O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 йил 23 ноябрь

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси олдидан

 

Изчил ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти ривожи

Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг яқинда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузаси кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Чунки мазкур концепция­да давлат ҳокимияти тармоқларини, хусусан, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини ошириш, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, шунингдек, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида жамият ҳаётини янада ривожлантириш ва Ўзбекистон тараққиётининг стратегик йўналишларини белгилаб берди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида суд ҳокимиятини бос­қичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган ­институтга айлантириш бўйича кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Бу ўзгариш ва ислоҳот­ларнинг моҳиятига қонун усту­ворлиги ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш ғояси сингдирилди.
Суд орқали ҳимоя­­лаш кафолатлари жиддий тарз­да кучайтирилиши натижасида фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Бунда, ­табиийки, кассация инс­­­танцияси ислоҳ қилингани катта аҳамият касб этди. Чунки суд ­ишларини қайта кўришнинг апелляция ­тартиби амалиётга ­татбиқ этилгани самараси ўлароқ эндиликда апелляция ­инстанцияси ишни ­ян­гитдан кўриб чиқишга юбормасдан, уни ўзи тўла ҳажмда кўриб чиқиши ­мумкин.
Фуқаролар қонуний кучга кирган биринчи инстанция суд қароридан норози бўлса, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ­кассация инстанциясида адвокати иштирокида бевосита ҳимоя қилиши кафолатланди. Яъни фуқароларнинг биринчи инстанция судлари қарорларига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби тугатилди. Буларнинг бари, Юртбошимиз алоҳида урғу бериб таъкидлаганларидек, биринчи инс­танция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд ­фаолиятида турли тушунмовчиликнинг олдини олишга хизмат қилди. Буни маърузада келтирилган рақамлар ҳам тасдиқлайди: 2000 йилда суд хатоларининг ­деярли ярми назорат тартибида тузатилган бўлса, 2009 йил якунига ­келиб, ­бундай ҳолатларнинг 85 фоиздан ­ортиғи апелляция ва кассация ­тартибида ­бартараф этилган.
Судларнинг ихтисослашуви, ярашув, “Хабеас корпус” институтларининг жорий этилиши, жиноий жазо тизимидан ўлим жазосининг чиқарилиши — барчаси фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоялашнинг муҳим омилига айланди. Эътиборли жиҳати, мазкур ўзгариш ва янгиланишлар бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан рўёбга чиқарилди.
Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга доир билдирилган қонунчилик ташаббуслари ҳам шу нуқтаи назардан жамият ҳаётини янада модернизация қилишда катта аҳамият касб этади. Чунки ушбу таклифларда, аввало, мустақиллик йилларида тўпланган давлатчилик тажрибаси, халқимизнинг кўп йиллик тарихий сабоқлари ва анъаналари мужассамдир. Қолаверса, бугунги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, давлат-ҳуқуқий муносабатлар соҳадаги ислоҳотларни ­янада чуқурлаштиришни тақозо этаётир.
Концепцияда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 29 ва 31-бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади. Яъни, уларга кўра, судга қадар иш юритув ­босқичида қўлланадиган чоралар, яъни лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ­тарзидаги процессуал мажбурлов ­чоралари фақат судьянинг санкция­си ­асосида қўлланиши тартибини жорий этиш кўзда тутилаётир. Ушбу ваколатларнинг прокурордан суд органларига ўтказилиши суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириб, жиноят процессида ­“Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш имконини беради. Энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда умумэътироф этилган принциплар ва халқаро нормаларнинг амалга оширилишини таъминлайди. 
Амалдаги суд-ҳуқуқ ва жиноят қонунчилигига бугунги демократик ислоҳотлар нуқтаи назаридан ­тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, соҳанинг айрим жабҳаларини қамраб оладиган янги қонунларни қабул қилиш бўйича билдирилган таклифлар, айниқса, парламент вакилларига жуда катта масъулият юклайди. Демакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳудудларнинг вакиллик органи сифатида ушбу ҳужжатларда жойларнинг манфаатлари тўлароқ акс этишига эришмоғи керак. Бунинг учун сайловчилар билан учрашувларда, маҳаллий Кенгашлар сессияларида, доимий комиссиялар тадбирларида депутатлар гуруҳининг янада фаоллашуви, масалага чуқур ёндашиши талаб этилади. Зеро, ­Юртбошимиз “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди” асарида қайд этганидек, “Парламент — бу жамият ҳаётини ойнадек яққол акс эттирадиган кўзгу. Бинобарин, жамиятда қандай интилиш, фикр ва қарашлар мавжуд бўлса, улар парламентдаги муҳокама ва мунозараларда ўз ифодасини топиши керак. Ана шунда парламент халқнинг ­хоҳиш-иродаси, эзгу мақсадларини мужассам эта олади”.
Светлана ОРТИҚОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

O'zA

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati