OLIY MAJLIS SENATI

<< YANGILIKLAR |                                                                

2010 йил 24 апрель
Мушоҳада - ҲАМЖИҲАТЛИК ВА ҲАМФИКРЛИК САМАРАСИ

Мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “...биз танлаган давлат ва жамият қурилиши моделини татбиқ этиш жараёнида фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб боришни асосий ўринга қўядиган “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” дастурини амалга ошириш бўйича ишларни янада фаоллаштириш масаласини бугунги ҳаётнинг ўзи кун тартибига тобора қатъий қилиб қўймоқда”, дея алоҳида таъкидлади.

Бугун халқимиз ҳамжиҳатлигини, уларнинг ислоҳотлар ­жараёнидаги фаоллигини янада ошириш масаласида сўз юритилаётган экан, бунга, ­албатта, сабаблар бор. Шу боис биз ишимизни ана ­шундан келиб чиққан ҳолда режалаштираяпмиз.

Жумладан, жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказаяпмиз, ОАВ орқали чиқиш қилиб, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтираяпмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, аҳолининг ҳуқуқий маданияти, муҳими, ислоҳотлардаги иштироки кундан-кунга ошиб бормоқда.

Пахтаобод, Андижон, Булоқбоши, Қўрғонтепа туманларида ўтказилган учрашувларда бунга амин бўлдик. Сайловчилардан бири лицей, коллеж, институтни тамомлаган ёшларни ишга жойлаштириш масаласида сўзлаган бўлса, яна бири қишлоқларни газ, ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ошириш ҳақида мулоҳаза юритди. Бошқа бирови қонунлар ижросини таъминлашдаги айрим камчиликлар хусусида рўй-рост гапирди. Улардаги бундай фаоллик, ҳар бир масалага масъуллик, гапнинг очиғи, бизда илиқ таассурот қолдирди.

Шу ўринда бир мисолни келтириб ўтиш жоиз. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2008 йилдагига нисбатан 9,6 фоизга ўсди. Шу жумладан, саноат маҳсулотлари 118,9, халқ истеъмоли моллари 23,7, аҳолига кўрсатилган пуллик хизматлар 114,7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 557,6 минг квадрат метр ҳажм­даги уй-жой, 805 ўринли 2 та умумтаълим мактаби, 1 академик лицей барпо этилди. 83,2 километр масофага табиий газ, 197,3 километрлик масофада ичимлик суви тармоқлари тортилди. Қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳасида ҳам залворли натижаларга эришилди.

Табиийки, ушбу муваф­фақиятлар, энг аввало, меҳнаткаш халқимиз, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари фаолияти натижасидир. Бу борада сайловчиларнинг фаоллиги, билдираётган фикр-мулоҳазалари қўл келаётганлиги ҳам сир эмас. Зеро, улар орасида ўз касбининг билимдони бўлган иқтисодчи, ўқитувчи, фермер, қурувчилар ва яна турли касб эгалари бор. Шундай бўлгач, улардан тушадиган таклифларни ўрганиш натижасида кўплаб масалаларни ҳал этиш мумкинлигини тушуниш қийин эмас. Шу боис биз сайловчининг таклиф ва сўровига, фикр-мулоҳазасига ҳурмат билан қараб, кўпинча уларнинг кўмагида муаммоларга ечим топаяпмиз.

Узоққа бормайлик, сайловчилардан тушган мурожаатлардан сўнг ўнлаб қишлоқ ва гузарларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги туфайли табиий газ, электр ­тармоғида юзага келган узилиш ўз вақтида бартараф этилди. ­Ҳамжиҳатлигимиз самараси бўлган бундай мисоллар жуда кўп. Шу боис сайловчилар ­мурожаатларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Қисқаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари қўлга киритаётган ютуқларда сайловчилар билан йўлга қўйилган ҳамжиҳатлигимиз самараси яққол сезилиб турибди. Яқинда бўлиб ўтган вилоят Кенгашининг ­навбатдаги сес­сия­сида айтилган фикр-мулоҳазалар ва келтирилган рақамлар ҳам ана шундан далолатдир. ­Эътибор беринг, ўтган йили  78 минг­га яқин иш ўрни яратилди. Бу, албатта, ёмон кўрсаткич эмас. Шунга қарамай, жорий йилда бу борадаги ишларни ­янада жонлантириб, кичик ­бизнес субъектларини кўпайтириш, тадбиркорликка кенг йўл очиш масаласига эътибор ­қаратаяпмиз.

Шунингдек, сессияда  вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раҳбарлари олдига яна бир қатор вазифалар қўйилди. Ушбу масалалар ижросини таъминлаш, табиийки, маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасига янада катта масъулият юклайди. Биз сайловчилар билан ҳамфикр, ҳамжиҳат эканмиз, ушбу вазифаларни ҳам муваффақият билан уддалаймиз.

Фаридахон АРАББОЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Пахтаобод шаҳар,
Юқори маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси.

ЎзА
Халқ сўзи газетаси

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati