O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 25 август
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси олдидан
Халқаро алоқалар кенгаймоқда

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисига “Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам киритилмоқда.

Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Ўтган даврда бир қатор давлатларнинг суд, прокуратура, тергов ҳамда суриштирув органлари билан алоқаларнинг йўлга қўйилгани шундан далолат бериб турибди. Айни чоғда Ўзбекистон бир қанча Конвенция ва халқаро ҳужжатларга қўшилган бўлиб, юртимизда уларга оғишмай амал қилиб келинаётир.

Сенатга маъқуллаш учун тақдим этилган янги Қонун ҳужжати ҳуқуқ-тартибот идораларининг халқаро алоқаларини кенгайтириш ва бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Жиноят иши юзасидан халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик доирасида ягона тергов-суд амалиётини шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари доирасида жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадлари кўзланаётгани ҳам бу ҳужжатнинг аҳамиятидан сўзлаб турибди. Айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига “Жиноятга оид суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик” деб номланган махсус бўлим киритилаётгани ҳам бежизга эмас.

Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқий мажмуага ҳозирги давр нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлган бир қанча янгиликлар киритилмоқда. Масалан, унинг 64-бобида процессуал ҳаракатларни хорижий давлат ҳудудида бажариш тўғрисида сўров юбориш тартиби, процессуал ҳаракатларни хорижий давлат ҳудудида бажариш тўғрисидаги сўровнинг мазмуни ва шакли ҳамда Ўзбекистон Республикасига юборилган далилларнинг юридик кучи билан боғлиқ масалалар белгиланмоқда. Шу билан бирга, процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида хорижий давлатнинг тегишли ваколатли органидан келиб тушган сўровни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этиш тартиби, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги гувоҳни, жабрланувчини, экспертни, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ҳамда уларнинг вакилларини чақириш, жиноят иши материалларини хорижий давлатнинг ваколатли органига юбориш масалалари тартибга солинаётир. Айни чоғда унда хорижий давлат ваколатли органининг чет давлат ҳудудида жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган Ўзбекистон Республикасининг фуқаросини жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги сўровини ижро этиш тартибини белгиловчи нормалар киритилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш зарур.

Мазкур ҳужжатнинг 65-моддасида эса хорижий давлат ҳудудида турган шахсни жиноий ­жавобгарликка тортиш ёки ҳукм­ни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисида сўров юбориш тартиби ҳамда Ўзбекистон Республикасига ушлаб берилган шахснинг жиноий жавобгарлиги масаласи белгиланмоқда. Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби ва яна бошқа бир қатор муҳим масалаларнинг қамраб олинаётганлиги эътиборга молик.

Хуллас, ушбу Қонун ҳаётга татбиқ этилгач, суд, прокуратура, тергов ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириши, шубҳасиз. Бу эса, ўз навбатида, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Собир ҲАМРОЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati