O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

2010 yil 23 sentabr
Буюк Британия Парламентининг «Британия – Ўзбекистон»
умумпартиявий гуруҳи раиси лорд Жон Вейверли раҳбарлигидаги
делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи тўғрисида

АХБОРОТ

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ҲАМКОРЛИКНИ
МУСТАҲКАМЛАШ МАҚСАДИДА

Мамлакатимизга ташриф буюрган Буюк Британия Парламентининг «Британия – Ўзбекистон» умумпартиявий гуруҳи раиси лорд Жон Вейверли раҳбарлигидаги делегация аъзолари 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси И.Собиров билан учрашди.
Суҳбат мобайнида таъкидланганидек, обрў-эътиборли делегациянинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади, икки томонлама парламентлараро алоқаларни таҳлил қилиш, шунингдек уларни ривожлантиришнинг келажакдаги режаларини белгилаб олиш имконини беради.
Лорд Ж.Вейверли Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида кўпгина умумийлик борлигини ва ҳозирги дунёнинг кўп масалаларига бир хил ёндашуви билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Президенти И.Каримов билан ўтган якшанба куни Лондондаги қисқа тўхтаб ўтиш вақтидаги суҳбати чоғида Ж.Вейверли бунга яна бир маротаба иқрор бўлди. Етакчи партиялар ва парламентнинг асосий қўмиталарини ўзида мужассамлаштирган Британия Парламенти нуфузли аъзоларининг бугунги ташрифи орқали Президент И.Каримов билан бўлиб ўтган фикр алмашуви чоғида белгилаб берилган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари амалга оширилганлигини у ниҳоятда эътибор билан таъкидлаб ўтди. Бу йўналишлар Ўзбекистондаги учрашувларнинг мақсади ва хусусиятини белгилаб беради деб қайд этиб ўтди у.
Учрашув давомида Буюк Британия Парламенти аъзоларига мамлакатимизнинг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши, шунингдек бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг роли тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Ўтказилган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Буюк Британия Парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳи ҳамда Буюк Британия Парламентининг «Британия – Ўзбекистон» умумпартиявий гуруҳи ўртасида англашув меморандумини имзолаш маросими ўтказилди. Ушбу ҳужжат мамлакатларимиз ўртасида парламентаризм алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни жадал ривожлантиришни назарда тутади.
Шу куннинг ўзида Буюк Британия Парламенти делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова ва сиёсий фракциялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги муносабатларга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шундан сўнг Буюк Британия Парламентининг «Британия – Ўзбекистон» умумпартиявий гуруҳи делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) С.Рашидованинг фаолияти билан танишди. Учрашув вақтида Буюк Британия Парламенти аъзолари Ўзбекистон омбудсмани ишини ташкил этиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўлдилар.

 

O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati