят ишларини кўришда, энг аввало, жиноят содир қилиш билан боғлиқ бўлган барча ҳолатларни, уни содир қилган шахснинг қилмишида жиноят қонунида кўзда тутилган белгиларнинг мавжудлигини тўла ва батафсил аниқлаши, жиноятни тўғри квалификация қилиши қонунийлик ҳамда адолатлилик принципига риоя этишнинг асосий шартидир. Чунки жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар маълум даражада қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини белгиловчи мезон  ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг  55-моддасида кўрсатилган ҳолатлар жиноят содир этган шахсга нисбатан жазони енгиллаштиришга хизмат қилса-да, аммо унинг содир этган қилмишини очиш учун кўрсатган ёрдамини етарли  даражада рағбатлантира олмайди. Шу билан бирга, Жиноят кодексида жиноий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганида, енгилроқ жазо тайинланишининг ҳуқуқий кафолатлари, жазонинг аниқ чегараси белгиланмаган. Бу эса одил судловнинг мақсад ва вазифаларига тўлиқ жавоб бермайди, айбдорни тергов ­билан ҳамкорлик қилишга ­ундамайди. Оқибатда мазкур ҳолат жиноятларнинг тез фош этилиши, бошқа иштирокчиларнинг қидируви ва ушланиши, кечиктириб бўлмайдиган бошқа тергов ҳаракатларининг тезкорлик билан олиб борилишида муайян тўсиқларни юзага келтираётган эди.

Бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, қатор хорижий мамлакатларнинг қонунчилигида пушаймонликни ўзининг фаол ҳаракати орқали намоён этган айбдор шахсларга тайинланадиган жазонинг юқори чегараси белгиланган.

Юқорида қайд этилганларни эътиборга олиб, Жиноят кодекси айбдор ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганида жазо тайинлаш ҳақидаги янги 571-модда билан тўлдирилди. Яъни жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлган ва айни пайтда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаган тақдирда, жазо муддати ёки миқдори ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда ­тутилган энг кўп жазонинг ­учдан икки қисмидан ошмаслиги ­кераклиги белгилаб қўйилди.

Мазкур қоида жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш  ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) билан боғлиқ ­жиноятларни содир этган ­шахсларга татбиқ этилмайди.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳаётга татбиқ этилиши жиноятларни очишни тезлаштириш, қилмиш туфайли етказилган зарарни ўз вақтида қоплаш, жиноят содир этган шахсларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга айбини бўйнига олиб арз қилишларига ижобий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, жиноят қонунчилигида инсонпарварлик тамойилининг янада мустаҳкамланишига замин яратади.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati